Ҳьюстонда ўзбекистонлик мухлислар катта футбол байрами уюштирди (видео)

Бугун жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасида бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтади. Куннинг энг катта ва ўзбекистонлик мухлислар учун энг кутилган баҳсларидан бири Ўзбекистон ҳамда Португалия миллий терма жамоалари ўртасида кечади.
Тарихий учрашув Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади. Ўзбекистон миллий жамоаси турнир фаворитларидан бири ва юлдузли таркибга эга Португалияга қарши муносиб натижа учун майдонга тушади.
Айни пайтда АҚШда бўлиб турган ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учрашув олдидан Ҳьюстон шаҳридаги «Фан-фест» тадбирида жам бўлди.
Тадбирдан тарқалган тасвирларда юзлаб мухлислар миллий терма жамоа либосларида, дўппи ва миллий бош кийимларда байрамона кайфиятда иштирок этаётганини кўриш мумкин. Майдонда Ўзбекистон байроқлари баланд кўтарилиб, мухлислар биргаликда қўшиқ ва шиорлар айтган.
Барабан ва карнай садолари остида давом этган тадбир ҳақиқий футбол байрамига айланди. Йиғилганлар қўлларини кўтариб, миллий жамоага далда берди ва ғалаба тилаб ҳайқириқлар янгратди.
Бошловчи «Ўзбекистонга, жонажонимга ярашади фақат ғалаба!» дея мухлисларни руҳлантирди. Унинг сўзлари майдондаги юзлаб ватандошлар томонидан баланд овозда давом эттирилди.
Мухлислар орасида Ўзбекистон байроғига ўралганлар, миллий дўппи ва оқ папоқларда келганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилди. Айрим иштирокчилар қўлларида байроқларни ҳилпиратиб, бошқалари телефонларига тарихий лаҳзаларни тасвирга олди.
Видеолавҳадаги кўтаринки кайфият ўзбекистонликлар жаҳоннинг қаерида бўлишидан қатъи назар, миллий жамоани бир тану бир жон бўлиб қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам мухлисларнинг чиқишини илиқ кутиб олди. Изоҳларда Ўзбекистонга ғалаба тилаганлар, бошқа давлатларда туриб ҳам миллий жамоани қўллаб-қувватлашини билдирганлар кўп бўлди.
Португалияга қарши баҳс миллий жамоамиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Рақиб жаҳон футболи юлдузларига бой бўлса-да, ўзбекистонлик мухлислар «Оқ бўрилар»дан жасоратли футбол ва ижобий натижа кутмоқда.
Ҳьюстондаги «Фан-фест»да янграган қўшиқлар, шиорлар ва миллий байроқлар эса Ўзбекистон терма жамоасига океан ортидан йўлланган улкан қўллаб-қувватлаш рамзига айланди.































Изоҳлар 0
…