Хави Лионель Месси ҳақида: «У футбол оламининг Майкл Жорданидир»

Барселона клубининг собиқ бош мураббийи ва афсонавий ярим ҳимоячиси Хави ўзининг қадрдон жамоадоши Лионель Месси ҳақида навбатдаги ҳайратомуз фикрларини билдирди. Аргентиналик юлдузнинг ЖЧ-2026 доирасида Жазоир терма жамоасига қарши ўйинда қайд этган хет-трики бутун дунё футбол жамоатчилигини ларзага келтирди. Ушбу натижа орқали Месси жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарлар рекордини янгилади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Хави The Athletic нашрига берган интервюсида Мессининг узоқ йиллик барқарорлигини алоҳида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, Лионель футбол оламидаги ўрни бўйича баскетбол афсонаси Майкл Жордан билан бир қаторда туради. «Мен уни футболнинг Майкл Жордани деб аташни яхши кўраман. Футболда унга тенг келадиган ҳеч ким йўқ. У ўзининг 20 йиллик фаолияти давомида энг юқори савияни ушлаб тургани билан барча ўтмишдошларидан ўзиб кетди», — дейди Хави.
Ғолиблик менталитети ва жисмоний ҳолат
Интер Миами ҳужумчиси 38 ёшда бўлишига қарамай, майдонда кўрсатаётган инстинктлари ва ғалабага бўлган ташналиги мутахассисларни ҳайрон қолдиришда давом этмоқда. Хави Мессининг мағлубиятга тоқат қила олмаслигини унинг муваффақият сири деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Леонинг танаси гўёки футбол учун махсус яратилгандек ва унинг жисмоний имкониятлари ҳамон энг юқори даражада қолмоқда.«Жазоирга қарши ўйиндан сўнг Леога хабар юбордим. Унга бу қилган ишлари шунчаки ҳазил эканини, унинг ўйинини кўриб фақат кулиш мумкинлигини айтдим. Бу ҳақиқий ақлдан озиш! Лекин бу — Лео. У доим керакли паллада саҳнага чиқади. Мен учун у тенгсиз ва деярли инсон имкониятларидан ташқари даражадаги футболчи», — дея қўшимча қилди Барселона афсонаси.
Майдонни кўра олиш қобилияти
Хави Мессининг ўйин давомидаги интеллектуал салоҳиятига ҳам тўхталиб ўтди. У Леонинг майдонда гўёки «сканер» каби ишлашини тушунтириб берди. Месси кўп ҳолларда секин ҳаракатланади ёки шунчаки юради, бироқ айнан шу вақтда у рақиб ҳимоясидаги бўшлиқларни ва таянч ярим ҳимоячиларининг позициясини ўрганиб чиқади.«Унинг Жазоир дарвозасига урган биринчи голи соф Мессича услубда бўлди. Родриго Де Паул бошини кўтарганида, Лео аллақачон энг қулай нуқтада эди. У тўпни қабул қилишдан олдин уч марта атрофга қаради. Бу унинг сирларидан бири — у доимий равишда вазиятни баҳолайди ва ҳамма нарсани миясида чизиб олади. Унинг футболни тушуниши энг юқори чўққида», — дея хулоса қилди Хави.
Ҳозирда Лионель Месси Аргентина терма жамоаси билан навбатдаги жаҳон чемпионлигини ҳимоя қилиш йўлида ишончли ҳаракат қилмоқда. Унинг ҳар бир ўйини ва урган голлари футбол тарихидаги «энг буюк» (ГОАТ) мақоми ҳақидаги баҳсларга нуқта қўяётгандек гўё.































Изоҳлар 0
…