Шота Арвеладзе: Ўзбекистон чемпионати ислоҳоти фақат қоғозда бўлди (видео)

  • 4-12-2018, 07:57
  • 895
  • Спорт
  • Шота Арвеладзе: Ўзбекистон чемпионати ислоҳоти фақат қоғозда бўлди (видео)
    Бу мавсум арафасида Ўзбекистон чемпионати формати жиддий ўзгаришларга учради. Суперлига номини олган Олий Лигада иштирок этувчи жамоалар сони 16тадан 12тага қисқартирилди. Бундан мақсад клублар ўртасидаги рақобатни кучайтириш эди.

    «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе эса айтилган гапларнинг кўпи қоғозда қолиб кетди, деб ҳисоблайди.

    Kun.uz сайтига интервью берган грузиялик мураббийнинг айтишича, чемпионат мавқеини кўтариш учун клублар маълум бир стандартларга жавоб бериши керак. Бу биринчи навбатда футбол майдонларининг сифатига тааллуқли.

    «Биз форматни туздик, қоғозда жуда кўп нарсаларни амалга оширдик, аммо афсуски, амалда жуда кам нарса қилинди. Кўплаб ижобий нарсалар айтилди, аммо ҳақиқатда барчасини бажара олмадик. Агарда стандартларга риоя қилмасак, футбол ҳеч қачон ривожланмайди», – дейди Арвеладзе. У футбол майдонларининг сифати яхшиланмас экан, бундай майдонларда ўйнаш жуда қийин бўлишини таъкидлаб ўтган.

    «Нима учун Англия, Германия ва Испанияда стандартлар мавжуд? Ҳаттоки тўртинчи лигада ҳам. Биз эса энг юқори лигада ана шу стандартларга эриша олмаяпмиз. Ёки ҳаммаси жуда секин бормоқда. Ўзгаришлар қоғоздагина бўлди, ҳаётда эса кутилган натижага эриша олмадик», – дейди «шерлар» мураббийи.

    Арвеладзе стандартларга мос бўлиш учун барча клублар хусусий бўлиши керак деган фикрда. Унинг ишонч билдиришича, ана шундагина қизиқиш пайдо бўлади.

    «Пахтакор» клуби бош мураббийининг бу ва бошқа фикр-мулоҳазалари билан қуйидаги интервьюда тўлиқ танишиш мумкин: ВИДЕО
    [media=https://www.youtube.com/embed/41VI8R391JU]
    Арвеладзе интервью давомида уни «Пахтакор»га кимлар таклиф этгани, Туркиянинг «Қосимпошо» клубидан нима учун кетгани, Европа футболининг устун жиҳатлари ва Ўзбекистон футболидаги муаммолар ҳақида ҳам сўзлаб берган.

    » » Шота Арвеладзе: Ўзбекистон чемпионати ислоҳоти фақат қоғозда бўлди (видео)