Энди Руис - шу кунларда бокс олами қаҳрамонига айланди.
Якшанба тонгида ушбу мексикалик семиз боксчи сенсацион равишда Энтони Жошуани нокаутга учратиб, тўртта вазн тоифасидаги янги чемпионга айланди. Балки, Руис оғир вазн тоифасида ўзгача тана тузилишига эга бўлган ягона боксчидир. Аммо, Эндининг фикрича ортиқча вазн унга ёрдам беради.
Жошуа устидан ғалаба - супероғир вазн тарихидаги энг кутилмаган натижа
Жанг олдидан Энди Руисга ишонганлар жуда камчиликни ташкил этарди. Аммо, сенсацияни олдиндан ҳис қилганлар ҳам йўқ эмасди. Экспертлар Жошуани фаворит ҳисоблаган бўлсаларда, бу борада эҳтиёткорлик билан фикр билдирардилар. Ҳатто Эдди Хирн ҳам ҳаяжонланди.
Руис жанг давомида чемпион учун максимал равишда муаммо яратишга ҳаракат қилди. Эндининг ғалабаси оғир вазн тоифаси тарихидаги энг катта сенсациялардан биридир. Ҳар ҳолда ушбу ғалабани кутилмаганлиги бўйича "ТОП 3"га киритсак бўлади.
Оғир вазн тоифаси тарихидаги энг кутилмаган натижалар:
1978 йил: Леон Спинкснинг Муҳаммад Али устидан ғалабаси
1990 йил: Бастер Дугласнинг Майк Тайсон устидан қозонган ғалабаси
2001 йил: Хасим Раҳман Леннокс Льюисни мағлуб этган
2019 йил: Энди Руис Энтони Жошуани мағлуб этди
12 ёшида ўзидан катталарни дўппослаган болакай
Эндининг болалигида отаси катта-Энди каби иккита севимли машғулоти бор эди - бокс ва бейсбол. Кичик Руис 6 ёшида бокс билан шуғулланишни бошлаган. Икки йилдан сўнг ота фарзанди айнан ушбу йўлдан кетиши лозимлигини тушуниб етган. У ўғлининг биринчи мураббийига айланди. "Унинг учта опа-синглиси бор. Болалигидан уларнинг ҳимоячиси бўлишини айтарди. "Ота, мен кучли бўламан ва яқинларимни ҳафа қилишларига хеч қачон йўл қўйиб бермайман. Мен чемпион бўламан", - деб эслайди катта Руис.
Ўша вақтда Эндига ортиқча вазн умуман таъсир қилмасди - у тезлик борасида нафақат тенгдошларини ортда қолдирарди...
Жошуага қарши жанг олдидан катта Руис бир воқеа ҳақида эслади: "Мен Эндининг салоҳиятини билардим. Чунки, у 12 ёшида 30 ёшли кишиларни дўппослаган. Полициячилар, қўшнилар Энди билан спарринг қилишни исташарди. Аммо, якунда улар рингда нима қилишни билмай қолардилар. Ўйлайманки, Жошуа билан ҳам шундай бўлади. У Эндига қарши нима қилишни билмай қолади. Сиз Эндининг тезлиги ва жигарга берадиган зарбаларини кўрганмисиз?". Гувоҳи бўлганимиздек, отада келажакни олдиндан кўра билиш қобилияти бор экан.
Руиснинг ҳаваскор боксдаги натижаси ҳам яхши - 100 тадан ортиқ ғалаба ва бор-йўғи 5 та мағлубият. У 18 ёшида икки маротаба Пекин Олимпиадаси лицензияси учун ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ, ҳар икки ҳолатда ҳам мағлубиятга учради. Яна тўрт йил кутишни истамаган Руис профессионал боксга қадам қўйди.
Ортиқча вазн ҳалал бермайди - у жаҳоннинг энг тезкор оғир вазнли боксчиларидан бири
Руис умуман чемпион боксчига ўхшамайди - у кўпроқ кунига 3-4 литр пиво билан кечгача тамаддихонада ўтирадиган кишига ўхшайди. У проф боксдаги дебют жангида 135 кг ва 188 см кўрсаткичга эга эди. "Ҳа мен бутун умрим давомида семиз бўлганман ва бу менга умуман ҳалал бермаган. Ўйлайманки, зарба вақтида бу менга янада тезкорлик бағишлайди. Оғир вазнда кўринишга эътибор қаратмаган маъқул. Бу борада техника энг муҳими", - деди Руис.
У хатто ортиқча вазн билан ҳам рақибларини қийинчиликсиз мағлуб этарди. 2014 йилга келибгина у диетолог билан ҳамкорлик қилишни бошлади. Жанглар олдидан 10-15 кг вазн ташлар ва янада тезкор спортчига айланарди. Масалан, у Жошуага қарши жанг олдидан 121 кг тош босди.
"Энди тезкор боксчи. Мен Муҳаммад Алидан сўнг оғир вазн тоифасида бундай боксчиларни кўрмагандим. Руиснинг қўллари жуда тез. У шунингдек ақл бовар қилмас комбинацияларни амалга оширади", - деганди унинг собиқ промоутери Боб Арум.
Руис ширинликларни яхши кўради. Жошуага қарши жанг олдидан ҳам матбуот анжуманига сникерс билан келди: "Йигитлар, менинг вазнимга ва ташқи кўринишимга эътибор берманг. Ҳа, мен бақалоқман. Аммо, Жошуа мендан эҳтиёт бўлиши лозим. Менда уникидек ташқи кўриниш, пресс, мушаклар йўқ. Аммо, менинг зарбаларимни кўрганлар жим бўлиб қолишади. Ҳа, мен сникерсни яхши кўраман, бу болаликдан қолган одат.
Мен қандайдир яхши иш қилсам, отам доимо менга сникерс сотиб олиб берардилар. Мен ҳалиям уларни яхши кўраман. Чўнтагимда доимо ушбу ширинлик туради. Кайфиятим тушган пайтда ҳам сникерсдек хеч нарса мени хурсанд қила олмайди. Улар билан шартномам борми? Йўқ, мен шунчаки уларни ейишни яхши кўраман".
Кўринишидан, сникерс ишлаб чиқарувчилари чемпионга шартнома таклиф қилишлари керак. Қизиғи, кечаги ғалабадан сўнг компаниянинг твиттердаги аккаунти боксчини табриклади.
Руис супероғир вазн тоифасидаги илк мексикалик чемпион
Руис Калифорнияда туғилган ва ўша ерда яшайди. Фуқаролиги ҳам америкалик. Аммо, у ўзини мексикалик деб ҳисоблайди. Жошуага қарши жангдан сўнг Энди отасининг ватани байроғини кўтарди. Яна нима керак: У тарихга кирди - бунгача хеч бир оғир вазнли мексикалик боксчи чемпионликни қўлга киритмаган. Крис Арреола уч марта, Эрик Молина икки маротаба бунга уриниб кўрган. Руис эса иккинчи уринишда тўртта камарни ўзиники қилиб олди.
Бундан ташқари, Лотин Америкасидан бўлган фақатгина бир боксчи оғир вазнда чемпионлик камарига эга чиққан - Пуэрто-Риколик Жон Руис WBA камари соҳибига айланган (Аммо у Николай Валуевга ютқазиб камарини бой берган. Валуевдан кейин эса Руслан Чагаевга мағлуб бўлган - olamsport). "Мен "Канело" каби бўлишни истайман", - деди Руис. "У билан бир неча маротаба учрашганман - у менга омад тилаган. Мен мексикалик жангчиман. Менда мексика қони оқади. Ҳозиргина тарихга кирдим ва ушбу онлардан завқ олмоқчиман".
Азиз Тўхтамуродов тайёрлади
Манба : olamsport.com “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?