«Арсенал» «Эмирейтс»даги голлар-шоусида «Тоттенхэм»ни мағлуб этди

  • 2-12-2018, 21:19
  • 442
  • Спорт
  • «Арсенал» «Эмирейтс»даги голлар-шоусида «Тоттенхэм»ни мағлуб этди
    Англия чемпионатининг 14-туридан ўрин олган «Арсенал» – «Тоттенхэм» учрашуви ўз ниҳоясига етди. «Эмирейтс» стадионида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар ғалаба қозонишди.

    Ўйин мезбонларнинг фаоллигида бошланди, бу эса тез орада ўз самарасини берди. 9-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда Янн Вертонген ўз жарима майдони ичида қўли билан ўйнади. Натижада белгиланган пенальтини Пьер-Эмерик Обамеянг аниқ ижро этиб, ҳисобни очди.

    Шундан кейин ҳам майдон эгаларида яна бир қатор қулай имкониятлар юзага келди, бироқ улардан самара чиқмади. 30-дақиқада Эрик Дайер жаримадан узатилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди ва мувозанатни тиклади.

    Орадан кўп вақт ўтмай «шпорлар» иккинчи голини уришди, Сон Ҳин Мин рақиб жарима майдонида йиқитилди ва учрашув ҳаками 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Ундан Харри Кейн унумли фойдаланди.

    Иккинчи бўлим дебютида энди «Арсенал» футболчилари ҳисобни тенглаштиришди. Аорон Рэмсининг ажойиб пасидан сўнг Обамеянг кучли зарба билан Уго Льорисни доғда қолдирди.

    75-дақиқада меҳмонлар ҳимоячисининг хатоси қимматга тушди: қулай имкониятга чиқиб борган Александр Ляказетт жарима майдони ташқарисидан зарба берди, тўп Дайерга тегиб ўз йўналишини ўзгартирди ва дарвозадан жой олди.

    Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас «Арсенал» тўртинчи голни урди. Лукас Торрейра ўнг қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва кучли зарба билан ўйинга нуқта қўйди.

    Бу етмаганидек 85-дақиқада «Тоттенхэм» бир киши кам бўлиб қолди. Вертонген иккинчи марта сариқ карточка олиб майдонни тарк этди.

    Шу тариқа, «Тоттенхэм»нинг бешта ўйинлик ғалабали сериясига нуқта қўйилди. «Арсенал» ўз очколарини 30тага етказиб олди ва Премьер-лига турнир жадвалида 4-поғонага кўтарилиб олди. «Тоттенхэм» (30) эса 5-ўриинга тушиб кетди.

    Ушбу учрашувда киритилган голларни UFF.uz Media каналида томоша қилишингиз мумкин.

    АПЛ, 14-тур

    Арсенал – Тоттенхэм 4:2 (1:2, 2:0)

    Голлар:
    1:0 – 10, пенальти Обамеянг, 1:1 – 30 Дайер, 1:2 – 34, пенальти Кейн, 2:2 – 56 Обамеянг, 3:2 – 74 Ляказетт, 4:2 – 77 Торрейра.

    Арсенал – Лено, Папастатопулос, Холдинг, Колашинац, Мустафи (Гендузи, 71), Мхитарян (Рэмзи, 46), Торрейра, Ивоби (Ляказетт, 46), Джака, Бельерин, Обамеянг.

    Тоттенхэм – Льорис, Вертонген, Дэвис (Роуз, 82), Орье, Фойт, Сиссоко, Дайер, Эриксен, Алли (Уинкс, 79), Сон Хын Мин (Лукас Моура, 79), Кейн.

    Огоҳлантиришлар: Вертонген (9), Дайер (32), Мустафи (37), Джака (49), Алли (65), Торрейра (78), Орье (90).
    Четлатиш: Вертонген (85).

    Манба: www.uff.uz

    » » «Арсенал» «Эмирейтс»даги голлар-шоусида «Тоттенхэм»ни мағлуб этди