07:31 / 17.10.2018
1 949

Погбани «Барселона»да нима кутмоқда?

Погбани «Барселона»да нима кутмоқда?
Франциялик футболчи «Манчестер Юнайтед»да яққол ўзини яхши ҳис қилмаётгани кўриниб турибди, бироқ унга жиддий қизиқиш билдираётган «Барселона»да ўйнаб кета оладими?

Поль Погба МЮни 2012-йилда тарк этаётганида «Кастилья» устози Алберт Торил клуб президенти Флорентино Пересга 18 ёшли футболчини 100 минг еврога қўлга киритишлари мумкинлигини етказганди.

Франциялик ярим ҳимоячи «Ювентус»га эркин агенти сифатида қўшилди. Ўшанда бу пул унинг агенти учун сарфланиши мумкин эди, холос. Жаҳон футболининг келажаги дея баҳоланган иқтидорли футболчилардан бири учун бундай маблағни сарфлашга арзирди.

Шунга қарамай ўша вақтларда Перес жиддий трансферлар билан қизиқарди. У Торилга «100 минг? У 100 миллион турганида менга айт» дея ўзига хос тарзда жавоб қайтарган экан.

Тажрибадан ўтмаган, номаълум шахс бўлган Погба мадридликларнинг бизнес модели – «Галактика»га мос келмаслиги аниқ эди.

Мадридликлар ўзлари футбол саноатига айланиб улгурган истеъдод эгаларини «овларди» ва уларни ҳар қандай нархда сотиб оларди.

«Қироллик клуби» катта юлдузлар, йирик тижорий келишувлар, оммавий сотувлар билан овора эди. Аммо пойтахт жамоаси 2014-йилда ўзининг сўнгги «галактика»си – Хамес Родригесни ҳарид қилди. Ўшандан бери клбу трансфер сиёсатини ўзгартирди. Бироқ улар бу ишга тез орада Неймар ва Килиан Мбаппе каби номдор футболчиларни сотиб олиши билан қайтиши мумкин.

Бугунги Погба «Реал»нинг ўша вақтдаги талабларига тўлиқ мос тушади.

25 ёшли ярим ҳимоячи жаҳон футболининг энг бозори чаққон футболчисидан бири. Ижтимоий тармоқларда эса унга етадигани йўқ.

Ва у яна «Олд Траффорд»ни тарк этиш арафасида турибди.

«Ювентус»да у бутун салоҳиятини тўлиқ намойиш қила олмади, аммо бунга яқин савияда бўлди. Ўзининг энг яхши спорт формасида бўлиш учун Погбага эркинлик керак. Шу туфайли «кекса синьора» уни ўз сафида қайта кўришдан хурсанд бўлиши аниқ.

Афсуски Моуриньо бошчилигидаги МЮда тактик ишланмалар уни ўзини кўрсатишига имкон бермаяпти.

Португалиялик мураббийнинг ўйин фалсафаси ўтмишда самара берарди, аммо «орзулар театри»да буни амалга оширишда қийналмоқда. У Погбага мос нуқта топиб бера олмаяпти.

Аввалги болакай энди Жаҳон чемпиони, ўз саноати бор, марка, бренд ва мураббийга сўзи ўтиши керак бўлган футболчига айланган.

Кўриниб турибдики, Погба ва Моуриньо тенг даражада, шу сабабли иккаласи орасидаги келишмовчиликлар ҳадеганда тугагани йўқ.

Ярим ҳимоячининг агенти Мино Райола эса мижозини яқин 12 ойда Манчестердан олиб кетиш учун қўлидан келадиган барча ишни қилиши аниқ. Ўзининг Англияга қайтганидан кейин учинчи мавсумини ўтказаётган Погба ҳам Моуриньодан чарчади ва клубдан кетишни истамоқда.

Клуб ижрочи директори Эд Вудворд Погба ва Моуриньо орасидаги мубоҳасаларда мураббийни тўлиқ қўллаб-қувватлашини оммавий равишда эълон қилди.

Райола эса футболчисига «Ювентус» ва «Барселона» жиддий қизиқаётганини айтиб клубга кучли босим уюштирмоқда.

«Ювентус» эса ёзда йирик пуллар эвазига Криштиану Роналдуни олиб келгани учун молиявий қийинчиликка кириб қолишни истамайди. «Барселона» эса Погба ёки клуб билан алоқача чиқмаганини айтмоқда.

Аммо клуб сотувга қўйиладиган бўлса каталонияликлар унга қизиқиш билдириши аниқ. Агарда шундай бўладиган бўлса, Погба «Барселона» учун ажойиб трансфер бўла оладими? Бу савол кўпчиликни қизиқтириши ва ўйлантириши аниқ.

Тики-така услубида ўйнайдиган «кўк-анорранглилар» яқин ўтмишда Яя Туре, Сейду Кейта ва Паулиньо каби ярим ҳимоячилар билан етарлича муваффақиятларга қозона олди.

Бироқ уларнинг бирортаси «Камп Ноу»да суперюлдузга айлангани йўқ. Шу йил ёзида келган Артуро Видалнинг айни вақтда қийинчиликка учраётгани кучли ва жисмоний бақувват футболчилар клуб фалсафасига тўғри келмаслигини яна бир марта исботлади.

Погба Месси билан бирга ўйнаш орзусини яширмаяпти. Аммо аргентиналик футболчи билан ўйнаш учун ўз ўйинини ўзгартиришига тўғри келади. У кўпроқ интизомли бўлиши, тўп билан яхши муомала қилиши талаб этилади.

Мана шу факторлар сабаб франциялик иқтидор эгаси «Камп Ноу»да ҳам ўзини бахтли ҳис қилмаслиги эҳтимоли юқори.
Манба: Sports.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Погбани «Барселона»да нима кутмоқда?