19:15 / 28.01.2019
3 172

Роберто Карлос: «Академияларимни Ўзбекистонга ҳам олиб кириш ниятидаман»

Роберто Карлос: «Академияларимни Ўзбекистонга ҳам олиб кириш ниятидаман»
Жаҳон футболи афсонаси Роберто Карлос бугун, 28 январь куни Тошкентга сафари якунида матбуот анжуманида қатнашди.

– Кеча тунда Барселонада бўлиб ўтган «Эспаньол»–«Реал» ўйинини томоша қилдим, сўнг у ердан тўғри Тошкентга учиб келдим. Бу ерда болалар билан кўришиб, уларга мастер-класс ўтказдим, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашдим. Чарчаган бўлсам-да, бугунги ўтган кунимдан хурсандман. Жуда кўп ишлайман, ҳатто «Реал Мадрид»дан кўпроқ ишлайман. Бу ерга келишимга ҳисса қўшган барчадан мамнунман.

– Испаниядаги футбол академиялари билан яқиндан танишсиз. Бугун эса Ўзбекистондаги академиялар билан қисман бўлса-да, танишдингиз. Ўзбекистондаги футбол мактаблари жаҳон даражасига чиқиши учун нималарга кўпроқ аҳамият қаратиши керак?
– Тўғри, менинг ўзимнинг ҳам академияларим бор. Бу академияларимни келажакда Ўзбекистонга олиб кириш режаси ҳам бор, бу ҳақда алоҳида гаплашамиз. Аввало, тўғри йўлга қўйилган машғулотлар ва керакли билимга эга мураббийлар керак.

– Ўзбек футболи деганда нималар кўз олдингизга келади? Одил Аҳмедов билан «Анжи»да бирга ўйнагансиз, Ривалдо «Бунёдкор»да тўп сурган... Ўзбек футболига боғлиқ бирорта қизиқарли воқеани айтиб бера оласизми?
– Одил билан муносабатларимиз илиқ. Ўзбек футболида потенциал борлигига ишонаман. Ўзбекистон футболда кўпроқ нарсаларга эриша олади. Ўзбек футболи менга ёқади.

– Билишимча, меҳрибон фарзанд экансиз. Ёшлигингизда отангизга янги уй олиб бераман деб ваъда берган экансиз...
– Оилага нисбатан ғамхўр бўлиш фақат Бразилияда эмас, бутун жаҳонда одатий ҳол. Биринчи шартномамга имзо чекаётган вақтимда шуни ният қилиб, илк маошимдан оиламга уй олиб берганман. Улар ҳозир ҳам ўша уйда яшашади.

– Агар жаҳон чемпиони бўла олмаганингизда, ЕЧЛнинг учта кубогини мундиал кубогига алмаштирган бўлармидингиз?
– Йўқ, бундай демаган бўлардим. Мен барча совринларни ютишни истайман, деган бўлардим, холос. Бахтимга барча совринларни ютиш менга насиб этган.

– Ўн йиллар илгари сиз ва бошқа кўплаб футбол юлдузлари ҳар хил реклама роликларида суратга тушишарди. Нега ҳозир бундай роликлар ишланмай қўйди, деб ўйлайсиз?
– Мен ўйнаган давримда камида 40 футболчи бўларди, «Олтин тўп»ни олиш учун эса 10-15 нафар даъвогар бўларди. Ҳозир эса уларнинг сони 3-4 нафар билан чекланиб қолган. Рақобат бироз сусайган, эҳтимол сабаб шундадир.

– Бразилия терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлган вақтдаги юлдузли таркиб аъзолари ҳозиргача йиғилишиб турасизларми? Бизда буни чойхона дейишади, шунга ўхшаш давра сақланиб қолганми?
– У таркибдаги футболчилар ҳозир дунёнинг турли чеккаларида фаолият юритишяпти. Роналдо «Вальядолид»да, Роналдиньо Орландода... Шунга қарамай, WhatsApp`да гуруҳимиз бор ва у ерда хабарлашиб турамиз.

– ЎФА сизга мураббийлик шартномасини таклиф қилса, қабул қилармидингиз? Бугун Ўзбекистонда ёш футболчиларни кузатдингиз, улар билан ютуққа эриша оламан, деб ҳисоблайсизми?
– Ўзбекистонга келишимдан биринчи мақсад бу ернинг маданияти ва бу мамлакат футболи ривожига ҳисса қўшаётган одамлар билан танишиш. Келажакда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо ҳозир «Реал» билан 5 йиллик шартномам бор.

– Сиз ўйнаган даврдаги «Реал» кучлироқмиди ёки Зидан мураббийлигида кетма-кет уч марта ЕЧЛда ғолиб чиққан жамоами?
– Мен «Галактикос»ни кучлироқ, деб ҳисоблайман.

– 1997 йили Франция дарвозасига урган шедевр голингизни қандай хотирлайсиз? Бундай маҳоратга эришиш учун нималар қилиш керак?
– Машғулотларга урғу бериш керак. Ҳар томонлама – ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан. Мен машғулотга ҳаммадан олдин келиб, ҳаммадан кейин кетардим. Ана ўша машқлар туфайли бир кун шундай гол уришга муваффақ бўлганман. Ўша голим сизга ёқадими? Бунақасини бошқа кўрмайсиз.

– Ўзбек ошхонаси сизга манзур бўлдими?
– Албатта, ўзбек таомлари менга жуда ёқади. Ўзбек таомлари ҳақида бу ерга келмасимдан олдин тушунчам бор эди. Москвада 3 йил яшаганимда уйимга яқинроқ жойда ўзбек ресторани бор эди. Шунинг учун бу таомлар менга бегона эмас.

– Ҳозир «Реал» билан 5 йиллик шартномангиз борлигини айтдингиз. Қандай воқеа рўй берса ва қанча пул таклиф қилишса, «Барселона»га ўтардингиз?
– Бу энг ўзига хос савол бўлди. Пуйоль ҳам Тошкентга келган, сиз уни «Реал» либосида тасаввур қила оласизми? Худди шу каби мен ҳам «Реал»нинг тимсоли ҳисобланаман. Бу клубга ўзимни бутунлай бахшида этганимдан буни тасаввур ҳам қила олмайман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роберто Карлос: «Академияларимни Ўзбекистонга ҳам олиб кириш ниятидаман»