15:55 / 06.04.2019
2 380

Усмон Тошев: "Менимча, Осиёда ҳали ҳам келишилган ўйинлар бор экан"

Усмон Тошев: "Менимча, Осиёда ҳали ҳам келишилган ўйинлар бор экан"
Тожикистон олимпия терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш баҳсларида Тошкентдаги турнирда қатнашиб 2-ўринни олди. Усмон Тошев бошчилигидаги тожиклар Ҳиндистонни 2:0 ҳисобида ютиб, Ўзбекистон билан 0:0 ўйнаган бўлса-да, бу натижалар уларнинг Осиё чемпионатига чиқишга етарли бўлмади. Биз эса Усмон Тошев билан боғланиб, саралаш баҳслари ҳақида гаплашдик.

- Тожикистон терма жамоаси саралаш баҳсларида ўз дарвозасидан гол ўтказмаган бўлса-да, барибир Осиё чемпионатига чиқа олмади…
- Бу мусобақагача иккита йиғин ўтказдик. Бир қатор назорат учрашувларида ғалабалар қозондик ва иккита-учта учрашувда дуранг ўйнадик. Тожикистон футболи раҳбарлари бизга керакли шароитларни яратиб беришди. Ҳеч ким ишимга ҳалақит қилмади. Чунки шартномада шундай банд бор эди. Шунинг учун ҳамма ўз сўзида турди ва ҳаммасини ўзимга қўйиб беришди. Ўзим учун керакли футболчиларни таркибга чақирдим. Турнирда эса бизнинг минимум мақсадимиз етти очко олиш эди. Ҳиндистон билан Покистонни ютиб, Ўзбекистон билан дуранг ўйнасак 100 фоиз Осиё чемпионатига чиқамиз деб режа тузгандик. Аммо кутилмаганда Покистон мусобақада қатнашмайдиган бўлди. Шундан сўнг Ҳиндистонни мағлуб этиб, Ўзбекистон билан дуранг ўйнаш вазифаси қолганди ва бу натижа ҳам бизнинг Осиё чемпионатига чиқишимизга ёрдам берарди.

Ҳиндистон билан яхши ўйнадик дея олмасам-да, муҳими уч очкони қўлга киритдик. Аммо иккала учрашувни таҳлил қиладиган бўлсак, йигитларимиз ҳали руҳий томондан тўлиқ тайёр эмасдилар. Ваҳоланки, мусобақага тайёргарлик давомида Эрон, Қатар, БАА каби кучли рақибларни ютдик. Тожикистон эса бу рақибларни ҳали ютмаганди. Лекин барибир ўртоқлик учрашуви билан расмий ўйиннинг фарқи жуда катта. Барибир расмий учрашувда футболчиларда босим кучли бўлди. Ўртоқлик ўйинларида йигитлар жуда эркин тўп суришганди. Ҳиндистонни ютган бўлсак-да, барибир ўйин мен ўйлагандек бўлмади. Нимагадир футболчиларимизнинг ҳаракатлари қийинлашганди. Нима учун Ўзбекистон ушбу саралаш мусобақасини ўзида қабул қилди? Буни ҳамма тушуниб турганди, чунки уларнинг ҳам асосий мақсади Осиё чемпионатига чиқиш эди. Биз эса буни билардик.

Шу сабабли Ўзбекистонга қарши учрашувда бизнинг ғалабага бўлган имкониятимиз жуда паст эди. Лекин ҳеч бўлмаганда камида дуранг ўйнашимиз мумкин эди. Футболчиларимиз ҳам буни яхши билишарди. Агар дарвозамиздан гол ўтказиб юбормасак, олдинда барибир гол уриш учун имкониятимиз бўлади деб айтгандим. Лекин ўйин давомида йигитларимизда ҳимояда 100 фоизли ишонч билан ўйнаб, гол урмасак ҳам дуранг биз учун етади деган ҳаёл уларнинг мияларига ўрнашиб қолганди. Дарҳақиқат, футболчиларим майдонда 100 фоиз борини бериб ўйнашди. Лекин ўша учрашувда индивидуал хатоларга кўп йўл қўйдик, бироқ дарвозабонимиз яхши ўйнади. Барибир биз саралаш баҳсларидан қониқдик ва Тожикистон футболи бир қадам олинга силжиганини кўрдик. Энди миллий терма жамоа билан шуғулланганимда ҳам менга бироз қийин бўлади. Чунки унинг асосини ҳозирги ёшларимиз ташкил қилишади. Биз миллий терма жамоани ёшартирамиз.

Ўзбекистон билан солиштирадиган бўлсак, улар жуда яхши шароият ва имкониятлар асосида тайёрланишди. Лекин улар ҳам, биз ҳам гол ўтказмадик. Ўзбекистон учта гол урди, биз эса иккита гол урдик. Фақат битта гол етишмади. Лекин бошқа гуруҳлардаги жамоалар ўзлари учун керакли натижани кўрсатишди. Кимга қанақа ҳисоб керак бўлса, ўша ҳисобни қайд этишди. Агар ҳақиқат бўлганида биз ҳам албатта Осиё чемпионатига чиққан бўлардик. Лекин ҳали ҳам Осиё футболида ўйин ичидаги ўйинлар бор экан. Барибир мухлислар ва футболимиз раҳбарлари бизга миннатдорчилик билдиришди. Шунчаки охирида мен ўйламаган ишлар бўлди, яъни, менимча келишилган ўйинлар кузатилди. Масалан, Австралия Жанубий Кореяни 2:0 га ютаётиб якунда 2:2 ўйнади. Саудия Арабистони билан БАА эса 1:1 ўйнади.

- Ўша сиз айтаётган келишилган ўйинлар ҳақида гап кетганда, кўпчилик Ўзбекистон – Тожикистон учрашувини ҳам келишилган дея гапиришмоқда…
- Бу ҳақида эшитмабман. Лекин ўйин 0:0 ҳисобида якунланди, бу натижанинг бизга нима кераги бор? Ахир 0:0 бизни Осиё чемпионатига олиб чиқмади-ку. Агар Ўзбекистон билан келишган бўлганимизда 1:1 ёки 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашимиз керак эди. Лекин биласизми, биз 1:1 ўйнаганимизда БАА Саудия билан 2:2 ўйнаган бўларди. Чунки улар бизнинг натижамизга қараб ўйнашди ва шунга яраша ўзлари учун керакли ҳисобни қайд этишди. Қолаверса, менинг келишилган ўйинлардан узоқдалигимни ҳамма билади. Агар ростдан келишганимизда мен футболчиларга бу ҳақида айтишим керак бўларди.

- Лекин Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинини ҳеч кимга ёқмади ва танқид қилинди. Бироқ ўйиндан сўнг терма жамоамиз бош мураббий Любинко Друлович фантастик ўйин кўрсатдик дея изоҳ берди. Бунга нима деган бўлардингиз?
- Қанақа фантастик? Мен бунга тушунмайман. Биласиз, доим ўйин ёддан чиқади, натижа эса бир умр қолади. Сиз қандай ўйнадингиз, ким зарба берди, ким стандартдан фойдалана олмади, буларнинг ҳаммаси унутилади. Олдинлари Ўзбекистон Тожикистонга 3-4 та гол урарди. Албатта, айрим нарсаларни тўғрилашда менга озгина вақт ҳам етишмади. Лекин аста-секин ўйинимизда ижобийлик кўзга ташланяпти. Жамоавий ҳимояланиш ҳам футболда осон эмас.

- Энди Тожикистон миллий терма жамоасида қачондан ишга киришасиз?
- Тошкентда 8 апрелдан ОФКнинг «В» мураббийлар учун ўқув-курсини бошлайман. 12 апрелгача курслар давом этади. Ўша пайтда эса Тожикистонда ички чемпионат тақвими тузиб чиқилади. 1- ва 2-турлар бор, аммо тўлиқ тақвимни энди тузишади. Шунга қараб, режаларимизни ишлаб чиқамиз. 15 сентябрдан кейин мусобақалар бошланади ва унгача вақтимиз бор. Биз жаҳон чемпионати саралашининг кейинги босқичига чиқиш учун курашамиз. Тожикистонда футболга катта эътибор қаратиляпти. 30 минг мухлисга мўлжалланган янги стадион қурилиши ҳам бошланяпти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Усмон Тошев: "Менимча, Осиёда ҳали ҳам келишилган ўйинлар бор экан"