ЎФА умрбод футболдан четлатилган Бабаянни кечирдими?

  • 27-03-2018, 20:43
  • 1 444
  • Спорт
  • ЎФА умрбод футболдан четлатилган Бабаянни кечирдими?
    Фото: ЎФА матбуот хизмати
    Бироз аввал Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян Латвия чемпиони — Юрмаланинг «Спартак» бошқарувини ўз қўлига олгани ҳақида хабар берилган эди.

    Ёдингизда бўлса, шу йилнинг 15 январь куни ЎФФ ижроқўми Самвел Бабаяннинг 2018 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинлари давомида тартиб-интизомни йўлга қўймагани, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилмагани ва уларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани, ишига масъулиятсизларча ёндашиб, ўзбек футболининг юзи бўлган миллий жамоа даражасини тушириб юборганини ҳам инобатга олиб, унинг бу каби нохолис фаолияти миллионлар ўйини бўлган футболга нисбатан халқнинг норозилигига сабаб бўлгани учун бутун умрга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирган эди.

    Шундан сўнг футбол ташкилотининг ўша пайтдаги биринчи раҳбари (ҳозир вице-президент) Умид Аҳмаджонов мураббийнинг ҳужжатлари ва материалларини прокуратурага топширгани ҳамда Бабаян иши билан бундан буёғига прокуратура ходимлари шуғулланишини маълум қилган эди.

    Орадан кўп вақт ўтмай умрбод футболдан четлатилган мутахассиснинг яна футболда пайдо бўлиши кўпчиликни ажаблантириши табиий. «Championat.asia» нашри ушбу масалада Латвия футбол федерациясига мурожаат қилган. Улар ЎФА ижроқуми Бабаяндан 1 февраль куни дисквалификацияни олиб ташланганини билдирган.

    Аммо на ЎФА расмий сайти ва на бошқа ОАВларда Бабаяндан дисквалификация олиб ташлангани ҳақида эълон қилинмаган. Футбол ташкилоти бу ишни «енг ичида» битирганми ёки Латвия федерацияси янглиш маълумот берганми, ҳозирча аниқлашнинг имкони бўлмади.

    Тез орада бу ҳақда батафсил маълум қиламиз.

    » » ЎФА умрбод футболдан четлатилган Бабаянни кечирдими?