Cристиано Роналдо Жр Европага қайтишни истамоқда

Cристиано Роналдо Жр отаси билан бирга Ал-Насср сафида тўп суриш ўрнига Европа футболига қайтишни мақсад қилган. 15 ёшли иқтидорли футболчи ўз профессионал фаолиятини Яқин Шарқдан ташқарида, Европанинг нуфузли академияларидан бирида давом эттирмоқчи. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Хабарларга кўра, Реал Мадрид, Бавария ва ПСЖ клублари ёш футболчига қизиқиш билдирмоқда. Айниқса, отасининг изидан бориб, Мадридга қайтиш варианти энг реал сценарий сифатида қаралмоқда. Роналдо Жр март ойида Реал Мадриднинг У-16 жамоаси билан машғулотларда қатнашгани бу миш-мишларни янада кучайтирди.
Гарчи мухлислар ота ва ўғилни бир жамоада кўришни орзу қилишса-да, ёш футболчи ўз маҳоратини Европанинг юқори рақобат муҳитида чархлашни афзал кўрмоқда. Унинг асосий мақсади — отаси каби катта саҳнада ўзини кўрсатиш ва босқичма-босқич ривожланишдир.
Роналдо Жр ёшлар даражасида ажойиб статистика қайд этиб келмоқда. У Ювентус академиясида ҳам, Ал-Насср ёшлар жамоасида ҳам сермаҳсул ўйинлари билан эътиборни тортган. Шунингдек, у Португалия ёшлар терма жамоаси сафида ҳам муваффақиятли тўп суриб, ўз салоҳиятини исботлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!