ПСЖ ва "Бавария" тўқнашуви: яримфиналнинг ҳақиқий финали

Европа футболида энг катта саҳналардан бири — УEФА Чемпионлар лигаси яримфиналида ҳақиқий гигантлар тўқнаш келмоқда. Амалдаги чемпион ПСЖ ва Германия гранди "Бавария" ўртасидаги баҳс кўпчилик томонидан “эрта финал” сифатида баҳоланмоқда.
Илк учрашув бугун, 28 апрель куни Париждаги Парк де Пренсда бўлиб ўтади. Жавоб ўйини эса бир ҳафтадан сўнг Мюнхендаги Аллианз Аренада ташкил этилади. Ушбу жуфтлик ғолиби финалда "Арсенал" ёки "Атлетико" Мадридга қарши майдонга тушади.
Парижликлар таркибига назар ташласак, жамоа ҳужумда жуда хавфли кўриниш олган. Усмон Дембеле, Хвича Кварацхелия ва Гонсалу Рамуш каби футболчилар рақиб ҳимояси учун жиддий бошоғриқ бўлиши аниқ. Ярим ҳимояда эса Витинья ва Фабиан Руис ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилади.
Ҳимоя чизиғида Маркиньос ва Ашраф Ҳакими каби тажрибали ўйинчилар бор. Дарвоза эса россиялик кипер Матвей Сафоновга ишониб топширилиши мумкин.

Шу билан бирга, жамоада айрим жароҳатланган футболчилар борлиги айтилмоқда. Бироқ бош мураббий Луис Энрике бу ҳолатга хотиржам қарамоқда: “Ҳамма тайёр, саволлар йўқ”, — дея ишонч билдирган.
“Бавария” эса анъанавий тарзда тартибли, тезкор ва босимли ўйини билан хавфли. Немис клуби катта ўйинларда тажрибаси билан ажралиб туради ва ҳар қандай рақиб учун жиддий синов ҳисобланади.
Қисқаси, бу жуфтлик нафақат яримфинал, балки бутун турнир тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган тўқнашув. Париждаги биринчи ўйин эса барча карталарни очиб бериши мумкин. Мухлислар эса ҳақиқий шоуни кутмоқда.