Жокович Надалдан устун келди ва Australian Open тарихига кирди

  • 27 январь 2019, 16:46
  • 935
  • Спорт
  • Жокович Надалдан устун келди ва Australian Open тарихига кирди
    Мельбурнда эркаклар ўртасида Australian Open финали бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткаси, сербиялик Новак Жокович уч сет давом этган (2 соат) баҳсда турнирга иккинчи рақам остида сараланган испаниялик Рафаэл Надалдан устун келди – 6:3, 6:2, 6:3.
    Шу тариқа, Жокович Австралия Очиқ чемпионати тарихида 7 марта чемпион бўлган ягона спортчига айланди.

    Бундан ташқари, Мельбурндаги ғалаба эвазига Новак «Катта дубулға» туркумидаги турнирларда қўлга киритган совринлари сонини 15тага етказиб, бу борада ҳам пешқадам бўлиб олди. Бу борада энг яхши биринчи ва иккинчи натижалар Роджер Федерер (20) ва Рафаэл Надалга (17) тегишли ҳисобланади.

    Надаль ярим финалда Стефанос Циципасни мағлуб этганди (грециялик бу теннисчи нимчорак финалда турнирнинг амалдаги ғолиби Роджер Федерерни уйига эрта жўнатганди), сербиялик теннисчи эса финал остонасида франциялик Люка Пуини таслим қилганди.

    Қайд этиш керакки, бу Жокович ва Надалнинг ўзаро 53-тўқнашуви бўлди (бу борада бу жуфтлик етакчи, иккинчи ўринда Жокович ва Федерер тўқнашуви - 48 марта). Бугунги ғалабадан кейин Жокович Надални 28-25 ҳисобида ортда қолдирмоқда.

    Эътиборли томони, Мельбурнда, Австралия Очиқ чемпионати доирасида Рафаэль ва Новак фақат бир марта учрашган, бу 2012 йилги финалга тўғри келади, ўшанда ҳам сербиялик теннисчи қарийб 6 соат давом этган баҳсда устун келганди.

    Бугунги финал Надал учун «Катта дубулға» туркумидаги турнирларда 25-финал бўлди, Жокович учун эса – 24-финал.
    Қайд этиш керакки, Жокович ва Надаль иккиси бир бўлиб «Катта дубулға» туркумидаги турнирларнинг охирги 35тасидан 24тасида ғолиб чиқишган.
    2018 йилда Австралия Очиқ чемпионатида финалда хорватиялик Марин Чиличдан устун келган швейцариялик Роджер Федерер чемпион бўлганди.

    Australian Open
    Мельбурн, Австралия

    14 – 27 январь
    «Катта дубулға» турнири

    Соврин жамғармаси – 60 000 000 Австралия доллари
    Очиқ кортлар, хард
    Яккалик разряд

    Финал
    Новак Жокович (Сербия) – Рафаэль Надаль (Испания)
    6:3|6:2|5:3

    » » Жокович Надалдан устун келди ва Australian Open тарихига кирди