13:57 / 15.10.2019
2 707

Бугун футбол. Миллий жамоа Сингапурга қарши ўйинга тайёрми?

Бугун футбол. Миллий жамоа Сингапурга қарши ўйинга тайёрми?
Бугун, 15 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16:45да ЖЧ—2022 саралашининг иккинчи босқичи 3-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Сингапурга қарши ўйинда майдонга тушади. Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоа 14 октябрь куни кечқурун Сингапурга етиб келди. Бугунги ўйиндан сўнг Ўзбекистон биринчи турдаги мағлубиятга қарамай, гуруҳ етакчисига айланиши мумкин.

Хўш, Абрамов бошчилигидаги миллий жамоа бу ўйинга тайёрми?

Кеча Сингапурга етиб келган Ўзбекистон миллий жамоаси футболчилари яхши кайфиятда эканини айтиш мумкин. Футболчилар Сингапурга кеч етиб келишганига қарамай, Абрамов рақиб ўйини билан боғлиқ кўрсатмаларни кечанинг ўзида футболчиларга тушунтирди. Кечки овқатланишдан сўнг футболчиларга рақиб ўйинидаги камчиликлар ҳақида тайёрланган видео намойиш этилди. Темур Копадзе уларни футболчиларга тушунтириб берди.

Футболчилар ўйиндан икки соат олдин стадионга боришади ва у ерда қизиш машқлари ўтказилади. Футболчилар яхши кайфиятда эканини айтдик, аммо улар Яманни йирик ҳисобда мағлуб этишдаганидан ҳаволаниб кетмаганлари ҳам сезилди. Йигитлар хотиржам тарзда ўйинга шайланишмоқда. Бундан эса Абрамов йиғин доирасида футболчиларга Яман ва Сингапурни енгишни умумий вазифа қилиб қўйгани билинади. Яъни, бугун Сингапур мағлуб этилса, Абрамов ўзини биринчи синовдан муваффақиятли ўтди деб ҳисоблаши мумкин. Футболчилардаги хотиржамлик эса яхшилик аломати.

Абрамов рақиб футболчиларини яхши ўргангани сезилди. У рақиб футболчиларининг кучли жиҳатларини, асосий футболчиларнинг устунликларигача санаб берди. Айнан рақибни ўрганиш Абрамовнинг устун жиҳати эканини алоҳида таъкидлаш керак.

Катта акалар
Ўйинга тайёрланаётган миллий жамоа футболчиларининг шароитларидан миллий жамоанинг собиқ футболчилари Азиз Ҳайдаров ва Темур Копадзе хабардор бўлиб туришибди. Уларнинг борлиги жамоанинг ички муҳитига ҳам ижойиб таъсир қилганини айтиш мумкин.

Миллий жамоа билан Сингапурга фақат «Насаф» сардори Умар Эшмуродов келмаган. У клуб сафига қайтиб Суперлига ўйинларига тайёрланишга қарор қилган. Қолган барча футболчилар ўйинга шай. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Сингапурга қарши ўйинга тайёр.

Ўткир Жалолхонов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бугун футбол. Миллий жамоа Сингапурга қарши ўйинга тайёрми?