13:17 / 15.11.2018
3 505

Бугун Ўзбекистон МТЖ Эктор Купер қўлостида 5-учрашувни ўтказади

Бугун Ўзбекистон МТЖ Эктор Купер қўлостида 5-учрашувни ўтказади
Бугун, 15 ноябрь куни Австралиянинг Брисбен шаҳрида йиғин ўтказаётган Ўзбекистон терма жамоаси Ливан термаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 15:00да бошланади.

Ливанга қарши ўйин терма жамоанинг Эктор Купер бошқарувидаги бешинча учрашуви бўлади. Бунгача сентябрда Сурия билан дуранг қайд этилган (1:1), сўнг Эрон билан баҳсда имконият бой берилганди (0:1). Октябрь ойида эса аргентиналик мутахассис қўл остидаги жамоа КХДР ва Қатар терма жамоалари устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари ўзаро 5 марта ўйин ўтказган. Дастлабки баҳслар ЖЧ-2010 саралашига тўғри келади; ҳар икки ўйинда ҳам ўзбекистонликларнинг қўли баланд келган (сафарда 1:0, Тошкентда 3:0). Кейинги ўйинлар ҳам мундиалнинг саралаш циклида бўлиб ўтган. ЖЧ-2014 йўлидаги баҳсларнинг дастлабкиси Байрутда бўлиб ўтиб, дуранг билан (1:1) якун топган; жавоб ўйинида Ўзбекистон кичик ҳисобда устун келган (1:0). Ўша ўйинда Сервер Жепаров ягона голга муаллифлик қилган, ливанликлар ушбу мағлубиятдан сўнг ЖЧ йўлланмасидан маҳрум бўлган.

2008 йил 6 февраль Ливан - Ўзбекистон 0:1 (ЖЧ-2010 саралаши)
2008 йил 14 июнь Ўзбекистон - Ливан 3:0 (ЖЧ-2010 саралаши)
2012 йил 8 июнь Ливан - Ўзбекистон 1:1 (ЖЧ-2014 саралаши)
2013 йил 26 март Ўзбекистон - Ливан 1:0 (ЖЧ-2014 саралаши)
2016 йил 14 февраль Ливан - Ўзбекистон 0:2 (Ўртоқлик учрашуви)

Сўнгги баҳс ўртоқлик учрашуви сифатида 2016 йил февралида бўлиб ўтган. БААдаги ўйинда Элдор Шомуродов ва Сервер Жепаровнинг биттадан голига ливанликлар жавоб қайтара олишмаган. Шу тариқа, ўзаро ўйинлар статистикасида устунлик Ўзбекистон томонида: 4 та ғалаба ва 1 та дуранг. Тўплар нисбати – 8:1.

Ливан терма жамоасини 2015 йилдан буён черногориялик мутахассис Миодраг Радулович бошқармоқда. Ушбу мураббий 2010 йил мавсумининг биринчи ярмида «Пахтакор» бош мураббийи сифатида ишлаган, ўшанда «шерлар» Осиё Чемпионлар лигаси нимчорак финалида курашни тўхтатган эди.

Радулович мураббийлигида ливанликлар ЖЧ-2018 саралашида омадсизликка учради, шундай бўлса-да, ўз тарихида илк марта Осиё кубоги саралашини муваффақиятли тугатди. Жамоа биринчилиги финал босқичида бунга қадар фақат бир марта – 2000 йилда мусобақа мезбони сифатида қатнашган эди. 2018 йил сентябрь ойида Ливан терма жамоаси ФИФА рейтингида ўзи учун рекорд кўрсаткич бўлган 82-ўринга чиқа олди.

20 ноябрь куни бугунги рақиблар Австралия йиғини доирасида бошқа терма жамоа билан ҳам ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Ливанликлар мезбон мамлакат термасига қарши, Ўзбекистон эса Жанубий Корея билан куч синашади.

Ўзбекистон – Ливан ўйини «Спорт» телеканалининг Youtube`даги расмий саҳифасида трансляция қилинади. Ўйинни Хайрулла Ҳамидов шарҳлаб боради.

Ўртоқлик учрашуви
ЎЗБЕКИСТОН – ЛИВАН

Брисбен. «CBUS Super Stadium». 20:00 (Тошкент вақти 15:00)
Ҳакамлар: Шон Эванс, Натан Макдональд, Жорж Лакриндис, Жарред Жиллет (барчаси Австралия).

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бугун Ўзбекистон МТЖ Эктор Купер қўлостида 5-учрашувни ўтказади