18:18 / 22.12.2018
2 960

Ўзбекистон ОТЖни бошқаришга асосий номзод мураббий Тошкентга келди

Ўзбекистон ОТЖни бошқаришга асосий номзод мураббий Тошкентга келди
Бугун, 22 декабрь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон олимпия терма жамоасини бошқаришга асосий номзод мураббий Любинко Друлович билан учрашди. Учрашувда сербиялик мутахассиснинг ёрдамчилари Завиша Милославлевич ва Небойса Топалов ҳам иштирок этишди.

Аҳмаджонов мураббийларга 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш асосий мақсад экани, бунинг учун ЎФА зарур шароитларни яратиши, олимпия термасининг асосини шакллантириш ишлари аллақачон бошлаб юборилганини маълум қилди.

«Сербиялик мураббий Любинко Друлович Ўзбекистонга ташриф буюрганидан бениҳоя хурсанд эканини билдирар экан, ўзбек футболи билан яқиндан таниш эканини, хусусан, ўзбекистонлик ёшларнинг шу йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида қандай ўйин намойиш этишгани ва чемпионга айланишганидан хабардор эканини айтиб ўтди. Агар мутахассисга Ўзбекистон олимпия терма жамоаси топшириладиган бўлса, жамоа олдига қўйилган асосий мақсад - Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш учун астойдил меҳнат қилишга тайёр эканини ҳам таъкидлаб ўтди», – дейилади ЎФА хабарида.

Қайд этилишича, ҳозир Друлович билан музокаралар сўнгги босқичга етиб келган.

Досье: Любинко Друлович
Фуқаролиги: Сербия
Туғилган санаси: 11 сентябрь 1968 йил (50 ёш)
Мураббийлик даражаси: УЕФА "ПРО" дипломи эгаси (2007 йил)
Энг катта ютуғи: Сербия U-19 терма жамоаси билан Европа чемпионатида ғолиб чиққан.

Мураббий сифатида эришган ютуқлари:
1. Ангола Суперкубоги ғолиби – "Агосто" ФК, 2010-2011
2. Европа U-19 чемпионати ғолиби – Сербия, 2013
3. "Партизан" ФК билан Европа лигаси иштирокчиси – 2015-2016
4. БАА U-19 билан финал қисмига йўл олган – 2017.

Шахсий ютуқлари:
Сербияда йилнинг энг яхши мураббийи – 2013.

Маълумот учун, Ўзбекистон ОТЖ 2018 йил бошида Осиё чемпиони бўлган, август ойида Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида чорак финалдан ортга қайтган эди. Шундан сўнг сентябрда бош мураббий Равшан Ҳайдаровнинг истеъфоси маълум қилиниб, Токио Олимпиадаси сари йўлга чиқувчи терманинг янги авлодига Миржалол Қосимов устозлик қилиши эълон қилинган эди. Аммо Қосимов соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли термани бошқара олмаслигини айтгач, октябрда Ҳайдаров лавозимга қайтарилди ва ноябрь ойида БААда «Dubai Cup» мусобақаси ғолиби бўлди.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси
Аввалроқ ОТЖ учун хориждан мураббий олиб келиш ишлари кетаётгани, ЎФА камида тўрт нафар номзодни кўриб чиқаётгани хабар қилинган эди. Хабарда бугун Тошкентда бўлган Друловичдан ташқари италиялик Массимо Фиччаденти, испаниялик Хуан Санчес Македа ва хорватиялик Ненад Грачан номлари ҳам санаб ўтилганди.

Tribuna.uz манбасига кўра, келаси ҳафта рўйхатдаги номзодлардан яна бири, Хорватия ёшлар терма жамоасининг амалдаги бош мураббийи Ненад Грачан билан ҳам учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Ненад Грачан
Янги бош мураббий жамоани 2019 йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралашига тайёрлай бошлайди. Квалификацион раунд қуръасига кўра, Ўзбекистон ОТЖ Ҳиндистон, Тожикистон ва Покистон олимпиячилари билан бирга «F» гуруҳидан ўрин олган. Саралашдан ўтган жамоалар 2020 йил 8-26 январь оралиғида Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Таиланддаги қитъа биринчилигида 16 та жамоа иштирок этади, 1-3 ўринни қўлга киритган термалар Токио-2020 олимпиадасида қатнашиш имконига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги қитъа биринчилиги ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади, икки мусобақанинг бири Олимпиада йўлланмаси соҳибларига ойдинлик киритади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳозирга қадар Олимпия ўйинлари финал босқичида иштирок этмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ОТЖни бошқаришга асосий номзод мураббий Тошкентга келди
[/banner_pushhouse