08:02 / 28.06.2018
2 344

Роберто Карлос: «ЖЧ-2018 финалида Россия ва Бразилия ўйнаса зўр бўларди»

Роберто Карлос: «ЖЧ-2018 финалида Россия ва Бразилия ўйнаса зўр бўларди»
ФИФА ҳамкори Hyundai компанияси Москвада ЖЧ-2018 шарофати билан очилган ва мундиал якунига қадар фаолият юритадиган жаҳон футболи музейи кўргазмасига бразилиялик машҳур Роберто Карлосни фахрий меҳмон сифатида таклиф қилди.

Очилиш маросими якунига етгач эса, футбол афсонаси россиялик касбдошларимиз қуршовида қолди.

Роберто Карлосга боғлиқ эътиборли битта факт шуки, у Россия элит лигасида тўп сурган яккаю-ягона жаҳон чемпионидир - 2002 йили тождор бўлган ҳимоячи 2011||2012 йиллар мавсумида «Анжи» сафида 28 марта майдонга тушиб, 5та гол урганди.

«ҲЕЧ ҚАЁҚҚА КЕТМАГАНДЕКМАН»

- Россияга қайта келганингиздан ғоят мамнун кўринасиз...
- Албатта! Айниқса, маълум муддат ёнма-ён тўп суришган йигитлар билан кўришганимдан бахтиёрман. Москвада ўзимни худди уйдагидек сезяпман. Мана, вақтида менга қўнимгоҳ бўлган таниш меҳмонхонага жойлашдим. Қисқаси, ҳеч қаёққа кетмагандекман!

- «Анжи» билан хайрлашган пайтингиз Россияда ЖЧга тайёргарлик тараддуди бошланган эди. Ҳозир ҳаммаси шай ҳолатга келди. Хўш, ўзгаришлар сезиляптими?
- Самолётдан тушганим заҳоти мундиал ҳавосини туйдим. Қаерга қарама, битта мавзу - футбол. Ўз халқига шундай ажойиб мусобақани тортиқ этган мамлакат президентини табриклашни истардим. ЖЧ - биринчи навбатда, халқ учун улкан байрам!

- 4 йил муқаддам бразилиялик мухлислар улкан омадсизликдан азоб чекишганди...
- Ҳа, Бразилияда жуда кам учрайдиган натижа қайд этилганди - тушунарсиз воқеа. Лекин хавотир олманг, Россия терма жамоаси бундай аянчли ҳолатга тушмайди.

- Шундайку-я, аммо Бразилия термаси ЖЧ-2014даги аламли мағлубият (1:7)ни унутолмайди, барибир. Айтингчи, футбол байрами моҳияти нима, сизнингча?
- Россия стадионлари ва улар атрофидаги манзарага қаранг: ҳамма ерда табассум! Албатта, бахт бекам бўлмаганидек, идеал мусобақанинг ўзи йўқ - кимдир ютади, бошқаси ютқазади. Ҳозирча Россия томони ташкилотчи сифатида барча ишларни аъло даражада бажарганини айтишим мумкин.

«ИСТАГИМ - БРАЗИЛИЯ ТЕРМАСИ ФИНАЛДА РУСЛАРНИ ЕНГСИН...»

- «Анжи»да сиз билан бирга тўп суришган айрим футболчилар ҳозир Россия термаси таркибидан жой олишган. Умуман, мезбон жамоа имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Россия термаси таркибида ажойиб футболчилар бор, албатта. Ёшлик ва тажриба уйғунлашгандек. Яна нима дердим, русларга финалга чиқишларини тилайман. Тўғри, бунинг учун футболчилар бутун вужудларини бутсаларга жойлаб, ўз ўйинларини намойиш этишлари лозим.

- Москва кўчаларида ўтказилган сўровда кўплаб иштирокчилар Россия термаси таркибидан лоақал 4-5 нафар футболчи фамилиясини ҳам айта олишмади. Сизчи, уларни биласизми?
- Аввало, Игнашевич, кейин Акинфеевни тилга олишим мумкин. Смолов - «Анжи»даги собиқ жамоадошим. Шунингдек, Жирков билан ҳам ёнма-ён тўп сурганман. Хўш, неча кишини айтдим?

- 4 нафар...
- Ҳа, яна «Зенит»да ўйнаётган малласоч йигитни ҳам биламан, фамилияси нима эди-я...

- Смольников.
- Ҳа-ҳа, у ажойиб ўйинчи. Шунингдек, Габулов билан танишман. Қисқаси, жамоа чакки эмас.

- Ғолибликка бош даъвогар сифатида қайси жамоани эътироф этасиз?
- Россия термасини финалда кўришни исташимни айтдим. Рақиб эса Бразилия термаси бўла қолсин. Табиийки, ҳамюртларимнинг чемпионлик тахтига кўтарилишларидан умидворман. Ҳа, Испания, Германия ва Аргентина жамоаларини ҳам унутмаслик керак.

«ФЕРНАНДЕС - ПОЛИВАЛЕНТ ЎЙИНЧИ!»

- Терма жамоамизда маҳаллийлаштирилган бразилиялик Марио Фернандес бор. Уни танийсизми?
- Фернандес билан яқиндан таниш эмасман, бафуржа гаплашмаганмиз. Лекин унинг ўйинларидан хабардорман. Шундай поливалент (универсал) ижрочи хизматидан фойдаланиш Россия термаси фойдасига ишлаши аниқ.

- Энди ўз ҳақингизда - ҳозир қандай юмушлар билан машғулсиз?
- Ҳамон «Реал» элчиси ролини бажаряпман. Яъни Флорентино Переснинг яқин ҳамкориман.

Шунингдек, вақтида Зайниддин Зидан бошқарган ёшлар жамоасини шуғуллантиряпман. Клуб бошқарув тизимида эса директор лавозими менга тегишли. Шу боис, бўйинбоғ тақиб юришга мажбурман.

- ФИФА музейида 1970 йилга қадар жаҳон чемпионларига тақдим этилган, кейин абадий сақлаш учун Бразилия терма жамоасига топширилган Жюль Римэ соврини - «Олтин маъбуда»ни намойиш этасиз...
- Қизиқ, уни ушлаб кўришга изн беришармикан? Ҳозирги кубокни ғолиб жамоа аъзолари бемалол қўлга олишлари мумкин, жумладан, мен ҳам. Бироқ «Олтин маъбуда» бошқа-да...
------------------------------------------
P.S.: 1966 йили Лондондан ўғирлаб кетилган, кейинчалик Пиклз лақабли кучук ёрдамида тасодифан топилган тарихий кубок - «Олтин маъбуда» («Ника») ҳозирда ўқ тешолмайдиган ойнаванд қутичада 2 нафар қўриқчи назоратида сақланади.

Қизиғи, нозирлар ҳаттоки, Роберто Карлосдек афсонага ҳам бошида шубҳа билан қарашди.
Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роберто Карлос: «ЖЧ-2018 финалида Россия ва Бразилия ўйнаса зўр бўларди»