21:38 / 30.07.2018
3 018

ТОП-10: Ёзнинг "қайноқ" трансферлари...

ТОП-10: Ёзнинг "қайноқ" трансферлари...
Жазирама ёзнинг иссиқ тафтидан ҳатто трансферлар ҳам қайнаб кетмоқда. Бу мавсум бир қатор кўз кўриб қулоқ эшитмаган, ҳатто баъзи футбол мухлисларининг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган трансферларга гувоҳ бўлдик. Келинг ушбу мақоламизда айни паллагача бўлган трансферларнинг энг шов-шовли 10 тасини ажратиб олсак.

Рожа Наинголлан. “Рома”дан “Интер”га
Роберто Мартинес ЖЧ учун танлаган Бельгия терма жамоасида ушбу йигитга жой топилмади. Ҳа, у катта иқтидор эгаси. Буни инкор этиб бўлмайди. ЧЛ чорак финалида “Барселона” устудан қозонилган ғалабада Наинголланнинг хизмати катта бўлди. “Интер” ушбу футболчининг хизматларидан фойдаланишни лозим топди ва 38 миллион евро эвазига бельгиялик ярим ҳимоячини ўз таркибига қўшиб олди.

Фабиньо. “Монако”дан “Ливерпуль”га
Ушбу француз клубининг селеционерлари ажойиб ишлайди. Дунёнинг турли бурчакларидан ноёб иқтидор эгаларини шу қадар териб келишадики, қисқа фурсат ичида ўша топилмани катта сумма эвазига сотиб юборади. Фабиньо ҳам шундай топилмалардан бири. Сегундадан 6 миллионга олиб келинган футболчи яқинда 50 миллион еврога сотилди. Бу билан “мерсисайдликлар” Эмре Жаннинг ўрнини тўлидириш ниятида. Бразилиялик футболчи айни пайтгача қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиб улгурди.

Жердан Шакири. “Сток Сити”дан “Ливерпуль”га
“Сток Сити” чемпионшипга тушиб кетгач, Шакири бу дивизионни ўзи учун мос деб билмади. Жаҳон чемпионати якунига етгач, “Ливерпуль” “Сток” учун яхши таклиф билан чиқди ва швейцариялик ҳужумчини атиги 13 миллион евро эвазига сотиб олди. Ана энди шундоқ ҳам рақиб ҳимоячиларига ваҳима соладиган “Ливерпуль” ҳужуми янада дахшатли кўриниш ола бошлади. Клопп бу билан ички рақобатни янада кучайтириш, қолаверса, турли мусобақалар учун алоҳида таркиб ҳам қила олиши мумкин.

Дуглас Коста. “Бавария”дан “Ювентус”га
“Ювентус” раҳбари яқин орада хазина топиб олгандек, жамоа таркибини кучайтириш учун катта пуллар сарфламоқда. Энг асосийси ҳақида кейинроқ. Ҳа, Коста ўтган мавсум ҳам туринликлар шарафини ҳимоя қилган эди, лекин ижара асосида. 1 мавсумни юқори савияда ўтгазгач, шартномада белгиланганидек туринликлар “Бавария” ҳисоб рақамига 40 миллион евро ўтказиб берди.

Фред. “Шахтёр”дан “Манчетер Юнайтед”га
Бразилиялик ушбу футболчи гарчи ҳамюртлари билан жаҳон чемпионатига борган бўлса ҳам машғулотдаги жароҳати сабаб мундиалда майдонга туша олмади. “Қизил иблислар” таянч зонасини кучайтириш учун Украина жамоаси билан келдишувга эришди. Ушбу трансфер 59 миллион еврога баҳоланди.

Рияд Маҳрез. “Лестер”дан Манчестер Сити”га
“Шаҳарликлар” ярим ҳимояси шундоқ ҳам тобида. Бироқ пули ошиб-тошиб ётган “Сити”га яна бир маҳоратли хавбэкни сотиб олиш сира зиён қилмайди. Бундан ютса ютадики, ютқазмайди. Айниқса, қайсидир асосий таркиб ўйинчилари жароҳат олиб ёки дам олиши керак бўлганида Гвардиола уни қўрқмасдан Маҳрезни асосий таркибда тушириши мумкин.

Тома Лемар. “Монако”дан “Атлетико”га
“Монако”нинг яна бир мега трансферларидан бири. 2015 йил “Кан” жамоасидан 4 миллион еврога сотиб олинган ушбу йигит бу мавсум “Атлетико” Мадридга 65 миллион еврога сотилди. Франция терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Лемар Мадрид клубида Гризман билан елкама-елка Испания чемпионлиги учун баҳс олиб боради. Унинг ўйин услаби Диего Симьоне тактикасига қанчалик мос тушишини яқин кунлар ичида билиб оламиз.

Паулиньо. “Барселона”дан “Гуанчжоу”га
Бизни олдинда айни паллагача бўлган энг катта 3 трансфер кутиб турибди. Улардан бири Паулиньонинг Хитойга қайтиши. Бразилиялик футбочлининг трансфери ўтган йили ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлаётганди. Айрим мутахассислар томонидан “ўхшаймаган” траснфер, дея баҳолангач мавсум бу фикрлар ҳомҳаёл эканини кўрсатиб берди. Каталонияликлар билан ажойиб мавсум ўтказган Паулиньони “Гуанчжоу” дарҳол қайтариб олди.

Алиссон. “Рома”дан “Ливерпуль”га
Эътиборимиз марказида яна бразилиялик футболчи. Аниқроғи, дарвозабон. Рим клуби сафида ёрқин мавсум ўтказган Алиссон “Ливерпуль”нинг ярасига малҳам бўлиши учун сотиб олинди. Бу малҳамнинг нарҳи эса 67 миллион еврога баҳоланди. Айниқса, ЕЧЛ финалидан кейин “Ливерпуль” раҳбариятининг кўзига бу пул кўринмаган бўлса ҳам керак. Шу тариқа Алиссон футбол тарихида энг қиммат сотилган посбон бўлди. Ҳа, у катта иқтидор эгаси. Бироқ бунча суммага у учун кўп эмасмикан?

Криштиану Роналду. “Реал”дан “Ювентус”га
Ерда ўйнаётган ўзга сайёраликнинг бири Туринга келди. 9 йил Мадрид клуби сафида мисли кўрилмаган ютуқларга эришган Криштиану учун бу тўғри қарордир балки. “Реал” мураббийлар штаби алмашгач, эришиш мумкин бўлган барча ютуқларни қўлга киритгач, ўзини бошқа чемпионатда ҳам синаб кўргиси келди. Роналдунинг трансфери учун “Кекса синьора” 117 миллион евро сарф қилди ва қўшимчасига 30 миллион еврони ташкил қилувчи йиллик маош ҳам тўлайдиган бўлди. Ким билсин Роналдунинг Италияга келиши билан “А” серияга бўлган эътибор 90-йиллардаги каби яна қайтар.

Манба: sports.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)