21:12 / 12.10.2018
4 208

Параосиё ўйинлари. Ўзбекистон 77 та медаль билан ўз иштирокини якунлади (жадвал)

Параосиё ўйинлари. Ўзбекистон 77 та медаль билан ўз иштирокини якунлади (жадвал)
Индонезияда давом этаётган Параосиё ўйинларининг навбатдаги кун баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 10 нафар спортчи шоҳсупага кўтарилди. Совриндорлар спортнинг икки турида – енгил атлетика ва сузиш баҳсларида бештадан медални умумий жамғармага қўшиб қўйишди.

Енгил атлетика
Узунликка сакраш баҳсларида Асила Мирзаёрова бронза медаль соҳибаси бўлди. 19 ёшли атлет иккинчи ўринни олган япониялик спортчидан 1 см.га ортда қолди.

Диск улоқтиришда Элбек Султонов бронза медалига сазовор бўлди. Эслатиб ўтамиз, у аввалроқ ядро улоқтиришда олтин олишнинг уддасидан чиққан эди.

1500 метрга югуриш баҳсларида Маъруфжон Муродиллаев барча рақибларини ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. У тўрт йил аввал Инчеонда ўтказилган Параосиё ўйинларида ҳам шу йўналишда ғолиб чиққан эди.

Кечга яқин узунликка сакрашда яна бир медаль қўлга киритилди. Бу сафар Сабина Суханова мусобақадаги илк кумуш медалига эришди. Ўтган кунлар давомида у 3 карра бронза медаль соҳибаси бўлган эди.

Енгил атлетикада Ўзбекистон учун куннинг сўнгги медали Фаҳриддин Ҳамроевга насиб этди. У 5000 метрга югуришда марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди ва делегация жамғармасини яна бир кумуш медаль билан бойитди.

Сузиш
50 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида иккита олтин медаль қўлга киритилди: S12 йўналишида Дмитрий Хорлин, S13да Ислом Асланов чемпионликка эришди. Шунингдек, S13 йўналишида Аслановдан кейин маррага етиб келган Музаффар Турсунхўжаев кумуш медаль билан тақдирланди.

Бугун Хорлин ҳам, Асланов ҳам мусобақада 5-марта совриндор сафидан жой олди.

Аёллар ўртасидаги мусобақаларнинг яққол фаворитлари – Фотима Омилова ва Шоҳсанамхон Тошпўлатова бугун ҳам шоҳсупадан жой олишди. 50 метрга эркин усулда сузишда Омилова олтин, Тошпўлатова кумуш медални ўзиники қилди.

Эътиборлиси, Шоҳсанамхон ва Фотима мусобақада ўзлари иштирок этган 7 та йўналишдаги баҳсларнинг барчасида шоҳсупага кўтарилишди. Бу икки атлет биргаликда 7 та олтин, 6 та кумуш, 1 та бронза билан умумий жамғармага салмоқли ҳисса қўшди.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси мусобақанинг 6-кунида 4 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза қўлга киритиб, жами медаллар сонини 77 тага етказди. Бу совринларнинг қарийб ярми энг юқори қийматга эга: 35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза. Бу натижа билан Ўзбекистон турнирни, худди Осиё ўйинларида бўлгани каби, 5-ўрин билан якунламоқда.

Эртага, 13 октябрда тўртта спорт турида мусобақалар якунлангач, учинчи марта ташкил этилган Параосиё ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Параосиё ўйинлари. Ўзбекистон 77 та медаль билан ўз иштирокини якунлади (жадвал)