20:38 / 26.08.2018
4 747

Руслан Нуриддинов: «Рекорд ўрнатганимни кейин билиб қолдим»

Руслан Нуриддинов: «Рекорд ўрнатганимни кейин билиб қолдим»
Бугун, 26 август куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида Осиё ўйинлари доирасида оғир атлетика баҳслари давом эттирилди.

Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик оғир атлетикачи, Рио Олимпиадаси чемпиони, -105 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Руслан Нуриддинов даст кўтаришда 191 кг, силтаб кўтаришда эса 230 кг тошни ўзига бўйсундириб, умумий 421 кг натижа билан рақибларидан устун келди. Руслан шу билан бирга Осиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.

Айни дамда Индонезияда бўлиб турган KUN.UZ жамоаси чемпион билан суҳбатлашди.

«2010 йилда ютқазган эдим, 2014 йилги Осиё ўйинларида эса олган жароҳатим сабаб қатнаша олмагандим. Аллоҳ ғалаба қозонишимни айнан мана шу бугунга битган экан, ғолиб бўлдим. Олимпиаданинг шукуҳи бошқача, лекин айни дамдаги ҳиссиётларим ўзгача.

Ишонасизми, баҳс олдидан мураббийлар билан озгина тортишиб қолдик. Қайси маънодаки, 222 кг кўтарганимдан кейин чемпионлик нақд бўлгач, улар 230 кг кўтариб нима қиласан, олдинда жаҳон чемпионати бор, ўзингни асрагин дейишди. Мен эса бунга рози бўлмадим ва айнан мана шу оғирликни кўтаришни истадим. Очиғини айтсам, тош кўтарганимдан сўнггина Осиё ўйинлари тарихида оғир атлетика бўйича рекорд ўрнатганимни билдим ва бундан жуда хурсандман. Олимпиададан сўнг орада анча танаффус бўлди, шу сабабми бугунги мусобақада бироз ҳаяжон бўлди, аммо барча режалар уддаланди.

Кейинги йил Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Мана шу мусобақа ҳам пухта тайёрланиб, совриндорлар қаторидан жой олиш ниятимиз бор», дейди Нуриддинов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Руслан Нуриддинов: «Рекорд ўрнатганимни кейин билиб қолдим»