20:47 / 26.08.2019
1 671

Эктор Купер учун муҳим босқич...

Эктор Купер учун муҳим босқич...
Барчага маълумки, 5 сентябрь куни қитъамизда жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичи раунди старт олади. Шу муносабат билан ҳозирда барча терма жамоалар қизғин тайёргарлик жараёнига киришишган. Айтиш мумкинки, жаҳон чемпионати биз учун азалий орзуга айланган ва уни рўёбга чиқариш учун жиддий қадам ташланаётгани барчага маълум. Шундай экан, ушбу орзуимизни амалга ошириш учун таклиф қилинган Эктор Купер учун ҳам зиммасидаги асосий вазифани бажаришдек муҳим палла бошланмоқда. Чунки аргентиналик мутахассиснинг олдига асосан Ўзбекистонни 2022 йили Қатарда ўтадиган мундиалга олиб чиқиш вазифаси юклатилган. Шу сабабли Купер 5 сентябрь куни асосий мақсади йўлидаги илк қадамни қўяди. Шу куни вакилларимиз Ал Рам шаҳрида Фаластин терма жамоаси билан ўйнайди.

Бугун, эрта ва индинга Суперлиганинг 18-тур беллашувлари ўтказилади. Шундан кейин барча эътиборимиз ўз-ўзидан миллий терма жамоамизга қаратилиши шубҳасиз. Эртага эса Эктор Купер иштирокида жаҳон чемпионати саралаш баҳслари олдидан матбуот анжумани ташкил этилиши ҳақида хабарингиз бўлса керак. Ўтган ҳафтада эса бош мураббий Фаластинга қарши ўйин учун чақирилган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Эътибор берган бўлсангиз, мураббийнинг рўйхатидан 24 нафар ўйинчи ўрин олган.

Аввало дарвозабонлардан бошлайдиган бўлсак, Купер уч нафар посбон – Санжар Қувватов, Элдор Суюнов ҳамда Ботирали Эргашевни таклиф қилди. Эътиборлиси, «Пахтакор»нинг иккала дарвозабони ҳам Купернинг назарига тушган. Шу билан бирга «Динамо» дарвозабони Эргашевнинг ҳам йиғинга чақирилгани унинг учун ўзига хос мотивация бўлиши мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, бунгача терма жамоа йиғинларида мунтазам иштирок этиб келган «Локомотив» дарвозабони Жавоҳир Илёсов бу сафар таркибдан четда қолди. Бунинг сабаби эса бизга қоронғу. Купер эса посбонларни танлашда дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков билан маслаҳатлашиши ҳам табиий.

Мудофаа чизиғи учун эса 8 нафар ҳимоячилар жалб этилди. Бугунги кунда ўзидан яхши таассурот қолдираётган футболчилар – Егор Кримец, Фарруҳ Сайфиев, Ҳожиакбар Алижонов (учаласи – «Пахтакор»), Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Олег Зотеев ва Даврон Ҳошимов (барчаси – «Локомотив»), шунингдек, Японияда тўп сураётган Достон Турсунов ҳам яна Купернинг рўйхатидан жой олди. Ўйлаймизки, ҳимоя чизиғи масаласида ҳам бош мураббийда ортиқча муаммолар бўлмаса керак. Масалан, Кримец, Исмоилов, Тўхтахўжаев ва Турсунов марказий ҳимояда асосий устунларимиз бўла олишади. Қанотларда эса чиндан ҳам ҳозирги пайтда Зотеев, Ҳошимов, Алижонов ҳамда Сайфиев энг яхшилари десак муболаға қилмаган бўламиз. Шу боис бемалол айта оламизки, Купер бу позицияга ўзи истаган футболчиларни жалб эта олди.

Бизнинг энг кучли чизиғимиз ҳисобланган ярим ҳимояда доимгидек катта рақобат вужудга келган. Бундан ташқари, бошқа чизиқларга қараганда, айнан ярим ҳимояга кўпроқ номзодлар чақирилган. Яъни, 10 нафар футболчи кучли рақобатни ҳосил қилишган. Кутилганидек, Одил Аҳмедов ўз жамоасида фаол ўйинлари билан бизни хурсанд қилмоқда ва худди шу фикрни «Сеул» аъзоси Икром Алибоевга нисбатан ҳам айтишимиз мумкин.

Шу билан бирга Купер илк бор Малайзия чемпионатида тўп сураётган ҳамюртимиз Санжар Шоаҳмедовни ҳам синаб кўришга қарор қилди. Ёдингизда бўлса, яқинда Шоаҳмедов ҳақида мақола ёзгандик ва унда футболчи Эктор Купер Малайзия чемпионатини кузатиб боришига ишонаётгани ҳақида алоҳида гапирганди. Чиндан ҳам унинг бу фикрлари ҳақиқатга айланди ва аргентиналик мутахассис охирги пайтларда Малайзияда ўзини кўрсатиб, асосан чиройли голлар муаллифи бўлаётган Санжарни ҳам ўз кўзи билан кўриб, синовдан ўтказишга қарор қилди.

Ярим ҳимоя чизиғимиздаги қолган номзодлар эса асосан ўзимизнинг чемпионат иштирокчиларидир. Бу борада гап кетганда «Пахтакор»даги трио - Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов ва Жалолиддин Машарипов аллақачон бош мураббийнинг ишончини қозонишган ва улар мураббийнинг асосий режаларига кириши ҳам ойдек рашван. Шунингдек, жароҳатидан қутулиб яна аввалги формасига қайта олган «Насаф» вакили Азиз Ғаниев ҳам ўйинлари билан Купернинг эътиборини қозонаётгани кўриниб турибди.

Қолаверса, «Локомотив» вакили Остон Ўруновнинг ҳам таклиф этилиши кутилган ҳолат эди. Шу билан бирга охирги йиғинга жалб этилган Қувондиқ Рўзиев билан Достон Ибрагимовларда ҳам қандайдир хусусият борлигини Купер кўрган шекилли, уларни яна йиғинга жалб этишга қарор қилди. Чунки ушбу дебютант футболчилар ҳақида бош мураббий ижобий фикрлар билдиргани ёдимизда.

Ҳужумда эса сўзсиз Элдор Шомуродов асосий фигурага айланади. «Ростов»да ўзининг ёрқин мавсумини ўтказаётган ҳамюртимиз 5 та гол билан тўпурарлар орасида иккинчи ўринда ва у европалик скаутларнинг кузатувида эканлигини ҳам айтиш жоиз. Куперга эса бундай ўйинчи сув ва ҳаводек зарур. Шунингдек, «Пахтакор»даги кучли рақобатга қарамай, голлар уришни давом эттираётган Игорь Сергеев ҳам аста-секин Купернинг ишончига кириб бораётгани қувонарли. Кўплаб танқидлар остида қолиб кетган Сергеев руҳий қийинчиликларни енгиб ўтган ҳолда олдингидан-да кучли ҳужумчига айланиб бораётгани биз учун фақат плюс. Буни эса Купер ҳам яхши тушуниб турибди. Шунингдек, «Локомотив»даги Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳам бош мураббийнинг эътиборига тушгани кўриниб турибди.

Умуман олганда, энг кўп ўйинчи «Пахтакор»дан чақирилган. Бу борада гап кетганда, «Шерлар»нинг 9 нафар футболчиси терма жамоа таркибидан жой олган. «Локомотив»дан эса 6 та ўйинчи рўйхатга киритилган. «Динамо», «Насаф», «Қизилқум» ва «Қўқон-1912»дан эса биттадан вакиллар бор. Қолган беш нафарини эса легионерларимиз ташкил этади. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, бу ҳали бизнинг тўлиқ, оптимал таркибимиз эмас. Яхши билсангиз керак, БААнинг «Шаржа» клубида чемпионга айланган Отабек Шукуров жароҳатидан энди фориғ бўлди ва у ҳали терма жамоада ўйнашга тайёр эмас.

«Пахтакор» аъзоси Жавоҳир Сидиқов эса жароҳат олган. Яқинда «Қатар СК»га кўчиб ўтган Сардор Рашидовни бу сафар ҳам йиғинга чақиришни лозим топмади. Шунингдек, «Рубин» вакили Виталий Денисовни ҳам яна бир бор йиғинга таклиф қилиб, унинг имкониятларини кўриб олса яхши бўларди, деган фикрларни ҳам эшитяпмиз. Лекин кўриниб турибдики, ҳозирги пайтда Куперга ихтиёридаги мавжуд ўйинчиларнинг ҳаракатлари маъқул келмоқда. Шу сабабли, балки ҳозирча Денисовга эҳтиёж сезмаётгандир. Шу фикрни Жанубий Кореяда фаолият олиб бораётган ҳимоячимиз Рустам Ашурматовга нисбатан ҳам ишлатишимиз мумкиндир.

Бу ёқда эса биринчи рақамли дарвозабонимиз ҳисобланган Игнатий Нестеров аста-секин «Локомотив» машғулотларига қўшилмоқда ва унга ҳали ўзини тиклаб олиш учун вақт керак. Нима бўлган тақдирда ҳам бош мураббийнинг ишига аралашмаймиз, шундай экан, у таркибга кимни ва нима учун чақиришни фақат ўзи билади. Боиси натижага бош мураббий жавоб беради. Ҳозирча 24 нафар футболчини чақирди. Аммо 18 нафар ўйинчи якуний рўйхатга киритилишини инобатга олсак, демак таркибдан яна айрим футболчилар тушиб қолиши аниқ. Биз эса Фаластиндан ғалаба билан қайтишимиз шарт. Терма жамоамиз аъзолари эса ҳозир жуда муҳим палла бошланаётганини жуда яхши тушуниб туришибди деб ўйлаймиз. Демак, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер учун муҳим босқич...