23:05 / 26.10.2017
4 949

Футбол мухлислари ўқимасин! Футбол ўйинидаги “ўйинларга” қачон барҳам берилади?

Футбол мухлислари ўқимасин! Футбол ўйинидаги “ўйинларга” қачон барҳам берилади?
Юқорида футбол мухлислари ўқимасин, дедигу бироқ айнан улар учун ёзилди! Майли, хулоса чиқариш Сиздан...

Футбол... Миллионлар ўйини!

Аслини олганда, футбол — бу спорт тури! Унда, бошқа спорт турлари каби, кишиларнинг жисмоний соғломлиги биринчи рақамли натижа сифатида жамиятга хизмат қилмоғи лозим. Бироқ у, юқорида таъкидланганидек, миллионлар ўйини, яъни миллионлаб мухлислар ҳам ўйнайдиган, ҳам мухлислик қиладиган ўйин. Ҳатто “футбол” сўзи унинг “отаси” бўлмиш “спорт” сўзидан ҳам устунроқ тургандай туюлади гоҳида...

Қисқаси, у оддий тўп, футбол майдони, дарвозалар, футболчилар ва мухлислардан иборат “қизиқарли шоу”! Акс ҳолда унга нисбатан “футбол ўйини” жумласи эмас, “футбол спорти” жумласи кўпроқ ишлатилган бўларди.

Аммо мана шу миллионлар ўйинида ҳам минг бир “ўйинлар” борлигини унутманг!

Мана шу “ўйин”лар нафақат бизнинг футболимиз, балки оммавий футбол илдизига ҳам болта уриб келмоқда. У “қизиқарли шоу” эмас, “сердаромад бизнесга” айланмоқда! Йўқ, клублар ўртасида шартнома эвазига айланадиган маблағларни назарда тутганим йўқ. Дунё футболида “сохта ўйинлар”, “пулли келишувлар”, мухлислар эътирофи ва эътиборидан фойдаланиб қилинадиган айрим ноқонуний хатти-ҳаракатлар бир олам. Ўзбекистон футболи ҳам бундан мустасно эмас...

Камина, спорт соҳасини ёритувчи журналист сифатида футболда учрайдиган ёмон иллатларга қарши курашиш ишларини бизда эртароқ бошланиши керак эди, деб ҳисоблайман. Аниқроғи, умуман “ўйин”ни бошланишига йўл қўйиб бермаслигимиз керак эди, деб ўйлайман.

Ҳа, майли, бугун бу ҳақда гапирмоқчи эмасман, бугун, ижозатингиз билан, ўзбек футболи ривожи учун яна нималарни амалга ошириш кераклиги ҳақида бир қанча таклифлар билдириб ўтмоқчиман.

1. Болалар футболи...
Биринчи навбатда, болалар футболига жуда катта эътибор қаратиш зарур. Ўзбекистонда болалар футболига жиддий эътибор йўқлигини куни кеча Дилшод Нуралиев бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоаси ҳам исботлаб берди. Ўсмирлар термаси, ҳаттоки, Осиё чемпионатига йўлланма олиш вазифасини уддалай олишмади.

Дастлаб, эътиборни мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб, ёш авлодни боғча пайтидан спортга бўлган меҳрини уйғотишимиз зарур. Керак бўлса, Ўзбекистонда футболга ихтисослаштирилган боғчаларни очиб, мактабларимиз имкониятни кенгайтиришимиз лозим.

Майли, фикрларимда бироз “ошириб юборган” бўлишим мумкин. Ҳарқалай, мактабгача таълим муассасаларида мўъжазгина футбол майдончаси бўлиб, унда вояга етаётган болаларнинг копток ўйнаши (турли енгил машғулотлар ўтказиши) тизимли равишда йўлга қўйилса яхши бўларди.

Афсуски, иқтидор эгаларини мактаб ёшигача пайқаш, бундан ташқари, чекка қишлоқлардаги иқтидорли ёшлар эътибордан четда қолиб кетяпти. Кейин...

Қани клубларнинг скаутлари? Ўзбекистон клубларида скаутлар ишлайдими ўзи?!

Агар дунёга машҳур клубларнинг скаутлари бўлмаганида ҳозирги “мегаюлдуз”лар юлдуз бўла олмасдилар балки... Бу ҳақда аввалги мақолада ҳам келтириб ўтгандим. Шахсан дунё бўйича ишлаётган скаутлар фаолиятига яна кўплаб мисоллар келтиришим мумкин, лекин Ўзбекистондагиларини эмас!

2. Телетрансляция...
Тан олиш керак, телетрансляция борасида қолган рақобатчилардан анча орқадамиз. Бу мавзу ҳақида ҳам жуда кўп ва хўп гапирилди. “Спорт” телеканали куни кеча “Бухоро”–“Пахтакор” учрашувини Европа талабларига мос равишда жонли узатиб берди. Умрим бино бўлиб телевизор орқали шунча футбол кўрган бўлсамда ҳали бунақасини учратмагандим.

Балки айни дамда телетрансляция борасида ривожланиш остонасида тургандирмиз. Бироқ энди ҳўжакўрсинга ишлашни йиғиштириб, тўхтаб қолмаслик керак. “Спорт ТВ” ходимларига ҳозирча бу масалада эътироз йўқ.

Эҳтимол, от ёки велосипед спорти кўрсатувларининг кимгадир қизиқ жойи бўлиши мумкин (ўз мухлислари бор). Лекин кўрсатув моҳияти ўн ёки юз киши эмас, балки миллион кишини ўзига жалб қила олса, от спортини кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ бўларди.

3. Чет элдан мураббий олиб келиши...
Чет эллик мураббий олиб келиш борасида кўплаб мисоллар келтирилди. Шахсларнинг исмлари ЎФФга таклиф сифатида юборилди.

ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг Лондондаги ташрифи давомида машҳур футболчилар билан учрашганидан сўнг халқ орасида МТЖга Марадона ёки Анчелотти мураббий бўлиши мумкин қабилидаги тахминлар пайдо бўлди.

Йўқ, бизга Марадона ёки Анчелотти керак эмас! Бизга номи улуғ, супраси қуруқ “юлдузлар” эмас, ишончни оқлайдиган, терма жамоани яхши бошқара оладиган етук мутахассислар керак!

Нима бўлганда ҳам бу масала тезроқ ҳал этилса энг яхши хабарлардан бири бўларди. Акс ҳолда масала ечимини ечишда яна хатога йўл қўйсак, ЖЧ–2022 мусобақасидан қуруқ қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас!

4. Ҳакамлик....
Айрим ҳакамларнинг хатолари мана ЎФФга янги раҳбарият келганидан кейин кўзга кўринишни бошлади. Ҳозирга қадар хатоларга йўл қўйган ҳакамлар бундан аввал хатога йўл қўйишмаган, деб ўйлайсизми? Йўқ, ҳеч ким хатолардан холи эмас, ҳаммада хато бўлади.

Бироқ буларнинг олдини олиш йўлларини эртароқ ўйлаб топсак бўларди-ку... ЎФФнинг янги таркиби айнан мана шу иллатларга қарши курашувчи янги қўмита тузди.

Ишлаётган қўмита натижаларига эса фақат ҳавас қилдик. Ўзбек футболидаги “иккинчи ҳакамлар” ўз жазоларини керагича олишди. Ҳакамлар масаласида яна кўпроқ ривожланамиз, деган умиддаман.

5. Европа вакиллари билан тажриба алмашиш...
Европаликлар билан тажриба алмашиш вақти аллақачон етиб келганди. Фикримга қўшилмасликка ҳақлисиз. Аммо қачонгача қўшни давлат жамоаларини ўзимизга рақиб сифатида танлаймиз, ёки қачонгача “кўк”-“сариқ”ларга бўлиниб ўйнашимиз мумкин. Ёпиқ эшиклар ортида кучсиз Қирғизистон терма жамоасини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, нима фойда кўрдик? Ҳеч нима!

Ҳозир Европадан муносиб рақиб қидиришнинг айни вақти, лекин биз улар олдига боришимиз, сафарда ўйнашни ўрганиб олишимиз керак.

Эслайсизми? Аввал Ўзбекистонда Криштиану Роналдуни “Жар” стадионида лол қолдирган ёш иқтидорли футболчиларимиз бор эди. Лекин ҳозир уларни топа олмаймиз?

Бундан ташқари, 2011 йил Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги иқтидорларимизнинг сони камайиб бормоқда. Балки улар кибр ботқоғига ботиб қолишган бўлса... Ҳаммаси яхшиликка бўлсин!

Бу ривожланиш омилларининг фақат бештаси эди холос. Ўзбек футболи ривожи ўзида ҳали кўп меҳнат талаб қилади. Қачонки, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб фақат битта мақсад йўлида борсак, кўзлаган ниятимизга эришишимиз мумкин.

Азизлар, мавзу давом эттирилади...

Сизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларингиз қандай? Кимда оригинал таклифлар бор? Ахир мухлислик қилиш — фақат олқишлаш ёки танқид қилишдан иборат эмас-ку!

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футбол мухлислари ўқимасин! Футбол ўйинидаги “ўйинларга” қачон барҳам берилади?