Дэниэл Роман жангга тайёрми? Унинг ҳолати қай даражада? Эксклюзив интервью

  • 23 январь 2020, 22:35
  • 759
  • Спорт
  • Дэниэл Роман жангга тайёрми? Унинг ҳолати қай даражада? Эксклюзив интервью
    30 январь куни АҚШнинг Флорида штатидаги Маями шаҳрида иккинчи супер енгил (55 кг) вазнда фаолиятини олиб бораётган ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев ўзининг 8-жангидаёқ WBA ва IBF чемпионлик камари учун Дэниэл Романга қарши рингга чиқади.

    Биз жанг олдидан Романнинг ҳолати ва жангга тайёргарлиги ҳақида қизиқиб, @Boxer_TV телеграм канали билан ҳамкорликда унинг менежери ва мураббийи Эдди Гонсалес билан интервью уюштирдик.

    - Дэниэлнинг ҳозирги ҳолати қай даражада? У жароҳатидан тўлалигича фориғ бўлдими? Умуман, у жанг олдидан ўзини қандай ҳис қилмоқда?
    - Дэннининг ҳолати аъло даражада. У асосий машғулотларни якунлади. Ҳозирда, у ўзини яхши ҳис қилмоқда ва жангга тайёр. У жароҳатдан тўлақонли фориғ бўлган ва айни дамда жанг учун ҳеч қандай нохуш ҳолатлар йўқ.

    - Жангга тайёргарлик ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз. Спаррингларда Муроднинг услубига яқин рақиблар топиш қийинчилик туғдирмадими?
    - Дэнни машғулотлари мукаммал даражада олиб борди ва юқорида таъкидлаганимдек ҳеч қандай муаммоларга дуч келинмади. Спаррингларга келадиган бўлсак, биз унга иложи борича Муроджоннинг услубига яқин рақиблар топиб беришга ҳаракат қилдик, аммо, барибир Мурод ўз ҳолатида ўзгача услубга ва даражага эга боксчи.

    - Шуни айтиш жоизки, Дэниэл кўп йиллик профессионал тажрибага эга. Муроджон эса ҳаваскор бокс тажрибасига ва кучли зарбага эга боксчи. Бу икки боксчилар ўртасидаги жанг натижасини қандай тахмин қилиш мумкин? Сизнингча, жанг эрта якунланадими ёки 12 раундлик жанг кўрамизми?
    - Дэнни профессионал тажрибага эга кучли боксчи. Албатта, инсонлар унинг ҳақиқий кучига ўзларида ҳис қилиб кўрмагунига қадар баҳо бера олишмайди. Муроджон ҳам кучли зарбага ва техникага эга боксчи. Қолаверса, унда яхшигина ҳаваскор бокс тажрибаси бор эканлигини яхши биламиз. Аммо кучли рақибга қарши у кучини жанг охирига қадар қандай тақсимлаши ва якунда нима бўлиши сўроқ остида. Жанг натижасини тахмин қилиш қийин. Биз 12 раундлик жангга тайёргарлик кўрдик. Бу борада бир нима дейиш қийин.

    - Дэниэлнинг олдинги рақиблари орасида услуб жиҳатдан Муроджонга ўхшаши бўлганми?
    - Бир хил услуб демаган бўлардим-у, лекин Дэниэл фаолияти давомида бир қанча (5) чапақай боксчилар билан жанг олиб борган ва улардан 3 таси нокаутга учраган. Дэниэл биринчи жаҳон чемпионлик титулини (WBA) Японияда чапақай Шун Кубодан тортиб олган. У яқиндагина бошқа бир чапақай боксчи Ти Же Доҳенийни мағлуб этиб 2 йўналиш (WBA, IBF) чемпионига айланган эди. Бу икки рақибда ҳам нокаутлар сони анчагинани ташкил қилар эди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкин-ки, у чапақай боксчиларга қарши яхши иммунитетга эга.

    - Биламизки, Муроджон Аҳмадалиев ва Дэниэл Роман жангги кечанинг асосий кардини бошлаб беради. Аммо бизнингча бу жанг кечанинг энг қизиқарли жанги бўлади. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
    - Бу борада сизнинг фикрингизга мутлақо қўшиламан. Ўйлайманки, Дэниэл Роман ва Муроджон Ахмадалиев жангги мухлисларнинг ёдида қолувчи энг қизиқарли ва эҳтимолий йил жангги бўлади. Ишонаманки, 2 буюк жангчилар ўзбек, Америка ва мексикалик ( П.С. Дэниэл Роман АҚШ номидан чиқувчи асл келиб чиқиши мексикалик боксчи ҳисобланади) бокс иҳлосмандлари ва жаҳон бокс оммаси учун ажойиб жанг намойиш этишади.

    Жалол Ахмедов суҳбатлашди.

    » » Дэниэл Роман жангга тайёрми? Унинг ҳолати қай даражада? Эксклюзив интервью