08:25 / 04.02.2019
5 728

Эктор Купернинг уч асосий хатоси

Эктор Купернинг уч асосий хатоси
Ўтган куни Қатар миллий жамоаси Осиё Кубоги ғолибига айланди. Қатарликларнинг мусобақадаги чиройли юришлари олдида бошқа ҳар қандай мулоҳаза хира тортиб қолади. Уларнинг ғалабаси фонида Эктор Купер ҳақида гаплашиш сал ғалатироқку, аммо келинг, кечаги ваъдага хилоф кетмасдан бугун аргентиналик мураббийнинг қитъа биринчилигидаги хатолари ҳақида гаплашсак. Зеро олдин ҳам айтганман, агарда у ҳаммасини юз фоиз тўғри бажарганда ҳозир Қатар эмас, балки биз эйфорияда юрган бўлардик. Демак, бошладик.

1. Таркиб. Купер келгунга қадар Ўзбекистон миллий жамоасида бир жараён бошланган эди – қайта шаклланиш. Атайлаб ҳозир “ёшартириш” демаяпман, чунки бу сўзнинг жуда сийқаси чиқиб кетди. Шундоқ ҳам Куперга қадар жамоани вақтинча бошқариб турган Темур Кападзе бу борада катта ҳажмда иш бажаргани аниқ. Сенегал ва Уругвайга қарши кечган ўйинлар бунга далил.

Аммо Эктор Купер бу ишни давом эттиришни истамади. Аксинча, у ҳаммасини бирламчи нуқтага қайтариб қўйди. Аргентиналик мураббий келгунга қадар Акмал Шораҳмедов, Олег Зотеев, Егор Кримец ва Даврон Ҳошимовларни ҳеч ким миллий жамоада кўрмаётган эди. Иван Нагаев ҳақида-ку, умуман индамаяпман. Агар у жароҳат олиб қолмаганда ким билади дейсиз, Осиё Кубогида балки Элдор Шомуродовга бу қадар ишонч билдирилмаган бўларди.

2. Ўртоқлик ўйинлари. Йирик мусобақага тайёрланиш асносида ўртоқлик ўйинларини аҳамияти жуда катта бўлади. Боз устига мураббий янги тайинланган бўлса. Ғояларни теория ва машғулотлар давомида тушунтирган яхши, аммо ўртоқлик ўйинларида амалда қўллаб кўрмаса, оқибати яхши бўлмайди. Бахтимизга Осиё Кубогидаги илк ўйинларимиз Уммон ва Туркманистонга қарши кечди.
Акс-ҳолда нималар бўлишини ўйлашга ҳам қўрқади, киши.

3. Австралия билан ўйиндаги захира алмаштиришлари. Аниқроғи, улар кеч амалга оширилгани. Нимчорак финал учрашувининг иккинчи бўлимида бир қатор футболчилар чарчагани ёки ўйиндан чиқиб қолгани кўриниб турганди. Масалан, барча ўйинларни асосий таркибда ўтказган Жавоҳир Сидиқов яккакурашларни бой бериб қўяётган эди. Кўп мақталган Одил Аҳмедовнинг ўйини эса қовушмай қолди. Қанот футболчиларини ўзгартириш ҳам талаб қилинаётганди.

Аммо Купер нима учундир қўшимча бўлимни кутди. Одил Ҳамробеков ва Сардор Рашидов каби футболчилар бутун ўйин давомида захирада қолиб кетгани эса, мутлақо тушунарсиз ҳолат. Дарвоқе, бир йил олдин Хитойда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси – Одил Ҳамробеков бу мусобақада бир дақиқа ҳам ўйнамагани эса, икки марта тушунарсиз...

Умид қиламиз, Купер мусобақадан келиб чиқиб ўзи учун тўғри хулоса чиқаради. Ҳар ҳолда олдинда бизни Жаҳон чемпионати саралаши кутиб турибди...
Зафар ҚОСИМОВ

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купернинг уч асосий хатоси