3 478
Руслан Мустаев: "Жаҳоннинг ҳеч бир давлатида биздаги каби давлат раҳбарининг спортга бу қадар эътибори кўрмаганман"
Ўзбек спорти мутахассислари, юртимиздаги спорт федерациялари мутасаддилари мамлакатимиз спортида рўй бераётган ислоҳотларга ўз муносабатларини билдиришда давом этадилар. Бугунги меҳмонимиз, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаевдир.
-Руслан Булатович, Миллий олимпия қўмитасига хуш келибсиз. Фурсатдан фойдаланиб, сизни табриклаб ўтмоқчиман. Яқинда Ўзбекистон гимнастика федерацияси Халқаро гимнастика федерацияси томонидан жаҳондаги федерациялар орасида етакчи ўринларда қайд этилди. Бу жуда ёқимли. Шу муносабат билан МОҚ номидан сизни табриклаб қоламиз. Умуман, сўнгги пайтларда ўзбек спортида турли ўзгаришлар, ислоҳотлар юз бермоқда. Сиз бу ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?
-Энг аввало қўллаб-қувватлаётганликлари учун давлатимизга, қолаверса Миллий олимпия қўмитасига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бундай ҳолат ҳамма мамлакатларда ҳам кузатилмайди. Очиғи фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, аммо ҳеч қаерда биздаги каби бевосита давлат раҳбарининг спортга юксак эътибори, ғамҳўрлигини кўрмаганман. Буни бизнинг мамлакатимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишади. Ташкилотчилик ҳам юқори савияда бўлади. Бу нафақат гимнастикада, бошқа соҳаларда ҳам кузатилмоқда. Хориждан ташриф буюрган меҳмонлар бизда иш тўғри йўлга қўйлганлигини таъкидлаб ўтадилар.
Ундан ташқари, МОҚнинг янги раҳбари Умид Маҳамаджонович ҳам муаммоларни ичига кириб ўрганадиган инсон экан. Спортни катта бир самолётга қиёсласак, унинг энг майда қисмлари носоз бўлса ҳам самолёт ҳавога парвоз қилолмаслиги мумкин. Мен бу мисолни нега келтириб ўтаяпман? Ҳозирда муаммолар энг қуйи бўғинлардан ўрганилмоқда ва уларни бартараф этиш учун барча восита ишга солинмоқда. Бу эса ўша мен айтиб ўтган самолетнинг барча деталлари соз бўлиши ва у бемалол юксакларга парвоз қилиши мумкинлигини англатади. МОҚ Президенти ишга шундай тарзда ёндошар экан.
Олимпия ҳаракатида барча спорт турларига бирдек эътибор қаратилиши,бу борада ривожланиш учун кучли истак бўлиши лозим. Умид Аҳмаджонов йиғилишларда муаммоларни энг қуйи бўғиндан бошлаб ўрганиш лозимлигини таъкидлаб келади. Тўққиз қаватли уйни ҳам бир қаватли бино учун мўлжалланган пойдевор устига қуриб бўлмайди. У қулаб тушади. Шундай экан энг аввало тизимда мустаҳкам пойдевор яратилаётганлиги бизнинг энг катта ютуғумиз бўлаяпти.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги фармони, спорт тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар ҳақида нималар дея оласиз?
- Бир жойда тўхтаб қолмаяпмиз. Бир неча йил давомида йўл қўйилган муаммоларга энди бошқача йўналишда ёндошилмоқда. Янги фармонда ривожланишнинг босқичлари аниқ қилиб кўрсатиб берилган. Ушбу ҳужжат асосида янгича рухда ишни ташкил этамиз. Олимпия захиралари коллежлари борасида гапирадиган бўлсак, бу борада ҳам ислоҳотлар бўлиши лозим эди. Иморатани қуриб битказгандан сўнг, уни ора-орада таъмирлаб ҳам туришимиз лозим. Спорт тизимида ҳам "таъмирлаш ишлари" олиб бориш, олиб борганда ҳам "капитал таъмирлаш ишлари" ташкил қилиниши керак эди. Бу жуда тўғри қарор. ОЗКда ўқиётган спортчи давлатнинг ҳисобига таълим олаётганини ҳис қилиб туриши лозим. Буни оқлаш осон эмас. Давлат унинг ўқиши, овқатланиши, яшаши, жисмоний томонлама ривожланиши учун маблағ ажратар экан, у маънавий томонлама бундай масъулиятни ҳис қилиб туриши лозим.
У ўзининг яхши натижалари билан бундай ғамхўрлик ва эътиборга жавоб қайтара олиши лозим. Кўпгина вилоятлардаги ОЗКда гимнастика бўйича бўлимлар очилган. Аммо, афсуски у ердаги тизим нотўғри йўлга қўйилганди. Баъзи ҳолатларда ўқиш учун нолойиқ спортчилар, гимнастикага умуман алоқаси бўлмаган ёшлар ҳам борлиги кўзга ташланарди. Аҳир бу ўз номи билан Олимпия захиралари коллежи. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Олимпия терма жамоаси учун муносиб номзодлар етказиб бериши керак бўлган даргоҳдир. У ерда ўқишга нолойиқ бўлган ўқувчиларни ушлаб ўтириш нотўғри. Яхшиси бу жойни муносиб спортчиларга бўшатиб беришимиз керак. Масалан, ўша худудда ривожланган спорт турларига. Бу спорт курашлари, оғир атлетика, бокс, дзюдо ёки бошқа спорт турлари бўлиши мумкин. Гимнастика ривожланган, база ва мураббийлар тайёр худудларга эса биз қўшимча квоталар сўрадик. Бў тўғри йўналишдир. Қилинаётган ишлар албатта ўз самарасини беради. Бунга ишончим комил.
Албатта, юқори натижалар тезда қўлга киритилмайди. Аммо, эртами-кечми бу натижа беради. Бизнес билан таққослайдиган бўлсак, буни узоқ муддатга инвестиция киритишга қиёсласа бўлади. Гимнастика билан шуғулланиш беш-олти ёшдан бошланади. 12 ёшли қизни спортнинг ушбу турига жалб этиб, ундан натижа кутишнинг имкони йўқ. Спортнинг ушбу турида ёшлигида қўйилган илк қадамлар, орттирилган малака ва тажриба узоқ йиллардан сўнг ўз самарасини беради. Бўлғуси чемпионлар 18 ёшга тўлгунича камида 13 йил давомида уни тарбиялаб борамиз. Олимпия қўмитасининг ишга ёндошуви ҳам шу тарзда кечмоқда.
- Осиё миқёсидаги мусобақаларда бизнинг гимнастикачилар муваффақиятли иштирок этиб келадилар. Қолаверса, Бокудаги Ислом бирдамлик ўйинларида ҳам улар ажойиб натижаларни қўлга киритдилар. Бунга Анастасия Сердюкова, Сабина Ташкенбаева, Нуриниссо Усмоноваларнинг муваффақиятларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бир савол бизни қизиқтирмоқда. Бадиий гимнастикачиларимиз қачон Олимпия ўйинларида медаллар қўлга киритишлари мумкин? Бу қанчалик хақиқатга яқин?
- Бунга аниқ жавоб бериш жуда қийин. Бизнинг ҳам асосий мақсадимиз Олимпия ўйинларида медаллар қўлга киритишдир. Таққослаш йўли билан сизга мисол келтирмоқчиман. 2008 йилда Пекиндаги Олимпия ўйинлари олдидан спортчимиз Ульяна Трофимова саралаш босқичида муваффақиятсизликка учраганди. Дунё бўйича фақатгина энг сара 24 нафар бадиий гимнастикачигина Олимпия ўйинларига йўл олиши мумкин. Ўшанда у 26-натижани қайд этган ва якунда йўлланмадан қуруқ қолганди. 2011 йилги жаҳон чемпионатида (Олимпия ўйинлари учун лицензион мусоабақа) 12-ўринни эгаллаб, Лондон 2012 Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлган. Ана шу тариқа 2012 йилда Буюк Британия пойтахтида Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик илк бадиий гимнастикачи ушбу нуфузли спорт беллашувларида қатнашган.
2016 йилда эса яккаликдан ташқари, жамоавий баҳсларда ҳам қизларимиз йўлланмани қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. У ерда фақатгина 12та ўрин ажратилган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, улар дунёнинг энг кучли 12та терма жамоаси қаторидан ўрин ола билганлар. Статистика ҳам биз ривожланаётганимизни кўрсатиб турибди. Олимпия ўйинларида қачон медаль қўлга киритишимиз мумкинлиги ҳақидаги саволингизга эса жавоб бера олмайман. Чунки, спортнинг ушбу турида бир нарсани олдиндан айтиш, башорат қилиш қийин. Бу ерда майда деталлар ҳам муҳим роль ўйнайди. Мусиқадан тортиб машқларгача, дастурлар мураккаблигидан тортиб, унинг ижросигача, ҳаттоки либослар ҳам эътиборга олинади.
- Биз ўзимизнинг ички захирамиз билан, қаратилаётган катта эътибор орқали Олимпия ўйинлари медалларига умид қилишимиз мумкинми? Ёки барибир хорижий малакали мураббийларни жалб этишимиз керак бўладими?
- Ҳукумат томонидан гимнастикани ривожлантириш учун катта ишлар қилинмоқда. Спортнинг исталган йўналишида халқаро муносабатларсиз, тажриба алмашинувларисиз муваффақиятларга эришишнинг имкони йўқ. Бунинг учун албатта халқаро экспертлар, тажрибали мутахассислар билан ишлаш лозим. Бугунги кунда федерациямизда бу борада ишлар йўлга қўйилган. Россия гимнастика федерацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келамиз. Ташкилот президенти Ирина Винер ҳам Ўзбекистон ўз уйи эканлигини таъкидлаб келади. У бизнинг гимнастикачиларимизни номма-ном жуда яхши билади. Ирина Александровнанинг бевосита ёрдами билан Россияда фаолият кўрсатаётган дунёдаги энг кучли гимнастика маркази мутахассислари, хореографлар, мураббийлар мамлакатимизга келиб, машғулотлар, семинарлар ўтказиб туришибди.
- Афсонавий спортчимиз Оксана Чусовитина ҳақида сўрамоқчи эдим. У ўтган йили Олимпия ўйинларида иштирок этиш бўйича "Гиннес рекордлари" китобига киритилди. Шунингдек, жаҳон гимнатикасининг Шон-шараф залига киритилди. У кейинги Олимпия ўйинларида ҳам иштирок этмоқчи. Ўзбекистон гимнастика федерациясида келажакда унинг бой тажрибасидан фойдаланишни, мураббий сифатида ҳамкорлик олиб бориш режаси борми?
- Шубҳасиз, бизга бундай тажрибали инсон жуда керак. Аммо, унинг қандай мураббий эканлигини тажриба, амалиёт кўрсатиб беради. Яхши спортчи ҳар доим ҳам кучли мураббий бўлавермайди. Ёки аксинча, кучли мураббий ўз вақтида оддий спортчи бўлган бўлиши мумкин. Келажакда, Оксанани ўз федерациямизда бош мураббий сифатида бўлмаса ҳам, камида эксперт мураббий сифатида кўряпмиз ва келажакда унинг бой тажрибасидан фойдаланмоқчимиз.
Статистика бўйича америка футболи, регби ёки бошқа спорт турлари эмас, спорт гимнастикаси энг кўп жароҳат олинадиган спорт тури сифатида қайд этилади. Бу спортда жуда катта тезликда ҳаракат қилинади. Баъзи ҳолатларда мия бу ҳаракатларни илғамай қолади. Шу сабабдан ҳам қизалоқларни беш ёшидан бошлаб машғулотларга жалб этиб, уларни бунга тайёрлаб борамиз. Бу борада шунингдек, спортчининг рухий тайёргарлиги ҳам катта роль ўйнайди. Риодаги Олимпия ўйинларида ҳам франциялик спортчининг қандай жароҳат олганини минглаб мухлислар кўрди. Спортда бундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Бу жуда оғир. Шу сабабдан, тажрибали Оксана Чусовитинадан бу борада катта ёрдам керак бўлади. Рухий тайёргарлик, жароҳатларни четлаб ўтиш, қийин машқларни бажариш борасида унинг ёрдами бизга ас қотади. У камида маслаҳатчи, ёки мураббий сифатида бизга ёрдам беради.
- Бу йил бизни олдинда иккита муҳим мусобақа кутиб турибди. Биринчиси албатта Индонезиядаги Осиё ўйинлари. Шунингдек, Аргентинада ўтказиладиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларидир. Бу муҳим мусобақаларга терма жамоамиз қай тарзда тайёрланмоқда? Режалар, мақсадлар қандай?
- Мен башорат қила олмайман. Иримга ҳам ишонмайман. Аммо доимо шундай дейман: "Худо хоҳласа!". Барчаси спортчиларимизнинг соғлиғига боғлиқ. Уларнинг яхши иштирок этишлари учун керакли шарт-шароитлар ҳукумат, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, федерация томонидан яратиб берилган. Энди фақат меҳнат қилиш, машқларни яхши ўзлаштириш ва соғлиқ керак. Бу энг муҳими. Биз ўйинларда муваффақиятли иштирок этмоқчимиз.
- Сизга катта раҳмат. Ўз ўрнида, биз Миллий олимпия қўмитаси номидан, спортчиларимизга, гимнастика федерациясига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди
Манба: www.olympic.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин