
“Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдуҳолиқов яна кўпчиликнинг эътиборида бўлиб турибди. У Суперлиганинг кетма-кет олтита учрашувидан бери гол уриб келмоқда. Қолаверса, ҳужумчи Осиё Чемпионлар лигасида ҳам гол уришни унутиб қўяётгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, Абдуҳолиқов мавсумни жуда яхши бошлади. Айни пайтда мураббийлар томонидан ўзига билдирилаётган ишончни тўла оқлаб келяпти десак янглишмаймиз.
Агар шу руҳда давом этадиган бўлса, Темурхўжа тўпурарлик учун асосий номзодга айланса ҳам ажаб эмас. Кўпчилик “Локомотив”дан тўпурар ҳужумчи Марат Бикмаев кетганидан сўнг унинг ўрнини Абдуҳолиқов муносиб тўлдира олармикин, деган саволларни ҳам ўртага ташлашганди. Мана, кўриб турибмизки, Темурхўжа Маратнинг йўқлигини умуман сездирмаяпти. У ўзига билдирилаётган ишонч ва имкониятдан унумли фойдаланиб келмоқда.
- Темурхўжа, сиз олтита ўйиндан бери гол уриб келяпсиз. Бунинг боиси нимада? Жамоадошларингизнинг ҳиссасими ёки индивидуал маҳоратми?
- Футбол жамоавий ўйин бўлгани учун ураётган голларим биргина менинг ҳиссам билан ўлчанмайди. Қолаверса, бизда яхши жамоа ва мураббийлар штаби бор. Шунинг ҳисобига ҳам ҳар ўйинда голлар уришга муваффақ бўляпман. Кўраётган бўлсангиз, жамоадошларим ҳар бир учрашувда менга қулай имкониятларни яратиб беришяпти. Мен эса ўзим учун яратилаётган бундай имкониятлардан қўлимдан келганича фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Ишқилиб, кўз тегмасин деб туринг (кулади). Ҳаммаси фақат жамоавий ўйин эвазига содир бўляпти. Ёки футболни битта ўйинчи ўйнаганини кўрганмисиз?
- Лекин “Локомотив”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки бизни хафа қиляпти. Жамоангиз ушбу мусобақада имкониятларини тўлиқ кўрсата олмаяпти. Натижада очколарни йўқотиб, қийин аҳволга тушиб қоляпти...
- Чемпионлар лигасида кучсиз рақибларнинг ўзи бўлмайди. Аслида ҳар бир учрашувда ғалаба учун охиригача ҳаракат қиляпмиз. Бироқ якунда натижа биз ўйлагандек бўлиб чиқмаяпти. Тўғри, шундай ўйинлар бўладики, унда рақиб жамоага умуман имконият қолдиришмайди. Лекин биз билан бундай ҳолат юз бераётгани йўқ. Саудия Арабистонида ҳам, Қатарда ҳам ўйинни яхши бошладик. Голлар ҳам урдик. Аммо охиригача барқарорликни сақлаб қола олмадик. Ўша учрашувларда “Локомотив”дан омад юз ўгирди десак ҳам бўлади. Балки ўзимизга бўлган ишончни ҳам охиригача кўрсата олмаётгандирмиз. Бунинг натижасида биз аламли мағлубиятларга учрадик.
Ҳозирдан бизнинг кейинги тақдиримиз ҳақида хулоса чиқаришга эрта. Биз охиригача кейинчи босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Асосий мақсадимиз ҳам шу. Лекин нима сабабдан ютадиган ўйинларимизда ютқазиб қўяётганимизни ўзим ҳам билмаяпман. Агар бунинг сабабларини билганимизда ўша хатоларимизни тўғрилаган бўлардик. Лекин айниқса, Саудия ва Қатарда жуда аламли мағлубиятларга учрадик. Тошкентда эса “Ал Иттиҳод” билан дуранг ўйнаб қўйдик. Бироқ ўша учрашувда ҳам бизнинг ғалаба қозонишга яхши имкониятимиз бор эди. Лекин бутун диққат-эътиборимиз фақат Осиё Чемпионлар лигасига қаратилган десак ҳам нотўғри бўлади.
Чунки бизда миллий чемпионат баҳслари ҳам давом этяпти. Шунинг учун биз бор эътиборимизни ўйиндан-ўйингача қаратяпмиз. Масалан, бунгача ички чемпионат доирасида “Қўқон-1912” билан ўйинга бор эътиборимизни қаратган бўлсак, энди Осиё Чемпионлар лигасидаги баҳсга тайёрланяпмиз. Агар ҳозир мавсум охири бўлганида ҳам майли эди ва энди биз барча ўй-хаёлларимизни ОЧЛга қаратган бўлардик. Лекин ҳозир бундай эмас. Биз ўзимиз иштирок этаётган барча мусобақада охиригача боришга ҳаракат қиламиз. Боя айтганимдек, чемпионлар лигасида бизда ҳали имконият бор. Фақат насиб қилгани бўлади.
- Лекин “Локомотив” жамоасининг Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларини таҳлил қилар эканмиз, ўтган йилларга нисбатан бу йил бироз кучсиз ўйин кўрсатаётгандек. Балки бу қишда таркибни бир қатор етакчи футболчилар тарк этгани билан боғлиқдир.
- Ўтган йили ҳам чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмагандик.
- Аммо “Локо”нинг ўйини бу йилгисига нисбатан жозибалироқ эди...
- Кучли ўйнаймизми ёки кучсизми, барибир гуруҳдан чиқа олсак, шунда дастлабки вазифа бажарилган бўлади. Агар зўр ўйнаб туриб, гуруҳдан чиқа олмасак бунинг нима фойдаси бор? Биз учун натижа устивор вазифа. Ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишга астойдил ҳаракат қиляпмиз-у, бироқ доим ҳам сиз ўйлагандек бўлиб чиқавермайди. Шунинг учун ўтган йили кучли, бу йил кучсиз ўйнаяпти, деган фикрларга қўшилмайман. Биз доим чиройли ўйнаб, натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ғалаба қозонишни эса ҳамма ҳам хоҳлайди. Шу боис рақиблар ҳам жиддий қаришилик кўрсатишади.
- Суперлигамизда шу нарса кўриниб қоляптики, бошқа жамоаларнинг “Пахтакор” ва “Локомотив” даражасига етишиши жуда қийин. Фикрингизча, чемпионатимизнинг бугунги савияси қандай?
- Чемпионатимизда кўзга ташланаётгани нарса – бу чиройли голлар киритиляпти. Бундан хурсандман. Ростдан ҳам чемпионатимиз ўйинларида шедевр, такрорланмас голлар урилаётгани барибир мухлисларни ўзига жалб этмасдан қўймайди. Агарда ракурслар бисёр бўлиб, чиройли голлар телевидениеда кўпроқ кўрсатилса фақат фойдадан ҳоли бўлмасди. Мени биринчи навбатда қувонтираётгани айнан чиройли голлар. Қолганлари эса олдингидек.
- Қолаверса, чемпионлик учун кураш яна “Пахтакор” билан “Локомотив” ўртасида кечадигандек...
- Ҳамма ҳам чемпионлик учун кўпроқ жамоалар курашишини хоҳлайди. Мавсум яқинда бошланди ва ҳали узоқ давом этади. Балки чемпионат давомида кўп нарсалар ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Лекин Европа биринчиликларига қарайлик, Испанияда чемпионлик учун “Барселона, “Реал” ва “Атлетико” курашди. Англияда ким? “Манчестер Сити” билан “Ливерпуль” талашяпти. Германияда “Бавария” билан “Боруссия” (Дортмунд).
Францияда эса чемпионлик учун фақат ПСЖ даъвогарлик қилиб қилди. Тўғри, бизда “Пахтакор” билан “Локомотив” олдинда кетишяпти, балки бу бошланишидир. Менимча, ҳали кўп жамоалар ўз ўйинларини топиб улгуришгани йўқ. Ҳар бир ўйин биз учун қийин ўтади. Чунки жамоалар бизга қарши ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Шу сабабли ҳозирда ҳар бир ўйин, гол ва очконинг қадри жуда баланд.
- Боя чиройли голлар ҳақида гапирдингиз. 3-турда “Андижон” дарвозасига сиз ҳам ажойиб гол урганингизни яхши эслаймиз. Айтинг-чи, фаолиятингизда киритган чиройли голларингиз орасида “Андижон” дарвозасига киритган тўпингизни нечанчи ўринга қўйган бўлардингиз?
- 2016 йили ҳам “Металлург” дарвозасига худди “Андижон”га ургандек гол муаллифи бўлгандим. Менимча, архив видеоларига қарасангиз ҳам чиқади. Шу боис “Андижон”га урган голим мен учун янгилик бўлгани йўқ. Барибир бундай услубда киритган биринчи голингиз бошқача туюлади. Машғулотларда ҳам шундай голлар уриб тураман. Аммо барибир расмий ўйинда киритган голлар бошқача туюлади. Хуллас, аввал ҳам шундай гол урганим боис бу сафар бу мен учун ноодатий бўлиб кўринмади. Менимча, фаолиятимдаги чиройли голлар орасида буниси кучли бешликка кирса керак.
- Сиз ўша 2016 йилда 22 та гол билан чемпионат тўпурари ҳам бўлгандингиз. Бу йил ҳам шаштингиз баланд ва ҳозиргача 6 та гол уришга эришдингиз. Кетма-кет голли сериядаги барқарорликни сақлаб қолиш истагингиз ҳам кучли бўлса керак...
- Футболда энг асосийси, гол уриш. Натижа аввало гол билан боғлиқ. Бунинг устига сиз ҳужумчи бўлганингиздан кейин ишингиз фақат гол уришдан иборат бўлиб қолади. Шунинг учун мен ҳам ҳар бир учрашувда ўз ишимни бажаришга ҳаракат қиляпман. Барқарорлик? У ёғини вақт кўрсатади. Лекин голли серияни давом эттириш қийин бўлишини ўзим ҳам тушуниб турибман. Четдан қараганда ҳаммага голлар ураётганим осон кўриниши мумкин. Лекин бунинг замирида катта меҳнат ётибди. Ҳужумчи ҳаттоки, яккама-якка вазиятда ва бўш қолган дарвозага ҳам гол ура олмаслиги мумкин.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар