14:57 / 05.09.2019
3 507

Президент: Терма жамоалардаги «таниш-билиш» ва талабга жавоб бермайдиган спорт мусобақалари ҳақида

Президент: Терма жамоалардаги «таниш-билиш» ва талабга жавоб бермайдиган спорт мусобақалари ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

«Келажакдаги Олимпиадалар ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўришда ҳозирги мавжуд камчиликларни такрорламаслик учун, авваламбор, спортчиларни саралаш (селекция), тайёрлаш ва мусобақаларда қатнашиш ишларини тизимли йўлга қўйиш зарур. Бунинг учун спорт турларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, спортчиларни саралаш методологиясини яратиш лозим. Акс ҳолда, терма жамоаларга спортчиларни жалб этиш тизими очиқ-ошкора бўлмай, яна ўша «таниш-билиш»дан нарига ўтмайди.

Шу ўринда яна бир масала – жойларда спорт мусобақаларини ташкил этиш умуман талабга жавоб бермайди. Мисол учун, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги 131 та шаҳар ва туманларда жорий йил учун белгиланган мусобақаларни молиялаштиришга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмаган. Шу билан бирга, республика миқёсида ўтказилган 230 та спорт мусобақаларининг 147 тасида Тошкент шаҳри, 164 тасида Фарғона вилояти, 113 тасида Наманган вилояти, 95 тасида Навоий вилояти жамоалари умуман иштирок этмаган.

Спортчилар мусобақаларда мунтазам қатнашмаса, ўз маҳоратини қандай оширади? Бу ўз навбатида миллий терма жамоа таркибига маҳоратли спортчиларни саралаб олишга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Вазирлар Маҳкамаси (Арипов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Набиев), Миллий олимпия қўмитаси (Шоабдурахмонов) бир ой муддатда ҳар бир олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни саралаш ва тайёрлаш методологиясини ишлаб чиқиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқласин. Бунда, ҳар бир ҳудуддаги мавжуд спорт муассасаларини хатловдан ўтказиб, спорт захирасини шакллантириш, селекция ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш тизимини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилсин.

Вазирлар Маҳкамаси (Арипов), Молия вазирлиги (Қўчқоров), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Набиев) 2020 йилдан бошлаб, туман (шаҳар) миқёсида спорт тадбирларини молиялаштиришнинг мутлақо янгича тизимини йўлга қўйсин», - деди давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Президент: Терма жамоалардаги «таниш-билиш» ва талабга жавоб бермайдиган спорт мусобақалари ҳақида