Лионель Месси атрофида ҳакамлик можароси: ЖЧдаги хет-трик ва қизил карточка масаласи

Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинида Аргентина терма жамоаси Жазоир устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Бироқ, учрашув қаҳрамонига айланган Лионель Месси атрофида юзага келган ҳакамлик можароси ўйин натижасидан кўра кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Интер Миами юлдузи тарихий хет-трик қайд этган бўлса-да, кўплаб экспертлар у ўйинни муддатидан олдин тарк этиши керак эди, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Баҳснинг энг баҳсли вазияти саккиз карра "Олтин тўп" соҳиби жазоирлик ҳимоячи Аисса Манди билан тўқнашганида юз берди. Месси рақибининг болдир қисмига бутсаси билан очиқчасига зарба берди. Ушбу қўпол ҳаракат Жазоир захира ўриндиғи ва ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларни келтириб чиқарди. Ажабланарлиси шундаки, бош ҳакам Симон Марсиниак ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмади, VAR тизими эса вазиятга аралашишни лозим топмади.
Экспертлар ва ҳакамликдаги турлича стандартлар
Ушбу ҳолат футбол оламида йирик юлдузларга нисбатан ҳакамлар томонидан алоҳида имтиёзлар берилиши ҳақидаги назарияларни яна бир бор кун тартибига чиқарди. ESPN ФК экспертлари Але Морено ва Недум Онуоҳа ҳакамларнинг қароридан ҳайратда эканликларини яширишмади. Морено бу вазиятни "100 фоизлик қизил карточка" деб баҳолаб, FIFA президенти Джанни Инфантино ҳам Мессининг ўйинда қолишидан манфаатдор бўлганига ишора қилди."Бу мутлақо қизил карточка эди. Бундай ҳолатлар буюк футболчиларга бошқача муносабатда бўлишлари ҳақидаги гап-сўзларни тасдиқлайди. Ҳатто дарвозабон Лука Зидане Мессининг зарбасини қайтарганида, Джанни Инфантинонинг юзидаги афсусланишни кўрдик. Бу шунчаки спорт эмас, балки маълум бир юлдузнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ўхшаб қолмоқда", — дея таъкидлади Морено.
Манчестер Сити собиқ ҳимоячиси Недум Онуоҳа ҳам бу фикрларга қўшилди. Унинг сўзларига кўра, шарҳловчилар ҳам вазиятнинг жиддийлигига эътибор қаратиш ўрнига, Мессининг фаоллигини мақташ билан банд бўлишган. Онуоҳанинг фикрича, Месси ўзи ҳам хатога йўл қўйганини тушуниб, майдонда бироз хавотирга тушган, аммо ҳакамларнинг эътиборсизлиги уни жазодан қутқариб қолган.
Ҳакам Симон Марсиниакнинг мониторга бориб вазиятни кўрмагани энг катта саволларни туғдирмоқда. Замонавий технологиялар айнан мана шундай қўпол хатоларни тузатиш учун жорий этилган бўлса-да, амалдаги жаҳон чемпионлари иштирокидаги ўйинда улар негадир "ишламай" қолди. Бу эса турнирнинг шаффофлигига нисбатан шубҳаларни кучайтирмоқда.
Шу тариқа, Аргентина ғалаба билан турнирни бошлаган бўлса-да, ғалаба соясида ҳакамлик этикаси билан боғлиқ жиддий муаммо қолди. Лионель Месси учун бу ўйин рекордлар оқшоми сифатида эсда қолади, бироқ футбол жамоатчилиги учун бу "юлдузлар имтиёзи" ҳақидаги навбатдаги аччиқ сабоқ бўлди.






























Изоҳлар 0
…