Денис Иванков: "Абрамов Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқа олади"

  • 04 октябрь 2019, 13:53
  • 1 236
  • Спорт
  • Денис Иванков: "Абрамов Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқа олади"
    Ўзбекистон миллий терма жамоасининг дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков Эктор Купернинг истеъфоси ҳамда Вадим Абрамовнинг тайинланувига муносабат билдирди. Шунингдек, дарвозабонлар хусусида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

    Маълум танаффусдан сўнг миллий терма жамоамизда яна ўзгаришлар кузатилди. Ҳамманинг хабари бор, эндиликда «Бунёдкор»га устозлик қилаётган Вадим Абрамов параллел равишда миллий терма жамоамизни ҳам бошқаради. Ундан олдин ишлаган Эктор Купер ва унинг мураббийлар штаби тўлалигича истеъфога чиқарилди. Фақатгина Денис Иванков бундан мустасно. Ўзимизнинг мутахассис Купернинг штабида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаб келаётганди. Айнан у терма жамоадаги фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Энди у Вадим Абрамовнинг штабида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлайди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Денис Александрович юртимизда кўзга кўринган мутахассислардан бири ҳисобланади. Айниқса, у ўз соҳаси бўйича ишининг устаси десак муболаға қилмаймиз. Кўпчилик айнан Иванковни юртимиздаги дарвозабонлар мураббийлари орасида энг яхшиси деб ҳисобалашади. Шунинг учун ҳам Денис Александрович терма жамоамизнинг янгиланган мураббийлар штабига киритилди. У яқинда Италияда хордиқ чиқариб қайтди. Биз эса Денис Александрович билан алоқага чиқдик. Боиси, Эктор Купернинг кетиши, Вадим Абрамов ҳамда дарвозабонлар ҳақидаги бир қатор саволларимизга жавоб олишни мақсад қилгандик. Таклифимизга ижобий розилик бергач, ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.

    - Денис Александрович, терма жамоамизда бош мураббий ҳам ўзгарди. Эктор Купер кетди ва ўрнига Вадим Абрамов тайинланди. Сиз ушбу ўзгариш ҳақида нима дея оласиз?
    - Нима ҳам дейишим мумкин? Уни терма жамоага устоз этиб тайинлашибдими, демак айни пайтда Абрамов Ўзбекистондаги энг яхши мутахассис ҳисобланади. Мен шундай ўйлайман.

    - Сизнингча, аргентиналик собиқ мураббийнинг тактикаси нима сабабдан бизга мос тушмади деб ўйлайсиз?
    - Эктор Купер ўйинни ҳимояга таянган ҳолда ташкил этишни маъқул кўради. Бизда эса ҳужумкор футболни томоша қилишга ўрганиб қолишган. Унинг истеъфосига айнан ҳимоявий футболга урғу бериш асосий сабаб бўлган, деб ўйлайман.

    - Сиз аргентиналик мутахассис билан бир йил давомида бирга ишладингиз. Хўш, у қандай инсон ва мураббий?
    - Ўта юқори даражадаги мураббий! Инсон сифатида ҳам Купер жуда самимий ва энг асосийси, адолатли! Айтишим мумкинки, бундай мутахассисга фақат ҳурмат билан муносабатда бўлишим мумкин.

    - Купер билан бирга терма жамоамизни унинг бутун мураббийлар штаби ҳам тарк этди. Аммо сиз қолдингиз. Айтинг-чи, улар истеъфога чиқишаётганида терма жамоадаги ўрнингиз учун қайғурдингизми?
    - Йўқ, қайғурмадим.

    - Вадим Абрамов терма жамоага жалб этилган ўйинчилар рўйхатини эълон қилганида унда бир қатор янги номларга ҳам гувоҳ бўлдик. Уларнинг орасида янги дарвозабонлар ҳам йўқ эмасди. Бу масалада бош мураббий сиз билан маслаҳатлашдими?
    - Нафақат Абрамов, балки штабидаги бошқа бирор-бир мураббий мен билан бу мавзуда маслаҳатлашгани йўқ.

    - Яъни, термамиз устози «Бунёдкор»дан дарвозабон Абдумавлон Абдужалиловни ҳам йиғинларга чорлади. Бу масалада юзасидан қандай фикр билдирган бўлардингиз?
    - Ҳаммаси мураббийнинг хоҳишига ва қарашига кўра амалга ошди. Ахир Абрамов нима қилиш кераклигини ўзи яхши билади.

    - Шундай дейсиз-ку, лекин терма жамоамизнинг дарвозабонлар устози сифатида сизнинг ҳам ўз қарашларингиз бор бўлса керак?
    - Ҳа, менинг рўйхатимда терма жамоамиз учун олти нафар дарвозабон бор.

    - Қизиқ, кимларни танлаганингиз масаласи билан ўртоқлаша оласизми? Рўйхатингиздан айнан қайси дарвозабонлар жой олишганди, ўзи?
    - Игнатий Нестеров, Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Ўткир Юсупов, Жавоҳир Илёсов ҳамда Ботирали Эргашев. Айнан ушбу дарвозабонларни рўйхатимга жойлагандим.

    - Нима деб ўйлайсиз, Игнатий Нестеровсиз терма жамоамизга қийин бўлмаяптими? Агар у дисквалификация қилинмаган тақдирда ҳозир ҳам термада ўйнаётган бўларди, шундай эмасми?
    - Албатта, гапларингиз ўринли. Дисквалификация қўлланилмаган тақдирда Нестеров ҳозир ҳам терма жамоа дарвозасини қўриқлаётган бўларди. Қолаверса, унинг охирги Осиё Кубогида қандай яхши ўйин кўрсатганига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз.

    - Айтинг-чи, Эктор Купер истеъфога чиқарилганидан сўнг у билан гаплашдингизми?
    - Бўлмасам-чи! Мен у билан Тошкентдан ватанига учиб кетиши олдидан гаплашдим.

    - Афтидан, у истеъфоси туфайли ўшанда жуда ёмон кайфиятда бўлган бўлса керак?
    - Ҳа, сиз мутлақо ҳақсиз.

    - Нима деб ўйлайсиз, Вадим Абрамов билан терма жамоамиз азалий орзуни амалга ошириши мумкинми?
    - Ўйлайманки, амалга ошира олади. Вадим Карленович жуда тажрибали мураббий. У ихтиёридаги жамоани муайян ўйинга қандай тайёрлаш кераклигини жуда яхши билади.

    Шуҳратбек Жўраев

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Денис Иванков: "Абрамов Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқа олади"