Жаҳон чемпионати тарихида илк бор "осмондаги" стадионда ўйин ўтказилади

Саудия Арабистони 2034 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати учун дунёда ўхшаши бўлмаган стадион қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида арена футуристик "The Line" мегамажмуасининг том қисмида, ер сатҳидан 350 метр баландликда бунёд этилади.
Маълумотларга кўра, стадион 46 мингдан ортиқ мухлисни сиғдира олади. Учрашувлар вақтида томошабинлар ўйинни гўёки осмон бағрида, булутлар узра томоша қилади. Аренадан шаҳарнинг бетакрор панорамали манзараси ҳам кўриниб туради.
Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, ушбу стадион замонавий архитектура, илғор технологиялар ва экологик ечимларни ўзида мужассам этади. Спорт мажмуаси тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига ишлаши режалаштирилган бўлиб, у 2034 йилги Жаҳон чемпионатининг энг диққатга сазовор иншоотларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бу лойиҳа футбол мухлисларига мутлақо янги ва унутилмас томоша тажрибасини тақдим этиши айтилмоқда.






























Изоҳлар 0
…