
Яқиндагида Олмалиқнинг «АГМК» футбол клуби Ўзбекистон Кубоги финалида сенсация қайд этиб, чемпионликни қўлга киритди. Финалда «Пахтакор»нинг енгилгани кўпчилик учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Баъзилар бунга шубҳа кўзи билан қарашмоқда, яна бошқалар ўзида йўқ хурсанд. Бугун, финалда менинг назаримда олмалиқликларга энг катта ёрдам берган жиҳат – мухлислик ҳақида гаплашамиз.
Ҳа, менимча, айнан стадиондаги муҳит «АГМК» учун катта ёрдам бўлди. Ўша куни деярли бутун стадион «кончилар»ни қўллаб-қувватлади. Бу «АГМК» футболчиларининг мотивациясини икки ҳисса ошириб юборди, чунки жамоа учун бундай муҳитда тўп суиш – орзу.

Олмалиқ шаҳри клуби Олий дивизионга чиқибдики, ҳали ҳеч қайси пайтда аутсайдерлар қаторида тилга олинмаган. Бир қарасангиз ўртамиёна, яна баъзи пайтлар ўз имкониятларидан бир бош устундек кўринади.
Ўша пайтда Олий лига деб аталган мусобақага қадам босган бу клубни «уй жамоаси» деб аташарди. Жамоа ҳақиқатда ҳозирги «Навбаҳор»дек ўз уйида ҳатто етакчиларни ҳам аямасди. Ўша вақтлар камтарона «СК Металлург» стадиони («АГМК»нинг эски стадиони) лиқ тўлмасада, ҳар ҳолда 2/3 қисми мухлислар томонидан эгалланарди. Ҳозир эса... Ўзингиз биласиз.
Тўхталмоқчи бўлган жиҳатим ҳам мана шу, айни дамда молиявий камчилиги бўлмаган ва барча шароитлари етарли бўлган ушбу жамоага жонкуяр мухлислар етишмаяпти. Бир қараганда стадионга келиш учун барчаси идеал даражада: янги стадион, зич шаҳар, яқин атрофда бу даражадаги топ-клубнинг йўқлиги, чипта нархининг ҳамёнбоплиги (баъзида текин ҳам). Лекин мухлислар ташрифи жуда суст.
Мавсум бошида Суперлига ўйинларига эътибор кучайди, бироқ Олмалиқда бу деярли сезилгани йўқ. Бошида бунга мухлислар билан ишлаш яхши йўлга қўйилмаганлиги, ёки маркетинг борасида ишлар сустлиги сабаб бўлса керак деб ўйлаган эдим. Бироқ яқинда бўлиб ўтган «Қўқон-1912»га қарши ўйиндан сўнг бошқа бир хулосага келдим.
Биласиз, ушбу баҳс олдидан Кубокни қўлга киритган «АГМК» футболчилари тантанали тарзда кутиб олинди ва уларга 35 дона автомашина калитлари топширилди. Ўша пайтда трибунадаги муҳит футбол учун шунчаки шармандали даражада эди. Ўша учрашувни ва ўйин олди маросимларини стадиондан кузатдим. Бошловчиларнинг ҳар гал «олқишларингиииииз», дея ҳитоб қилишларидан сўнг стадионнинг реакциясини кўриб, бошим тобора эгилаверди, очиғи футболчиларга ачиниб кетдим. Ёнимда водийдан келган меҳмонлар ўтиришганди, улардан бирининг гапларига қўшилмасдан иложим йўқ эди: «Ака, мана шундай ютуққа бизнинг жамоа эришгандами, одамларни тўхтатиб бўлмасди».

Олмалиқда футболсевар мухлислар йўқ демоқчи эмасман, улар талайгина. Аммо очиғини айтиш керак бу ўлка одамларини унча-мунча нарса билан қойил қолдириш қийин. Йилига ўтказиладиган Любэ, Стас Пьеха, Дискотека Авария каби ижодкорларнинг жонли концертига кўникиб қолган ва деярли барча кўнгилочар масканларга эга аҳолини футбол ўйинларига жалб қилиш қийин масала.
«АГМК» ОЧЛга йўлланма олди ва катта эҳтимол билан плей-офф босқичидаги илк ўйинни ўз уйида ўтказади. Бу ўйинда ҳеч бўлмаса стадионнинг ярми тўлишидан умид қилиб қоламан. Тўлишини гапирмай қўя қолай, бу стадион тўлганини бир марта кўрганман: Ўзбекистон МТЖнинг Уммонга қарши уртоқлик ўйинида (0:1), ўшанда ҳам аншлаг бўлганди деб айта олмайман.
Аммо жамоа плей-оффдан ўтиб олиб гуруҳга йўланма оладиган бўлса, у ҳолда стадионга ташриф борасида ҳам катта силжиш бўлса керак. Чунки бу шаҳар футболи учун янгилик бўлади, балки ўша 6-7 йил олдинги муҳитни яна кўрармиз. Лекин ундай бўлмасачи? Унда нима бўлади?
Йиллар ўтиб футбол хусусий қўлларга ўта бошлагач, биринчи навбатда мана шундай жамоалар йўқ бўлиб кетади ёки қуйи лигаларга равона бўлади. Ким ҳам ўн минглик стадионни тўлдира олмайдиган клубга пул тикишни хоҳларди...
Балки, «АГМК» мухлислари учун янги марралар керакдир, балки, ОЧЛ бизга яна бир рақобатбардош жамоа ва мухлисларни юзага чиқариб берар. Буни вақт кўрсатади.
Мухлислик ҳақида «АГМК» жамоаси мисолида гапириб ўтдик, бироқ қолган жойларда бу борада муаммо йўқ деб бўлмайди. Эктор Купер айтганидек, халқимиз жуда камтар ва бу камтарлик баъзида ҳайрон қоларли даражагача боради. Ҳатто футбол мухлисларимиз ҳам шундай.
Нима бўлган тақдирда ҳам ҳар бир жамоа мухлисларининг ўзига яраша менталитети бор. Баъзилар «Ливерпуль» ишқибозларидек ҳар қандай ҳолатда жамоаси билан бирга бўлади. Айримлар «Реал» фанатларидек ғалабадан бошқасига кўнишмайди.
Ҳаётда бўлгани каби футболда ҳам ҳаммаси идеал бўлмайди. «Пахтакор»даги каби шароити, «Навбаҳор»никидек мухлислари, «Локо» сингари футболчилари бўлишини қайси клуб хоҳламайди дейсиз.
Олмалиқ жамоасига эса олдиндаги иккита Суперлига ўйини ва ОЧЛ баҳсларида омад тилаб қоламан. Умид қиламанки, улар ўз ўйинлари билан мухлисларни стадионга қайтишга «мажбур» қилишади.
Нодирхон Хамидхонов
Манба: www.uff.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар