date
views 1 924

Шота Арвеладзе: "Биз жуда эрта бўшашиб, ўйин тизгинини қўлдан чиқардик"

Шота Арвеладзе: "Биз жуда эрта бўшашиб, ўйин тизгинини қўлдан чиқардик"
Суперлиганинг 8-тур доирасидаги марказий тўқнашув "Пахтакор" - "Навбаҳор" (2:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "шерлар" бош мураббийи Шота Арвеладзе иштирок этди.
- Қизиқарли тўқнашув юзага келди. Ўйиндаги азарт, кескинлик ва шиддат юқори бўлди. Чемпионат етакчилари ўйнашди, вазиятлар, сариқ карточкалар ва голлар. Бу ҳафта нафақат "Пахтакор" учун, балки "Барселона" ва "Аякс" учун ЕЧЛда аламли бўлди. Албатта бу ачинарли. Алам қилгани шуки, рақибда деярли юз фоизлик вазият юзага келмади. Ҳисоб 2:0 га айлангач жамоа бўшашди.

Шунингдек, бугун "Навбаҳор"ни қўллаш учун келган наманганлик мухлисларни ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Улар ўйин охиригача ўз суюклиларини тинимсиз олқишлаб, қўллаб туришди. Мавсум давом этади. Осон ўйинларнинг ўзи йўқ. Барча баҳс қийин ўтмоқда. "Пахтакор" ўз йўналишида ҳаракатланишни давом эттиради.

- Жорий мавсумда илк бор ғалабани қўлдан чиқарганимизга асосий сабаблардан бири, бу рақибнинг муносиб қаршилиги. Шунингдек, биз жуда эрта бўшашиб, ўйин тизгинини қўлдан чиқардик. Натижага ўйнашни бошлаб юборгач, кўпроқ орқага ўйнадик. "Навбаҳор" эса биринчи голни уриб олгач тезда ўйинга қайтди. Балки жамоамизга қийин режим ҳам халақит қилгандир. Чунки ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказяпмиз. Бу ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шунга қарамай юқори даражада ўйнаётган жамоамизни мақтаб қўймоқчиман. Бу осон эмас. Ҳали айтганимдек, чемпионат давом этади. Биз эса йўл қўйилган хатолардан тегишли хулосалар чиқаришимиз керак. Тайёр ғалабани қўлдан чиқариш аламли. Лекин ҳисоб тенглашгач ҳам жамоамиз футбол ўйнади ва олдинга ўтди.

- Бир нарсани тушунмайман, нега ҳакам ҳуштагидан кейин тўпни тепиб юборган футболчига сариқ карточка кўрсатилса мухлислар уни сўкишади? Нега? Футболчи ҳакам ҳуштагидан кейин тўпни тепиб юбориши мумкинми? Футбол мактабидаги ёш ўқувчи ҳам ҳуштакдан кейин тўпни тепиб юбориш мумкинмаслиги ва шундай ҳолат рўй берса, унда бу сариқ карточка эканлигини билади. Мухлислар нега шу пайт ҳакамларни ҳақорат қилишади? Тўпни ён чизиқдан ўйинга киритсак кимдир хато қилади. Аутдан оффсайд. Лекин биз бундай хатолар пайти ҳакамни жўр бўлиб ҳақорат қилмаяпмиз-ку. Ҳамма адашади, хато қилади.

- Ҳисоб 2:2 бўлгач нега Аъзамовни чақирдим? Марко Симич қўлини кўтарди. Биз у ўйинни давом эттира олмаслигини айтяпти деб тушундик. Кейинчалик ҳаммаси жойидалигини билдирди. Шу боисдан бу ўзгаришни амалга оширишга ҳожат қолмади.

- Бикмаев? Ҳамма ишламоқда, ҳаракат қилмоқда. Тўғри, ҳужумчи гол уриши лозим. Мен ишонаманки, Марат ўз сонияларини топади ва голлар уради.

- Майдон майсаси тезкор футбол ўйнаш учун идеал ҳолатда. Бу нафақат бизга, балки рақибларга ҳам манзур келади деб ўйлайман. Бу айнан бизга керак бўлган даража ва сифат. Агарда жамоа сифатли футбол ўйнамоқчи бўлса, унда шундай майдонда тўп тепиш керак. Бизга меҳмон бўлиб келаётган жамоалар ҳам мазкур майдонда футбол ўйнаб роҳатланишмоқда деб ўйлайман. Буни эса кенгайтириш лозим. Мен ўз вақтида барча жойларда сифатли майдонлар бўлиши керак деганимда балки кулганлар бўлгандир, аммо жорий мавсумдан вазият яхшиланди.

Наманганда узоқ кутилган сифатли майдон пайдо бўлди, "Бунёдкор" ўзгартирди, Қўқонда ва бошқа жойларда бу борада аҳвол яхшиланди. Бошқача йўл билан футбол ўйнаб бўлмайди. Юқори даражадаги сифатли футболни айнан мана шундай майдонда ўйналади. Қолган даражадаги футбол эса асфальтда, кўчада ёки залда ўйналади. Биз Жаҳон чемпионати ва Олимпиадага йўлланма олишни истаймиз. Бунинг учун эса ишлар шундай рўсинда давом этмоғи лозим. "Пахтакор"га келаётган жамоалардан сўранглар, уларга бизни майдон ёқадими?

Агарда ёқмайдиган бўлса ва улар тезкор футбол ўйнашни исташмаса, унда бизга ёқадиган футбол ўйнашадиган чемпионатлар: Италия, Испания, Англия ёки Германияда нега бундай кичик деталларга жиддий эътибор қаратилиши ҳақида ўйлаб кўришсин. Фақат бугунги кун билан яшаб, маълум бир ўйинда дуранг ёки натижа кўрсатишни ўйлаш ярамайди.

- Масалан биз билан дуранг ўйнаб, буни ғалабадек нишонлаш аслида бизга берилган баҳо. "Навбаҳор" бугун характер кўрсатгани ва ўйинга қайтгани алоҳида эътирофга лойиқ. Улар бугунги дурангни ғалабадек нишонлашди. Биз эса шундай катта ташаббусга эгалик қилиб, якунда буни бой бердик. "Пахтакор" бугун 2 очко йўқотди, "Навбаҳор" эса 1 очко қўлга киритди. Чемпионат етакчиларидан бирига қарши ўйнадик. Бугунги ўйинда рақиб намойиш этган характер учун уларни тик туриб олқишласа арзийди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шота Арвеладзе: "Биз жуда эрта бўшашиб, ўйин тизгинини қўлдан чиқардик"