21:34 / 28.04.2019
2 564

"Ҳозирда мард мутахассис борми?" ёхуд "Қизилқум" устози бор ҳақиқатларни ошкор этди

"Ҳозирда мард мутахассис борми?" ёхуд "Қизилқум" устози бор ҳақиқатларни ошкор этди
Суперлига 6-туридан ўрин олган "Локомотив" ҳамда "Қизилқум" (3:1) жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг меҳмонлар устози Ҳамиджон Актамов учрашув борасидаги фикрларини билдириб ўтди.

"Бугун бир таймда икки хил ўйин гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда йўл қўйган қўпол хатомизни "Локомотив" гол билан жазолаб қўйди. Баҳс аввалида йигитларга рақиб хатолардан унумли фойдалиши борасида айтиб ўтган эдим. Аммо кўникиб олишимиз учун вақт керак бўлди. "Локомотив" - мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони саналади ва кучли жамоа.

Ички муҳитда етишмовчиликлар, камчиликлар бор. Жамоамизда захира ўриндиғи том маънода тор. Захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтирадиган футболчи мавжуд эмас. Балки, фақатгина бир хил таркиб ўйнайверганидан, футболчилар ҳам ўз устиларида ишламай қўйишгандир.

Селекция ишларида адашдик деб ўйлайман. Йил аввалида молиявий қийинчиликларга учрадик. Шу нарсалар мана, ўз таъсирини кўрсатмоқда. Кўриб турганингидек, 10 та футболчимиз бор. Ўринбосарлар жамоасидаги футболчиларни синаб кўрмоқдамиз.

Геворкяннинг кетиши? Футболчиларнинг ҳаёти шундай. Унга яхшироқ пул таклиф қилинди ва Малайзияга кетди. Барчаси молиявия аҳволга бориб тақалади.

Столни олдида ўтириб олиб гапирадиган "мутахассислар" менга ақллилик қилгунча бу ерга келсин. Мен билан уч кун бирга ишласин. Ҳаттоки ўзимнинг олдимда ўтирганлар ҳам 3 кун ишлай олмай қочиб кетади. Ҳозир мард мутахассис борми? Рельс устига қўйилган тайёр поездни ҳайдаб кетишни мен ҳам биламан.

Иккинчи лигада, кўчада юрган заводнинг футболчиларини йиғиб, шу даражага қадар етиб келдим. Иккинчи лига жамоасига мураббий бўдим, биринчи лига клубига мураббий бўлдим ва ҳозир юқори дивизион жамоаси устозиман. Менинг олдимга Суперлигада 5-6-ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилган ва ҳозирги аҳвол мен учун қониқарли.

Ҳозирга қадар "Қизилқум"да академия мавжуд эмас эди. Биз мана неча йилдирки, футболчи ёллаб, у билан шартнома тузиб, ўйнатиб келамиз. Бу йилдан эса ЎФА талаби туфайли вилоят футбол академияси билан шартнома имзоладик. Академия кеча тузилгани билан натижаси бугун кўринмайди. "Насаф" академияси 10 йилда мева берди. Бизда эса ҳали ички структура энди ривожланмоқда. Бунга ҳам вақт керак.

Ҳакамлар ҳақида гапириш афсуски, одат бўлиб қолди. Ўзингиз ҳам яхши биласиз, "Локомотив" ҳакамлар ёрдамига муҳтож жамоа эмас ва Осиёда ҳам ўз обрўсига эга. Ҳакамлар доимо кучли жамоаларга симпатия билдиришади", - деб Актамовнинг сўзларини келтириб ўтди SPORTS.uz сайти мухбири Шаҳзод Холбоев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Ҳозирда мард мутахассис борми?" ёхуд "Қизилқум" устози бор ҳақиқатларни ошкор этди