Терма жамоага чақирилмаган Игорь Сергеев “Пахтакор”да антиқа рекорд ўрнатди

  • Спорт
  • 29-11-2017, 20:18
  • 923
  • Терма жамоага чақирилмаган Игорь Сергеев “Пахтакор”да антиқа рекорд ўрнатди
    Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ҳужумчиси Игорь Сергеев 2017 йилги Олий Лига мавсумида жамоаси рақиблари дарвозасини 13 марта ишғол этиб “шерлар”нинг энг яхши тўпурарига айланди. Бу ҳақда “Пахтакор” ФК Матбуот хизмати хабар бермоқда.

    Маълумки, Самвел Бабаян даврида терма жамоанинг алмаштирилмас ягона ўйинчисига айланган Сергеев “Пахтакор” таркибида чемпионат учрашувларида 122 беллашувда 64 та гол уришга эришди.

    Ортда қолган мавсумдаги 13 голдан 3 тасини эса пенальти тепиш орқали амалга оширган.

    Сергеев яна икки тўп киритилишида жамоадошларига сўнгги пасни берган ҳолда иштирок этган. Бир учрашувда ўртача 2,4 мартадан рақиблар дарвозасига зарба берган.

    Тўп оширишларининг аниқлиги 78 фоиздан иборат бўлди. Бир ўйинда ўртача ҳужумда 16 яккакурашдан 7 тасини муваффақиятли якунлаган.

    Эътиборли томони шундаки, Сергеев 4-марта чемпионат доирасида “Пахтакор” тўпурарига айланди.

    Игорь 2014 йилдан буён “Пахтакор” клуби тўпурарига айланмоқда. Кетма-кет тўпурарга айланиш борасида Сергеев афсонавий Биродар Абдураимов (1971-1973), Андрей Якубик (1980-1982) ва Игорь Шквирин (1998-2000) каби футболчиларнинг кўрсаткичларини ортда қолдириб ўтди.

    Мутлоқ рекорд Геннадий Красницкийга тегишли бўлиб, у 1963-67 йилларда кетма-кет 5 бор “Пахтакор” тўпурарига айланган. Умумий ҳисобда ҳам рекорд Красницкийга тегишли.

    Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси жами 10 марта “Пахтакор” тўпурари деган номга эга чиққан. Биродар Абдураимов эса 5 марта турли йилларда жамоа тўпурарлигини қўлга киритган.

    Эслатиб ўтамиз, Игорь Сергеев Ўзбекистон терма жамоасига Рўзиқул Бердиев тайинлангандан сўнг МТЖ йиғинидан таклиф олмади.

    Шу билан бирга унинг жамоадоши Александр Лобанов ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг БААга қарши ўртоқлик ўйини (0:1) га жалб этилмаганди.

    Маълумот учун, “Пахтакор” футбол клуби Олий Лига-2017 мавсумини 59 очко билан учинчи ўринда якунлади ва бронза медалларга эга чиқди.

    Шунингдек, “Пахтакор” ўзида ОЧЛ мусобақасининг плей-офф босқичига чиқиш имкониятларини сақлаб қолган.

    Тошкентликларнинг нуфузли мусобақа плей-офф босқичида ўйнаш ёки ўйнамасликлари жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Кубоги финал учрашувидан сўнг аниқ бўлади.

    Агар финалда “Локомотив” “Бунёдкор”ни мағлуб этиб, ғалаба қозонса плей-оффга “шерлар” йўл олишади агар бунинг акси кузатилса, “Пахтакор” ОЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолади.