01:15 / 26.12.2018
3 148

Сабр қилайлик...

Сабр қилайлик...
Сир эмас, якунланаётган 2018 йил футболимиз учун янгиликлар даври бўлди. Биринчидан, миллий чемпионатимиз формати ўзгартирилди, ички турнирларда барча ишлар нисбатан изга солинди. Иккинчидан, Ўзбекистон миллий жамоасига ниҳоят, хориждан бош мураббий олиб келинди.

Бошқача ифода этсак, «Ўз мутахассисларимиз чет эллик мураббийлардан қолишмайдилар» қабилидаги кўр-кўрона ёндашув хато бўлгани тан олинди. Очиғи, шунинг ўзи катта гап. Зеро, айни шундай фикр-ақида оқибатида футболимизнинг энг ёрқин авлоди вакилларидан тўлиқ фойдаланолмадик. Демоқчиманки, агар миллий жамоамиз вақтида малакали мутахассисга топширилганида, Максим Шацких, Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Александр Гейнрих... каби етук ижрочиларга балки мундиалда ўйнаш армон бўлиб қолмасмиди?

Лекин энди буларни ўйлаб, сиқилишдан наф йўқ. Асосийси - келажак. Шахсий фикримча, ўртоқлик учрашувлари натижасию, ўйин сифатига қараб, Эктор Куперни танқидлар бўҳронига йўлиқтирмаслик керак. Шунингдек, аргентиналик мутахассис номзодини танлаган ЎФА раҳбариятини ҳам тинч қўйиб турайлик. Сабр керак, сабр... Ҳеч нарса ўз-ўзидан вужудга келмайди ахир. Унутмайлик, Купер яқиндагина ҳам нималарга қодирлигини исботлаган мураббийдир (Миср термасини узоқ танаффусдан кейин мундиалга олиб чиқди).

Бас шундай экан, Осиё кубоги арафасида уни қўллаб-қувватлайлик. Яна бир томони борки, билишимизча, кўплаб мутахассислар жамоамизда ишлашдан бош тортишган экан. Эҳтимол, улар миллий термамизнинг умумий ҳолати ёмонлиги туфайли келишмагандир. Демак, Куперни ўзига ишонган мураббий сифатида ҳам ҳурмат қилсак бўлаверади.

Омадсиз мутахассис, демагин,
Мақтовга бўлма кўп хасис.
Ёрқин ғалабамиз қилгин ҳис,
Купердан кўнглингни совутма.

Термани шай қилар учқур сор,
Юз бурма, қўллашни билиб ор.
Сеҳргар эмас у, йўқни қиладиган бор,
Купердан кўнглингни совутма.

Бабаян Америка очиб кетгани йўқ,
Терма ҳамон мундиалга етгани йўқ.
Пулни совуриб, кетиб қолгани йўқ,
Купердан кўнглингни совутма.

Ўтиб кетгай заҳматли кунлар,
Дунёда лол бўлар ҳали кўплар.
Хато гапирган тилини тишлар,
Купердан кўнглингни совутма.

Ҳаракат - баракат, битар каму-кўст,
Совуқ гаплардан илон ташлар пўст.
Бунчалар сабрсиз бўлма, эй дўст,
Купердан кўнглингни совутма.

Кексалар дуода қўлларин очишсин,
Ғалаба қалбларга нурин сочсин.
Ният шу - мундиал йўлин очсин,
Купердан кўнглингни совутма.
Бахтиёр ҲАСАНОВ, Поп тумани

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сабр қилайлик...