06:30 / 31.07.2018
2 473

Санъат Шарипов ЎФАга маслаҳатчи бўлди

Санъат Шарипов ЎФАга маслаҳатчи бўлди
Фото: «ufa.uz»
Санъат Шариповни юртимиздаги футбол мухлислари жуда яхши билишади. У бир неча йил давомида футбол агенти сифатида фаолият юритиб, кўплаб ўзбекистонлик футболчиларни хориж клубларида тўп суриб, легионерга айланишига ёрдам берган.

У 2003 йил Москвадаги Ломоносов номидаги Журналистика факультетини тамомлаган ҳамда 2016 йил Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги Халқаро Ҳуқуқ факультетининг Халқаро Спорт йўналишида таълим олиб, уни муваффақиятли якунлаган. Шунингдек, 2016 йил Жанубий Африка Республикаси Футбол ассоциациясида футболни ривожлантириш бўлимида иш олиб борган.

ЎФА матбуот хизматининг хабар беришича, катта халқаро тажрибага эга бўлган футбол мутахассиси Санъат Шарипов эндиликда Ўзбекистон футбол ассоциациясида маслаҳатчи сифатида фаолият юритади.

Санъат Шарипов Европа футболидаги ютуқлар, бой тажриба ва футболчиларни тарбиялашда йўлга қўйилган тизим, маҳаллий футболчиларнинг хориж клублари билан шартнома имзолашда аҳамият қаратиши керак бўлган жиҳатлар каби кўплаб масалаларда ўзининг қимматли маслаҳатлари билан ўртоқлашиб боради.

«Ўзбекистон футбол ассоциациясида маслаҳатчи сифатида фаолият юритиш, умуман, ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшиш мен учун катта шараф. Ўз билим ва тажрибамни юртимиз футболи равнақи йўлида сарфлашга тайёрман. Умид қиламанки, ЎФА раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тез орада ўз самарасини бериб, терма жамоаларимизни Олимпиада ва Жаҳон чемпионатларида кўриш насиб этади», – дейди Санъат Шарипов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)