Винисиус ва Валверде "Реал Мадрид" машғулотларини ўтказиб юборди

"Реал Мадрид" жамоасининг бразилиялик ҳужумчиси Винисиус Жуниор ва уругвайлик ярим ҳимоячи Федерико Валверде Испания чемпионати доирасидаги "Маллорcа"га қарши ўйин олдидан ўтказилган жамоавий машғулотларда иштирок этмади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
"AS" нашри хабарига кўра, Валвердега клуб раҳбарияти томонидан дам олиш ҳуқуқи берилган. Уругвайлик футболчи дисквалификация туфайли барибир бўлажак учрашувни ўтказиб юборади.
Шу сабабли мураббий Алваро Арбелоа ихтиёрида ҳозирда 20 нафар футболчи қолган.
Винисиус эса базага қайтган бўлса-да, умумий гуруҳдан алоҳида ҳолда ишлади. Бразилиялик юлдуз жисмоний чарчоқ туфайли физиотерапия ва тикланиш машқлари билан чекланди.
У клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг 57 та ўйиндан 55 тасида майдонга тушган.
Ҳужумчининг эртага машғулотларга қайтиши кутилмоқда. Бироқ унинг "Маллорcа"га қарши асосий таркибда тушиши ёки Чемпионлар лигаси доирасидаги "Бавария" билан ўйин олдидан захирада қолдирилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!