Антонио Рюдигер атрофидаги можаро: Реал Мадрид ҳимоячиси жамоасидан узр сўради

Реал Мадрид ҳимоячиси Антонио Рюдигер яна бир бор жамоа ичидаги кескин вазиятлар марказида қолди. ОАВда германиялик футболчининг жамоадоши билан жанжаллашгани ва ҳатто унга қўл кўтаргани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ, футболчига яқин манбалар бу маълумотни рад этиб, кийим алмаштириш хонасида оғзаки тортишув бўлганини, бироқ ҳеч қандай жисмоний куч ишлатилмаганини таъкидлашди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Тҳе Атҳлетиc нашри хабарига кўра, Рюдигер бошқа бир жамоадоши билан ҳам кескин баҳслашиб қолган. Ушбу воқеадан сўнг, 33 ёшли ҳимоячи ўз хатти-ҳаракати учун жамоа аъзоларидан узр сўради ва уларни оилалари билан биргаликда тушликка таклиф қилди. Бу ҳолат футболчининг жамоа ичидаги муносабатларни юмшатишга уриниши сифатида баҳоланмоқда.
Рюдигернинг майдондаги хулқ-атвори аввал ҳам бир неча бор танқидларга сабаб бўлган эди. Хусусан, Гетафе ҳимоячиси Диего Риcо уни ўта қўпол ўйинда айблаган бўлса, Чемпионлар лигаси доирасидаги баҳсларда ҳам унинг рақибларга нисбатан муомаласи муҳокамаларга сабаб бўлган. Ушбу воқеалар Германия терма жамоаси бош мураббийи Жулиан Нагелсманн ва ДФБ раҳбарияти эътиборидан четда қолмаяпти.
Ўтган мавсумдаги Барселона билан ўйиндан сўнг, Рюдигер ҳакамга нисбатан номуносиб муносабатда бўлгани учун қаттиқ огоҳлантирилган эди. Нагелсманн ва Руди Вöллер футболчининг халқаро майдондаги обрўси ва ўзини тутиши борасида жиддий талаблар қўйишган. Мутахассисларнинг фикрича, Рüдигер ўзининг юқори даражадаги маҳоратига мос равишда интизом масаласида ҳам намуна бўлиши шарт.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!