Олдинга ўтиб бир нарсани айтиб ўтай бу мақолани ёзишдан кўра, ёзмасликка кўпроқ ҳаракат қилгандим. Тахминан бир йилча олдин шундай мақола ёзиш ғояси туғилган бўлсада, доим бу фикрдан қайтишга уринганман. Чунки барча ўйлаганларим хато бўлиб чиқишини истардим. Афсуски ҳар сафар аксинча бўлиб чиқаверди. Сўнггиси ўтган ҳафта охирида содир бўлди.
2016 йилги Рио олимпиадаси ўзбек бокси учун бутунлай янги даврни бошлаб берди десак янглишмаган бўламиз. Ўша август Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт тури қайси деган саволни ҳам ўртага чиқарганди. Боксга бўлган қизиқиш кескин равишда ошганди. Ўзбек боксчиларига бўлган эътибор ҳам худди шу даражада ўсганди. Айнан ўша паллаларда ўзбек профессионал боксида янги ном — Шоҳжаҳон Эргашев пайдо бўлди.
Аввалига «17 ёшли нокаутчи» номи билан интернетда донг таратган бу боксчи кўпчиликнинг оғзига тушди. Ўшандан кейин бу спортчи ҳақида маълумот тўплаш ниятида интернет орқали қидирувлар бердим. Боксчиларнинг статистикалари, барча натижалари ҳақида тўлиқ маълумотни топиш мумкин бўлган Boxrec портали орқали унинг ёши (ўша вақтда Эргашев 25 ёшда эди) каттароқ экани, Россияда жангларда иштирок этишини аниқладим. Бу орада ўзбек спорт нашрлари у ҳақида бот-бот ёза бошлаганди.
Ўшанда эътибор қаратганим, негадир Шоҳжаҳоннинг ўзига таяниб матбуотда унинг жанглари сони биттага кўпайтириб берилар, аммо Boxrecʼда бу кўрсаткич битта кам чиқарди. Агар ростан қизиқсангиз, эски архивдаги хабарларини бир излаб кўринг: масалан Шоҳжаҳоннинг нисбатан жиддийроқ илк жанги - Сонни Фредриксонга (21-1, 14 КО) қарши жанг унинг фаолиятидаги 11-жанги бўлган. Лекин деярли ҳамма хабарларда бу 12-жанг сифатида кўрсатилганди.
Кейинги ҳам худди шундай саноқда давом этган. Фақат Майкал Фоксга қарши жанггача. Иши фақат ғалабани ёзиш, бевосита алоқадор бўлмаса ҳам профессионал боксдаги ғалабаларни (албатта мағлубият ёзилмайди) доим ёритиб борадиган Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтидаги Шоҳжаҳон ҳақидаги хабарларни ўқиб кўринг. Ҳаммасида шунақа - албатта битта жанг кўпайтириб кўрсатиб келинган. Юқорида айтганимдек, Фокс билан жангдан кейин негадир ҳисоб-китоблар тўғри бўлиб қолди.
Қисқаси мана шу ҳолат бошида менга бироз ғалати кўринганди. Техник хатодир, алдашмаётгандир деб кўпам эътибор бермадим. Аммо Шоҳжаҳоннинг кейинги фаолияти ҳақидаги хабарлар борган сари ғалатилашиб бораверди. Эҳҳе, у ҳақда қандай хабарлар чиқмади дейсиз, унинг қўли синсаям, рингга чиққани ҳақида ёзишди, Москвадаги жанглари асосий спорт канали «Матч ТВ», «Бокс Тв» каналлари орқали намойиш этилишини ёзишди. Синган қўли ҳақида аниқ маълумотга эга бўла олмадикку, лекин «Матч ТВ» ҳақидаги гаплари доим хато бўлиб чиқаверди. Бунга оддий мисол - Жума Васвага қарши жанги. Ўша вақтлардаги афишаларни бир қидириб кўринг...
Албатта, булар бир қарашда жуда майда мавзулар. Аммо юқорида айтганимдек, барчаси фақат шулар билан тугаганида бу мақола ҳеч қачон ҳаёт юзини кўрмаган бўларди. Сўнгги ойларда яна ёлғонлар авж олди. Тушунарли, ҳар бир спортчи учун «пиар» керак. Улар ўзларини реклама қилиши, кенг оммага ёйишга уриниши нормал ҳолат. Хориж тажрибасида ҳам бу анъанавий ҳолатга айланган.
Спорт бу бизнес. Истаймизми йўқми бунда пулнинг роли жуда катта. Биринчи ўринда ҳам деса бўлади. Шоҳжаҳон ва унинг промоутерлари шу маънода реклама учун ҳаракат қилган бўлишлари мумкин. Аммо реклама фақат ёлғондан иборат бўлиб қолсачи? Афсуски, охирги вақтларда Шоҳжаҳон ҳақидаги хабарларнинг барчаси охир-оқибатда ёлғон бўлиб чиқаверди, чиқаверди...
Келинг уларни бирма-бир санашни бошлаймиз.
2018 йилнинг охирларидан бошлаймиз. Шоҳжаҳон навбатдаги жангларини ўтказганидан кейин Ўзбекистонга қайтди ва доимгидек бир қатор нашрларга интервью берди. Олдин ҳам доимий равишда тез орада «жаҳон чемпионлиги камарини тез орада Ўзбекистонга олиб келаман» (биринчи марта бу интервью берганига ҳам адашмасам, йил бўлди. Лекин ўша «тез орада» ҳалигача келмаяпти) дейишни канда қилмайдиган Шоҳжаҳон бу сафар IBF International чемпионлик камари учун рингга чиқишини айтди.
YouTube тармоғидаги асосан шоу-бизнес вакиллари билан суҳбатлашадиган блогер билан суҳбатини кўринг, ТВга берган интервьюларини кўринг, ҳаммасида бу ҳақда айтган. Аммо ундан кейин у иккита жанг ўтказди ҳамки, камар учун жанг қилмади. Спортчининг ўзи оғзи билан айтгани учун деярли барча нашрлар бу ҳақда ёзганди. Аммо бу хабар ҳам ёлғон бўлиб чиқди.
Умуман олганда, Шоҳжаҳоннинг биринчи чемпионлик камари ҳақидаги хабар 2017 йилнинг ёзида чиққанди. Ўшандаёқ сайтлар унинг Россияда чемпионлик камари учун жанг қилиши ҳақида ёзганди, аммо якунда у фаолиятидаги 6та жангнинг 5тасида ютқазган, Шоҳжаҳондан кейин умуман рингга қайтиб чиқмаган тожикистонлик бир боксчи билан жанг қилганди.
Кейинги хабар унинг Майкал Фоксга қарши жангидан сўнг чиқди. Аэропортда кутиб олинган Эргашев ТВ қаршисида ҳали эълон қилинмаган WBA рейтингида биринчи ўринга чиққанини, апрель ойида WBA жаҳон чемпионлик камари вакант бўлиши ва у чемпионликка биринчи рақамли даъвогар сифатида рингга чиқишини эълон қилиб юборди. Бунга оддий мухлис ишониши ва хурсанд бўлиши мумкин, аммо боксни чуқурроқ тушунадиган мухлис бунга ишонмагани аниқ.
Тушунтираман. Шоҳжаҳон рингга чиқаётган супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасининг WBA чемпионлик камари ўша вақтларда беларуслик Кирилл Релихга тегишли эди. У проф-боксдаги янгича форматдаги турнир Бутунжаҳон бокс супер сериялари (WBSS) мусобақасида иштирок этаётган чорак финалдаги ғалабаси эвазига энди ярим финалда АҚШ вакили Режис Прогрега қарши жангга чиқиши керак эди.
Жанг ғолиби эса финалда энг яқини билан сентябрда (ҳозирги вақтда финал сентябрдан ҳам кечикиши кутилмоқда) IBF чемпионлик камарини бирлаштирувчи жангда иштирок этиши лозим эди. Тушуняпсизми, бир сўз билан айтганда, Шоҳжаҳон рейтингларда бўлган иккала йўналишда ҳам чемпионлик учун жанглар камида 2019 йил якунига қадар банд. Аммо Шоҳжаҳон, билмадим, балки промоутерларига ишонибми, ёки ўзи шунчакими, апрелда чемпионлик учун жанг қилишини айтиб юборди ва кутилганидек апрелда ҳеч қандай жанг бўлмади.
Орадан кўп ўтмади. 1 март куни WBA янгиланган рейтинги эълон қилинди ва унда Шоҳжаҳон рейтингда бор-йўғи бир поғона кўтарилиб 4-ўринга жойлашгани маълум бўлди. Аммо шунда ҳам у турли тадбирларда машҳур шарҳловчилар номидан биринчи рақамли сифатида эълон қилинаверди. Кейинроқ ўша хабарларни ўзлари кўришгандир, жим бўлиб кетишди. 2018 йилда WBA International камари қўлга киритилганидан кейин у камарни бирор марта ҳимоя қилмаган ва камар ундан олиб қўйилганди. Фақатгина матбуот буни анча вақт ўтиб ёзганидан кейин унинг таништирувларида бу унвон қўшилмайдиган бўлганди.
Кейинги хабар Эргашевнинг машҳур промоутер Фредди Роуч билан ишлаши ҳақида бўлди. Афсонавий Менни Пакьяонинг собиқ устози Шоҳжаҳонни чемпионлик жангига тайёрлаши ҳақида ҳамма сайтлар ёзди. Кўпа ўтмай Шоҳжаҳоннинг ўзига бу борада савол беришганида у ҳали биринчи хабар совимай иккинчи хабарни берди: «Менга Роуч варианти ёқмаяпти, бу промоутерларимнинг танлови, мен Геннадий Головкиннинг устози Абель Санчес билан ишламоқчиман».
Афсуски бу икки гап айтилганидан буён уч ой ўтар-ўтмас, бу ҳам ёлғон маълумот бўлиб чиқди. Шоҳжаҳон Абель Санчес тугул, ўзи хушламай турган Фредди Роуч билан ҳам ишламади. Ҳаттоки Америкага ҳам бормади. Мазкур мақола ёзилаётган вақтда интернетдан у Абель Санчес билан ишламоқчи экани ҳақида хабарни қидирдим. Ишонасизми, 2017 йилнинг ёзидаги хабар чиқиб қолди.
Ўшанда Эргашев АҚШга биринчи марта кетаётгани ва у ерда Абель Санчес унга устозлик қилишини айтган ва буни сайтлар хабар сифатида ёзган экан... Ўша вақтларда бир неча енгилмас боксчиларга қарши рингга чиқиш ҳақида ҳам хабарлар берилган, лекин ўша жангларнинг бирортаси ҳам ўтказилмаган.
Энг сўнггиси ўтган ҳафтада маълум бўлди. Аввалига Шоҳжаҳон ўзи Россияда вақти ҳамкорлик қилаётган YouTube тармоғидаги оммабоп каналлардан бирида пуэрто-рикалик енгилмас Даниэлито Зоррильяга қарши рингга чиқиши ҳақида хабар тарқатди. Хабарларда пуэрто-рикалик боксчи Москвага келиши эълон қилинди ва энг қиммат 50 доллардан бўлган чипталарни сотишди. Аммо жангга бир кун қолганида гўёки «Зоррильянинг тоби қочиб қолгани» айтилиб, у келолмаслигини билдиришди.
Албатта проф-боксда жангларнинг бекор бўлиш ҳолати тез-тез учраб туради. Бунга ажабланмаслик мумкиндир, аммо синчков мухлис интернет ривожланган замонда ҳамма нарсани билиб олиши мумкин. Зоррильянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини кузатсангиз, ундан бир ёки икки ҳафта олдин ҳам ҳаттоки Москвага келиш режаси ҳам бўлмаганини пайқаш мумкин. У постларининг бирида 15 июнь куни Америкада рингга чиқишига ҳам ишора қилиб кетган.
Лекин Шоҳжаҳон уни бир кун қолганида бетоб бўлиб қолгани учун келмаганини айтяпти. Эргашев шу куни фамилияси ҳазилларга сабаб бўлган навбатдаги «ўткинчи» рақибга қарши 6 раундлик жанг ўтказди. Лекин бу жанг биз юқорида эслаган энг асосий бокс портали Boxrec натижалар бўлимидан ўчириб ташланган. Яъни жанг расмий мақомда эмаслиги қайд этилган.
Бир нарсани яхши тушунаман. Спортда бирор натижага, бирор мавқега эришишнинг ўзи бўлмайди. Ноҳақликлар, яна бошқа қатор сабаблар туфайли кўплаб иқтидорлар ўзини кўрсата олмасдан, фаолиятини тугатиб, тирикчилик учун бошқа касбларга ўзини уришга мажбур бўлишади. Шоҳжаҳон ҳам кўп бора айтганидек ҳаваскор боксда ноҳақликларга учрагандир. Бунисини яхши билмайман очиғи. Шундай ҳолатида у проф-боксга ўтиб, бугун Ўзбекистонга етарлича мухлисга эга боксчига айлана олди. Ном чиқарди.
«Қўлингдан келса, сен ҳам шу даражага чиқ» дейишни яхши кўрадиганлар кўп, буни биламиз. Лекин бир нарсани унутмаслик лозимки, ҳамма ўз ишида «қўлидан келганини қилади». Мен Шоҳжаҳоннинг қандай боксчи экани ҳақида гапирмаяпман. Унинг иқтидорига шубҳа йўқ. Юқорида кўтарилган мавзу, унинг атрофида, рингдан ташқаридаги ғалати, айтиш мумкин бўлса исботланмаган баёнотлари ҳақида эди.
Шоҳжаҳоннинг келгусида ростдан ҳам жаҳон чемпионлик камари учун чиқишини мен ҳам сиздан, ҳар бир мухлисдан кўпроқ истайман, хоҳлайман. Чунки бу ўзбек спортининг ютуғи бўлади. Ўзбек спортининг бундай даражадаги ютуғидан фахрланиш керак, албатта. Аммо буни барчасини майдонда, рингда кўрсатиб исботлаш чиройлироқ бўларди. Мухлисларни, оммани алдаб эмас. Бугунги мухлисни алдаб бўлмайди.
Юқорида аввалига бу мақолани ёзишни истамаганимни айтдим. Умид қиламанки, нега барибир ёзишга қарор қилганимни тушунгандирсиз. Фақат биргина спортчи қисқа фаолиятини бутун бошли танқидий мақола қилиб ёзиш ҳам тўғри эмас, деганлар топилиши мумкин эди. Аммо бу гаплар тўхтамагач, давом этгач ёзмасам бўлмаслигини тушуниб етдим. Мақола орқали кимнидир ёмон кўрсатиш ниятим йўқ. Шунчаки мавжуд аниқ фактлар ва унинг оқибатларини санашга ҳаракат қилдим. Бор гап шу.
Тилагимиз, Шоҳжаҳон ниҳоят чемпионлик учун жанг қилсин, ғалаба қозонсин. Лекин бунинг учун ёлғон хабарлар билан мухлисни алдаш шарт эмас. Бугун чемпионлик учун курашиш имконияти йўқ бўлса, рейтинг жангларини давом эттираверсин, вақти келганда, имконият бўлганда чиқсин ва ўшанда ҳаққоний ахборотларни тарқатсин. Ўшанда Шоҳжаҳон чемпионлик камарини қўлга киритса биринчи бўлиб ўзим уни табриклаб мақола ёзишга ваъда бераман. Ёлғонларни четга суриб, жиддийлашиш вақти аллақачон келган.
Азим Абдусаломов
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?