Каннаваро Машариповнинг термадаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади

Миллий футбол марказида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Италиялик мутахассис ОАВ вакиллари саволларига жавоб берар экан, Жаҳон чемпионати олдидан терма жамоадаги ҳолат, жароҳатланган футболчилар ва Жалолиддин Машариповнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Каннаварога Жалолиддин Машариповнинг ҳозирги ҳолати ва унинг мундиал учун таркибда бўлиш эҳтимоли ҳақида савол берилди. Мураббий жавобида айрим жароҳатланган футболчиларнинг ҳам жамоа билан бирга бўлиши муҳим эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, терма жамоа ихтиёрида футболчиларнинг тикланиши учун барча зарур шароитлар бор. Жисмоний тайёргарлик ва тиббий штабда юқори савияли, катта мусобақаларни кўрган малакали мутахассислар ишламоқда.
«Баъзи жароҳатланган футболчиларнинг ҳам биз билан бўлиши мен учун жуда ҳам муҳим. Чунки ҳозирги кунда уларнинг қайта тикланиши учун бизда барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Бизда жуда ҳам малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқда», — деди Каннаваро.
Италиялик мутахассис Жалолиддин Машарипов ҳозирча тўлиқ тайёр эмаслигини очиқ айтди. Бироқ у футболчининг жамоа учун аҳамияти жуда катта эканини яширмади. Каннаваронинг фикрича, Машарипов фақат майдонда эмас, балки кийиниш хонасидаги ички муҳит учун ҳам муҳим ўйинчи ҳисобланади.
«Тўғри, Жалолиддин Машарипов ҳозир 100% тайёр эмас. Буни яширмайман, лекин у жуда ҳам муҳим футболчи. Уни жаҳон чемпионатига олиб бориш учун мен қўлимдан келган барча ишни қиламан», — дея таъкидлади мураббий.
Каннаваро Машариповнинг терма жамоадаги ўрнини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Жалолиддин шу вақтгача мураббийлар штабига ўзининг ижобий жиҳатларини кўрсата олган ва миллий жамоада бўлишга муносиб футболчи саналади.
«Чунки у жамоа учун кийиниш хонасида ҳам, яъни ички муҳит учун жуда ҳам муҳим футболчи. Шу вақтгача Жалолиддин менга ўзини ижобий томонларини кўрсата олди, у миллий жамоада бўлишга лойиқ футболчи», — деди Каннаваро.
Шу билан бирга, якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Мураббийлар штаби Машариповнинг ҳолатини йиғин якунига қадар кузатиб боради ва шундан кейин уни Жаҳон чемпионатига олиб бориш ёки бормаслик масаласида якуний хулоса чиқаради.
Бу ҳолат Машарипов учун ҳам, терма жамоа мухлислари учун ҳам муҳим. Жалолиддин йиллар давомида миллий жамоанинг етакчи футболчиларидан бири бўлиб келган. Унинг тажрибаси, майдонни кўра олиши ва жамоадошларига таъсири катта мусобақада асқотиши мумкин.
Каннаваронинг гапларидан эса бир нарса аниқ кўринди: Машарипов ҳозир 100 фоиз тайёр бўлмаса ҳам, у терма жамоа режаларида бор. Энди ҳаммаси унинг тикланиш суръати, жисмоний ҳолати ва йиғин охиридаги тайёргарлигига боғлиқ бўлади. Жаҳон чемпионати олдидан ҳар бир тажрибали футболчи олтинга тенг — айниқса, кийиниш хонасида ҳам жамоани бирлаштира оладиган футболчи бўлса.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!