16:40 / 27.12.2019
2 556

Азамат Абдураимов: “Ёш футболчиларни чемпионлик характерида тарбиялашимиз лозим”

Азамат Абдураимов: “Ёш футболчиларни чемпионлик характерида тарбиялашимиз лозим”
Айни кунларда пойтахтимизда жойлашган “Чиғатой” майдонида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Осиё чемпионати финал босқичи кейинги йил Баҳрайнда бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада юқори ўринларни эгаллаш ва мундиал чиптасига эга чиқиш терма жамоани асосий мақсади ҳисобланади. Бу борада бош мураббийнинг фикрларини билиш мақсадида Азамат Абдураимов билан суҳбатлашдик.

- Дастлаб яқинда бошланган тайёргарлик ҳақида, ушбу йиғинни ташкил қилишдан мақсад нима эди?
- Осиё чемпионатига чиққандан кейинги, асосий жамоа учун илк йиғин ҳисобланади.Ушбу йиғин давомида 2 йил ичида қилган ишларимизни таҳлил қилишни мақсад қилганмиз. Биз минимал вазифани бажардик. Осиё чемпионати финал босқичига йўл олишга муваффақ бўлдик. Бу жуда муҳим эди, чуник икки йил олдин ўсмирлар терма жамоаси саралашда қолиб кетганди. Энди жамоамиз олдига янада юқори мақсадларни қўйганмиз. Жаҳон чемпионатига чиқишни, медалларни қўлга киритишни истаймиз. Албатта, осон бўлмаслигини биламиз.

Шунинг учун, келгуси йилги режаларни тўғри тайёрлашимиз ва болаларни жиддий муосабақага ҳар томонлама ҳозирлашимиз зарур. Бунинг учун футболчиларни чемпионлик характери остида тарбиялашимиз керак. Анънага кўра, декабрь ойининг сўнги кунларида Қозоғистонга сафар уюштирамиз. У ерда мамлакат академияси терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказамиз.

- Ҳали катта жамоада дебют қилмаган, етарлича тажрибага эга бўлмаган футболчиларнинг ҳаракатидан қай даражада қониқиш ҳосил қиляпсиз?
- Бизда дўстона жамоа шаклланган. Футболчиларда ҳарактер бор. Москвадаги халқаро турнирда иккинчи ўринни эгаллаганимиздан сўнг шогирдларимнинг ўз кучига, қобилятига бўлган ишонч янада ортди. Энди улар Европанинг энг яхши жамоаларини ҳам мағлуб эта олишимизни билишади, ҳис қилишади. Сўнги икки йил ичида йигитларнинг ўйин ва махорат жиҳатдан ўсганликларини кўрдим. 14-15 ёш ўтиш даври ҳисобланади, турли ҳолатлар бўлиши табиий. Аммо, терма жамоани ўзагини деярли аниқлаб олганмиз.

- Юртимиз иқтидорлар макони. Иқтидорли футболчилар бисёр. Фақат уларга эътибор қаратилиши лозим. Сиз айтган ёшдаги ўйинчилар минглаб, миллионлаб топилади. Шундай экан, селекция жараёни давом этяптими?
- Албатта. Селекция ишларини тўхтатганимиз йўқ. Ноябрь ва декабрь ойларида икки бор 2005 йилда туғилган футболчилар билан йиғин ташкил қилдик. Конституция кунига бағишлаб ўтказилган турнирда қатнашдик ва биринчи ўринни эгалладик. Бу терма жамоада асосий жамоага тортадиган ва рақобатлаша оладиган ўйинчилар бор. Умуман олганда менда улар ижобий таассурот қолдирди дея оламан.

- Тан оламиз, ўсмирлар терма жамоамиз халқаро турнирлар, мусобақаларда яхши натижалар қайд этмоқда. Бироқ, барча кўрдики жамоа саралаш баҳсларида анча қийналди. Кўпчиликда эътирозлар ҳам туғилди...
- Аввал ҳам айтганман. Икки йил олдин Осиё чемпионати финал босиқига чиқа олмагандик. Якунда учинчи саватчадан ўрин олдик. Саралаш ўйинлари шуни кўрсатдики, олдимизда турган вазифани бажариш биз учун қийин кечди. 15 ёшгача бўлган болалар учун руҳият масаласи биринчи ўринда туради. Уларда босим бор эди, боз устига халқаро тажриба ҳам етарлича эмасди. Ҳамма биздан ғалаба кутарди. Бундай босим билан майдонга чиқиш осон эмасди. Содда қилиб айтганда, натижа учун ўйнадик.

- Олдиндаги режалар ҳақида маълумот бера оласизми? Ўтган йил бошида терма жамоа деярли ҳеч қандай йиғин ташкил қилмаганди. Ёз ойи ўрталарига келибгина, 2019 йил ҳисобидан илк халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказилди...
- Кейинги йил ассоциация раҳбарлари тайёргарлик кўришимиз учун мутлақо бошқача ёндашув бўлишини, эътибор янада кучайтирилишини таъкидлашди. Бундан буён ҳар ойда йиғин ўтказамиз, ўртоқлик учрашувларида майдонга тушамиз. Январь ойида халқаро муосабақа доирасида Беларусь, Бельгия ва Финляндия билан ўйнаймиз. Агарда тайёргарликни маромида олиб борсак, Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнаша оламиз.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

Манба: ufa.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азамат Абдураимов: “Ёш футболчиларни чемпионлик характерида тарбиялашимиз лозим”