08:03 / 28.06.2017
4 639

Жанубий Корея ҳаракатда, биз нега жиммиз?

Жанубий Корея ҳаракатда, биз нега жиммиз?
Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийси Ули Штилике ишдан бўшатилгани, аниқроғи, ҳайдалганини яхши биласиз. Бунга сабаб Қатардан учралган мағлубият. Ҳа, биргина шу мағлубият терма жамоа мутасаддиларининг сабр-косасини тўлдирди ва Штиликега жавоб берилди. Ваҳоланки, Жанубий Кореянинг имкониятлари тўлиқ сақланиб қолган, корейсларнинг жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти бизникидан яхшироқ. Шундай бўлса-да, Корея футбол федерацияси таваккал қилишни истамади ва ҳали имкон борлигини тушуниб, тезроқ ҳаракат қилишга ундади.

Бизда эса бош мураббийни бўшатиш учун кореяликларникига ўхшаган беш-олтита сабаб бор эди. Биргина Суриядан учралган мағлубиятни олайлик. Бу мағлубият яхшигина сабаб эди Бабаянни бўшатишга. Бироқ федерация раҳбарлари Бабаянга охиригача имкон беришга қарор қилишди. Хўш, нега Жанубий Корея мутасаддилари Штиликени олиб қолмади? Ахир Улининг ҳам шартномаси бордир. У ҳам мавсум охиригача, балки кейинги йил учун ҳам шартнома тузиб қўйгандир. Бундан ташқари, у тажрибали мураббий эди Бабаянга қараганда. Нега у бўшатилдию, унданда шармандали натижалар қайд этган Бабаян лавозимида қолди? Нима, корея футболининг қадри ўзбек футболидан устунми? Ёки бизнинг мутасаддиларимиз Жанубий Корея футболи мутасаддиларидек жонкуяр эмасми? Бундай кескин фикрлашимизга етарли асос бор. Жанубий Корея жаҳон чемпионатига чиқиш учун астойдил тер тўкяпти, терма жамоанинг бош мураббийи тугул техник ходимларигача алмаштириляпти. Бизчи, биз нима қиляпмиз? Охирги қурултойдан сўнг арзирли янгилик эшитмадик-ку! Бабаян бирор марта ўзининг кейинги режаларини эълон қилмади-ку! Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кучайганини англатувчи хабарлар чиқмади-ку! Бизда ҳамон жимлик, сукунат.

Тўғриси, борган сари жаҳон чемпионатига чиқиш умидимиз сўниб бормоқда. Энг ёмони, терма жамоа мураббийларидан қутулиш учун жаҳон чемпионатидан қуруқ қолишга, мағлубиятга ҳам тайёр бўлган мухлислар бор. Бу фожиа эмасми?

Билмадим, яна нима қилиш керак? Тахминимча, Хитойга қарши ўйингача ана шундай сукунат ҳукм суради. Хитойга қарши ўйинда эса яна ўша алмисоқдан қолган ўйинчиларни кўрамиз ва яна қониқарсиз натижа қайд этилади. Жанубий Корея Эронга ютқазиб қўйганда эса аттанг қилиб ўтираверамиз “Хитойга қарши ўйинда уч очко олсак бўлмасмиди” деб. Бироқ мураббийларимизнинг баҳонаси ўзгармайди: “Ҳали имкониятимиз бор”. Ишқилиб, бу сароб бўлиб чиқсин-да! Сўзимиз сўнгида айтар гапимиз шу: “Виждонингиз уйғотинг, ўзбек футболига жавобгар шахслар”.

Манба: penalti.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жанубий Корея ҳаракатда, биз нега жиммиз?