Миржалол Қосимов: "Роналду голни бундай нишонлашни Полвоновдан ўрганган"

  • 07 апрель 2019, 21:30
  • 1 006
  • Спорт
  • Миржалол Қосимов: "Роналду голни бундай нишонлашни Полвоновдан ўрганган"
    АГМК устози Миржалол Қосимов "Қўқон-1912" жамоасига қарши ўйиндаги йирик ғалабадан сўнг (7:1) матбуот анжуманида ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди.
    Анжуман давомида мураббийга бугунги ўйинда бешта гол киритган Зафар Полвонов ҳамроҳлик қилди.

    "Ғалабадан албатта хурсандмиз. Ўйин бошидан яхши ҳаракат қилдик. Бизда яхши имкониятлар юзага келди. Зафар Полвонов биринчи голини уриб олди. Ўйиннинг охиригача шу тарзда давом этдик. Ўйиндан қониқдим десам ҳам бўлади. Аммо, барибир ҳали кўп ишлашимиз лозим. Бундай вазият доим ҳам бўлавермайди. Рақиб жамоа футболчиси қизил карточка олгани бизга енгиллик берди деб ўйлайман. Умуман, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Нўъмон Ҳасановни ҳам тушуниб турибман. Бу футболда кўп бўлиб турадиган ҳолат. Бизнинг касбимиз шундай.

    Ўйинга ташриф буюрган мухлисларга раҳмат. Кейинги ўйинларда ҳам уларни кутиб қоламиз", - деб сўз бошлади Миржалол Қосимов.

    Зафар Полвонов: "Ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик. Чунки, ортга йўл йўқ эди. Йигитларга раҳмат. Мухлислар олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлди. Мен ҳам мураббий ишончини оқлаганимдан хурсандман. Бундан кейин ҳам меҳнат қилишда давом этамиз.

    -Илк ғалаба йирик бўлди ва чиройли ўйин эвазига қўлга киритилди. Ҳимоядаги ўйин, ҳусусан Дилшод Жўраевнинг ўйини ҳақида фикрингиз.
    -Дилшод универсал футболчи ҳисобланади. Мен ҳимояда муаммолар кўрдим. Шунинг учун ҳам у ҳимояда ўйнади. Футболда бундай вазиятлар кўп бўлади. Бобур билан бирга у менга маъқул келадиган футболни намойиш этиши. Улар бир-бирини янада тушуниб кетиши учун вақт керак.

    -ПФЛ регламентига кўра Олимпия терма жамоаси учун мос келадиган футболчи камида бир бўлим майдонда ҳаракат қилиши лозим. Кўпчилик бундай футболчиларни асосан биринчи бўлимда ўйнатмоқда. Аммо, сиз бугун иккинчи таймда туширдингиз. Бу орқали сиз таваккал қилдингизми ёки ўйин тақдирини биринчи бўлимдаёқ ҳал қилмоқчимидингиз?
    -Авваламбор, ўз майдонимизда ўйганимиз сабаб тезроқ натижани ўзимиз учун яхши ҳолатга олиб келишимиз керак эди. Иккинчи таймда эса ёшларга имкон беришни мақсад қилгандик.

    -Бундай усул жамоа ғалаба қозониб турганда унча билинмайди. Аммо, мағлубият вақтида кимнидир мажбуран тушириш шарт бўлган вазиятлар мураббийларга қийинчилик туғдирмайдими?
    -Агар бу усул келаси йил ҳам қўлланиладиган бўлса бизга осонроқ бўлади. Ёш футболчиларни жамоага жалб қилишни имкон қадар тезроқ бошлаймиз. Тўғри, баъзида шундай вазиятлар бўлиб қолади. Баъзида кутилмаган жароҳатлар ҳам бўлиб қолади. Футбол шуниси билан қизиқ. Шунинг учун ҳам спортнинг ушбу тури жаҳонда оммалашган.

    -Зафар Полвоновга савол. Бугун бешта гол киритдингиз. Бунақаси яқин йиллар ичида Ўзбекистон футболида бўлмаганди. Бундан таассуротларингиз қандай?
    -Мен ҳужумчиман ва асосий ишим гол киритиш. Бугун ўз ишимни қилдим. Энг яхши ўйин деб ҳисоблайманми? Ҳа, албатта.

    - Голни нишонлашингиз ҳақида. Бу Роналдуга мухлислик қилишингизданми?
    Ушбу саволга Миржалол Қосимов жавоб берди: Йўқ, голни бундай нишонлашни Роналду Зафар Полвоновдан ўрганган (залда кулгу).

    » » Миржалол Қосимов: "Роналду голни бундай нишонлашни Полвоновдан ўрганган"