Ҳусанов "Манчестер Сити" мухлислари орасида асосий фаворитга айланди

“Манчестер Сити” жорий мавсумда Англия лигаси кубоги ва Англия кубогини қўлга киритиб, мамлакат чемпионлиги учун ҳам курашни давом эттирмоқда. Шундай муваффақиятли мавсум фонида клуб йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун мухлислар ўртасида овоз бериш жараёнини ташкил қилди.
Биринчи босқич натижаларига кўра, энг кўп овоз олган уч футболчи якуний рўйхатга киритилди. Улар — Жереми Доку, Нико О'Райли ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов. Қувонарлиси, ўзбекистонлик футболчи “Манчестер Сити”дек юлдузли клубда мавсумнинг энг зўри бўлиш учун курашмоқда.
Клубнинг ижтимоий тармоқларида мухлислар билдирган фикрларга назар ташланса, уларнинг катта қисми айнан Ҳусановни ушбу совринга муносиб деб ҳисобламоқда. Фанатлар ўзбек ҳимоячисининг барқарорлиги, босим остидаги хотиржамлиги ва ҳимоя чизиғидаги ишончли ҳаракатларини алоҳида таъкидлашмоқда.
Азиз Муслимов фикрича, Ҳусанов ёш ҳимоячиларда кам учрайдиган сифатларни кўрсатмоқда. У фақат рақиб ҳужумларини тўхтатмайди, балки майдонни ўқийди, хавфни олдиндан сезади ва оғир вазиятларда ҳам совуққон қолади. “Сити” тизимида бундай фазилатлар ҳимоячини оддий иқтидордан катта фигурага айлантиради.
Айрим мухлислар Докунинг ҳужумдаги таъсирини, О'Райлининг кашфиётга айланганини эътироф этса-да, Ҳусановнинг ҳимоядаги роли ҳал қилувчи бўлганини таъкидламоқда. “Бу сафар ҳимоячи ғолиб бўлиши керак”, деган фикрлар ҳам кўп учрамоқда.
Фанатлардан бири Абдуқодир “Манчестер Сити”нинг илк мавсумидаёқ жамоа ҳимоясини ушлаб турганини, икки соврин ютишда катта ҳисса қўшганини айтди. Бошқа бир мухлис эса уни “яширин қаҳрамон” деб атади. Бу таъриф Ҳусановнинг майдондаги меҳнати ҳар доим ҳам шовқинли бўлмаса-да, жуда муҳим эканини кўрсатади.
Яна бир қизиқ жиҳат — мухлислар Ҳусановнинг “Челси”га қарши дастлабки ўйинидаги хатосидан кейин деярли адашмаганини алоҳида таъкидлашмоқда. Бу эса футболчининг психологик жиҳатдан қанчалик тез ўсганини, босимни енгиб ўта олганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов мавсум давомида икки бор — январь ва март ойларида “Манчестер Сити”нинг ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган эди. Энди эса у бутун мавсум якунлари бўйича клубнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун даъвогарлар қаторида турибди.
Қисқаси, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги илк катта мавсумида мухлислар ишончини қозонишга улгурди. Доку шоу кўрсатди, О'Райли кашфиёт бўлди, аммо Ҳусанов ҳимояда барқарорлик ва ишонч рамзига айланди. Энди сўнгги сўз мухлисларда: агар овозлар кайфиятга мос тушса, ўзбек ҳимоячиси Англияда катта эътирофга сазовор бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!