Англияда футбол кунлари узлуксиз давом этади. Ҳафта ўртасидаги «мидвик»дан кейин дам олиб улгурмаган футболчилар дам олиш кунлари яна майдонга тушишади. Бу ҳафта охирида Италияда ҳам кескин тўқнашувлар гувоҳи бўламиз. Tribuna.uz уик-энднинг энг асосий ўйинлари анонсини тақдим этади.
ИНТЕР – РОМА (7 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Ниҳоят турнир жадвалининг энг юқорисига қайтган «Интер»ни навбатдаги жиддий синов кутиб турибди. А Сериядаги сўнгги олти ўйиннинг бештасини ўз фойдасига ҳал қилган «Рома» аҳволини бироз ўнглаб олди ва учинчи ўринга жуда яқин келди. Қолаверса, бу икки рақибнинг сўнгги ўзаро ўйинлари ҳам жуда муросасиз кечган: охирги уч ўйинда уч дуранг қайд этилган. Қизиғи, ҳар учала ўйинда ҳам ҳисобни меҳмонда тўп сураётган жамоа очган, мезбонлар якунда ҳисобни тенглаштириб, мағлубиятдан қутулиб қолишган.
Учрашувга эътиборни оширган яна бир ҳолат, Италиянинг энг машҳур нашрларидан бири Corriere dello Sport нашрининг ушбу ўйинга бағишланган муқоваси бўлди. Газетада «Интер» ҳужумчиси Ромелу Лукаку ҳамда «Рома» ҳимоячиси Крис Смоллингнинг расмлари берилган ва «Қора жума» деб тагсўз ёзилган. Бу клублар, мухлислар ва жамоатчилик томонидан катта резонанс келтириб чиқарди. Нашрни расизмда айбламоқда.
Жамоалар таркибига назар ташлайдиган бўлсак, Алексис Санчес ва Николо Барелла «Интер» сафига қайтишига яна камида бир ой бор. Шунингдек, Стефано Сенси сонидан олган жароҳати туфайли майдонга туша олмайди. Меҳмонлардан эса, Жастин Клюверт ва Давиде Дзаппакоста тикланиб улгургани йўқ. Хавьер Пасторе лазаретни тарк этган бўлса-да, ҳали машғулотларга тўлиқ киришмади. Уни ҳам майдонда кутиш бефойда.
Ушбу ўйин кейинги ҳафтада, сешанба оқшомида «Барселона»га қарши кечадиган муҳим учрашув олдидан бўлиб ўтаётгани «Интер»нинг зарарига ишлаши мумкин. ЕЧЛнинг кейинги босқичига чиқиш учун миланликлар ғалаба қозонишлари шарт. Турли фронтларда курашиш, ротация қилиш ва кучларни тақсимлаш борасида муаммолар мавжудлигини эса «Интер» мураббийи ўша машҳур матбуот анжуманида айтиб ўтганди.
ЭВЕРТОН – ЧЕЛСИ (7 декабрь, 17:30)
Ливерпул дербисидаги мағлубиятдан сўнг «Эвертон» ҳам бош мураббийи Маркус Сильвани истеъфога чиқарди. Албатта, бу қарорга фақат «Ливерпуль»дан қабул қилинган мағлубият сабаб бўлмади. «Эвертон» АПЛда қаторасига уч ўйинда мағлуб бўлди, турнир жадвалида 18-ўринга тушиб кетди. Ёзда деярли топ-6 даражасида трансфер харажатлари қилган, таркибида «Арсенал», «Барселона» ва «МЮ» каби жамоаларнинг собиқ аъзолари тўпланган «Эвертон» бу даражада шўнғиши керак эмасди.
Жамоани вақтинча Дункан Фергюсон бошқариб туради. Шотландиялик мутахассис ўз вақтида «Эвертон» таркибида олти йил тўп сурган, 2014 йилдан эса, клуб тизимида мураббий сифатида фаолият олиб бораётанди. Бошқа тарафдан, вазият у қадар қўрқинчли эмас ҳам, аслида «Эвертон»ни турнир жадвалининг биринчи ярмидан, жумладан, ЕЧЛ ўринлари учун даъвогар бўлган «Арсенал», «Тоттенҳэм» каби жамоалардан атиги 5-6 очко ажратиб турибди. Яъни муваффақиятли ўтказиладиган 2-3 ўйин вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ёмон томони мана шу ўйинларнинг кимлар билан ўтказилиши – «Эвертон» кейинги 4 ўйинни «Челси», «Манчестер Юнайтед», «Лестер» ва «Арсенал»га қарши ўтказади.
«Челси» сафига кичик жароҳатлардан сўнг Абраҳам ҳам, Маунт ҳам қайтишди, қора палла тугаб, ниҳоят, уч ўйиндан иборат ғалабасиз серияга барҳам берилди. Кейинги ўйинлардаги ғалабалар «Челси»нинг кучли тўртликда мустаҳкамланишида ҳам, ЕЧЛда кейинги босқичга чиқишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. «Боксинг дэй» кунларидаги икки катта дерби («Арсенал» ва «Тоттенҳэм»га қарши) олдидан «Челси»нинг рақиблари у қадар қўрқинчли эмас - «Лилль» ва «Борнмут».
Ўзаро ўйинларга келсак, Ливерпулда ўтган охирги беш ўйиннинг учтасида мезбонларнинг қўли баланд келган. Ўтган йилги учрашув 2:0 ҳисобида «Эвертон» ғалабаси билан якунланган эди.
БОРУССИЯ М – БАВАРИЯ (7 декабрь, 19:30)
Турнир жадвали юқориси ҳақида гап кетганда, кучли бешликда Бундеслиганинг олдига тушадигани йўқ. Ҳали яққол фаворит аниқ эмас, 1-ўриндаги жамоа билан 7-ўриндаги «Ҳоффенҳайм»ни атиги 6 очко ажратиб турибди, холос. Бу масалан Англиядаги дастлабки икки ўринлар ўртасидаги масофадан ҳам қисқароқ. Агар жадвални «Бавария» бошқариб турганида, балки, мюнхенликларнинг ўз йўлида кетаётгани, рақобат эса, асосан кейинги ўринлар учун дейиш мумкин эди. Аммо ундай эмас, «Бавария»да 24 очко бор ва бу турдаги рақиби – «Боруссия»дан 4 очко ортда бормоқда.
Менхенгладбахликларга ростан ҳам қойил қолса арзийди. Сўнгги олти ўйиннинг бештасини ўз фойдасига ҳал қилган Марко Розе шогирдлари ўз олдиларига жиддий мақсадлар қўйишган. Жамоа ҳар икки фронтда – Бундеслигада ҳам, Европа Лигасида ҳам пешқадам бўлиб турибди. «Бавария» эса, мураббий алмашгач, қаторасига тўрт ўйинда ишончли ғалабага эришиб келаётганди. Лекин ўтган турда «Байер»га қарши уй ўйинидаги мағлубият вазиятни ҳам, босимни ҳам анча нозиклаштириб қўйди.
Жамоаларнинг ўзаро ўйинларига қарасак, охирги 20 ўйиннинг фақат 6тасида «Боруссия»нинг қўли баланд келган. Ўтган мавсумда «Боруссия Парк»да бўлиб ўтган ўйинда меҳмонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу жамоалар сўнгги турларни дурансиз ўтказишмоқда. «Боруссия» 8 ўйиндан бери, «Бавария» эса 9 ўйиндан бери дуранг қайд этмай келмоқда. Менхенгладбахликлар сўнгги 5 уй учрашувида мунтазам гол урган.
Таркиблар борасида мезбонлар учун яхши янгиликлар бор. Олдинги чизиқда самарали ҳаракат қилиши мумкин бўлган Хулио Вильялба, Кинан Беннеттс ҳамда Маттиас Гинтер жамоа билан шуғулланишни бошлади ва балки керак бўлганда, ушбу ўйинда ҳам майдонда пайдо бўлишлари мумкин. «Бавария» сафида худди шу гапни Хавьер Мартинесга нисбатан ишлатса бўлади. Люка Эрнандес келаси ҳафталарга жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлса керак.
МАНЧЕСТЕР СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (7 декабрь, 22:30)
Икки йил олдин 10 декабрда рақиблар «Олд Траффорд»да рўбару келганди. Ўшанда «Юнайтед» турнир жадвалида «Сити»ни таъқиб қилаётганди. Айнан шу ўйиндаги ғалаба Пеп Гвардиола шогирдларига очколар фарқини 11 очкога етказиш, чемпионлик йўлида янада дадилроқ давом этиш имконини берганди. Ҳозир вазият бошқачароқ – «Манчестер Сити» шунча фарқ билан «Ливерпуль»дан ортда бормоқда ва ҳар бир йўқотилган очко жамоани чемпионлик орзусидан узоқлаштиряпти.
«Юнайтед»нинг ўз муаммолари бор. Сульшер ҳали турнир жадвалига ҳам, кимдир билан очколар фарқига ҳам қарагани йўқ – ўйинни ташкил қилиш, жароҳатдан қайтаётганларни кутиш, ҳар томондан келаётган истеъфо босимларини енгиш билан овора. Лекин қайд этиш керакки, чоршанба куни «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда «Юнайтед» анча илиқ таассурот қолдирди. Ҳар қанча муаммолар бўлмасин, топ ўйинларга жамоа доим тайёр экани намойиш қилинди. Статистика ҳам бундан далолат бермоқда.
Ўтган йили «Олд Траффорд»даги дербида «Сити» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, шундан кейин «Манчестер Юнайтед» топ-ўйинларда мағлубиятга учрамаяпти – 3 ғалаба ва 3 дуранг. Айниқса, «Этиҳад»да кечадиган ўйинларда ҳам «МЮ» ишончли эканини таъкидлаш керак. Сўнгги тўрт учрашувдан фақат биттасида, ўтган мавсумда мезбонлар ғалабага эришди, холос. Икки ўйинда «Юнайтед» ғалабани илиб кетган бўлса, бир учрашувда ҳисоб очилмаганди.
Таркибларга қаралса, сўнгги йиллардаги дербилар бомбардири Серхио Агуэро бу учрашувда қатнаша олмайди. Ляпорт ва Саненинг қайтишига ҳали анча бор. Фақат Александр Зинченко ниҳоят машғулотларга қайтганини ижобий хабар сифатида таъкидлаш мумкин. Меҳмонлардан эса, Поль Погбанинг ҳолати ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. У гўёки машғулотларда қатнашмоқда, лекин Сульшер аниқ сана ҳақида фикр айтмаяпти. Бундан ташқари, «Астон Вилла»га қарши ўйиндаги кичик жароҳат туфайли Марсиял сўнгги ўйинни ўтказиб юборди. «Этиҳад»даги ўйинда ҳам у майдонга қайтмаслиги эҳтимоли катта. Эрик Байи, Фосу-Менса, Матич, Далот каби футболчиларнинг тикланиб улгурганликлари ҳақида хабарлар бор, уларнинг ҳар бири учрашув заявкасида пайдо бўлиб қолиши мумкин.
ЛАЦИО – ЮВЕНТУС (8 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Римга сафар олдидан «Ювентус»нинг кутилмаган очко йўқотиши ноўрин бўлди. Чунки бу ўйинда ҳам очко йўқотилиши хавфи бор, у ҳолда «Интер» фарқни янада кўпайтириши мумкин. «Лацио» – А Серияда кетма-кет олти ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган, сўнгги 9 учрашувда мағлубият нималигини билмай келаётган, лигада энг яхши тўплар нисбатига эга бўлган клуб. Жамоа етакчиси Чиро Иммобиле билан эса Европада ҳозирча фақат Роберт Левандовски тенг келяпти, холос. «Ювентус» учун оғир ўйинлар ўтган йили ҳам етарлича кузатилган, тўғри, лекин турнир жадвалидаги «Интер»нинг рақобати қўшимча босим юкламоқда. Бу ҳолат «Ювентус»га ҳар ўйинда ғалаба қозониш мажбуриятини юклаяпти. Бу эса, энг муҳим интригадир.
Лекин «Лацио» ўзаро ўйинларда туринликлар учун анча қулай рақиб. Сўнгги 26 ўйиннинг атиги 3тасида Рим жамоаси ғолиб чиққан. Уй ўйинларида эса, қаторасига 6 йилдан бери «Лацио» имкониятни бой бериб келяпти. Умуман, «Лацио»нинг Римда «Ювентус» устидан қозонган сўнгги ғалабаси салкам етти йил олдин, 2013 йилнинг январида қайд этилганди. Дарвоқе, бу жамоалар икки ҳафтадан сўнг Италия Суперкубоги учун баҳсда ҳам тўқнаш келади.
Умуман, «Ювентус» бу йили айнан топ-рақибларга қарши ўйинларни ишончли ўтказаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Йўқотилган очколар «Лечче», «Фиорентина» ва «Сассуоло» жамоаларига қарши ўйинларга тўғри келди. «Наполи» ҳам, «Интер» ҳам, «Милан» ҳам қийинчилик билан бўлса-да, мағлуб этилди.
Мезбонлардан фақат Рикардо Кишна ўйинда қатнаша олмайди. Туринликлардан Адриан Рабьо ва Жоржо Кьеллинининг қайтишига ҳали вақт бор. Дуглас Костанинг соғайиши шу кунларга кутилганди, аммо унинг ҳам шуғулланишни бошлагани ҳақида маълумот йўқ.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
7 декабрь. Борнмут – Ливерпуль (20:00), Тоттенхем – Бёрнли (20:00), Боруссия Д – Фортуна (19:30), Реал – Эспаньол (17:00), Монпелье – ПСЖ (21:30), Удинезе – Наполи (22:00), Барселона – Мальорка (8 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
8 декабрь. Астон Вилла – Лестер (19:00), Болонья – Милан (9 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
9 декабрь. Вест Ҳэм – Арсенал (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00). “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»