3 195
16,75 миллион евролик жамоа. Осиё сари юришини бошлаётган «Пахтакор» қай даража ўзгарди?
Янги ҳафтанинг дастлабки кунидан бошлаб Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг «Пахтакор» клуби учун янги мавсумга старт берилади. 2020 йилда халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Шота Арвеладзе бошқарувидаги жамоа Осиё чемпионлар лигаси дастлабки тури доирасида майдонга тушади. ОЧЛда ҳам жиддий натижаларни кўзлаётган «шерлар» янги мавсум олдидан мақсадга яраша кучая олишдими?
Ўтган мавсумда ички турнирларнинг учаласида ҳам учта кубокни боши узра кўтарган Арвеладзе шогирдлари Ўзбекистоннинг тенгсиз клубига айланишди. Драган Черан мавсум давомида чемпионатда 23та голга муаллифлик қилиб, якунда Суперлиганинг энг яхши футболчисига айланди, Жалолиддин Машарипов эса энг яхши ассистент бўлди. Жамоа таркибининг жуда кучли эканлигига қарамай, амалдаги чемпион ўз сафини янада кучайтиришга эришди.
Жамоани кимлар тарк этди ва бу кучсизланишми?
2019 йилги мавсум олдидан Шота Арвеладзе аксарият футболчилар билан хайрлашди. Аммо, бу билан жамоа таркиби кучсизланди, дея нолишга асос йўқ.
Айтайлик, грузиялик мураббий 2019 йилги мавсум олдидан «Пахтакор»нинг асосий тўпурари Тиаго Базеррани ўз сафида сақлаб қололмай, Қатар клубига қўйиб юборишга мажбур бўлганди, бу йил эса ўзига керак бўлмаган футболчилар билангина хайрлашди.
Жумладан, жамоанинг асосий таркибига ўрнаша олмаган ҳужумчи Марат Бикмаев билан шартнома узайтирилмади ва 34 ёшли форвард «Локомотив» сафига қайтди.
Шунингдек, жамоа сафида икки мавсумдан буён тўп суриб келаётган, аммо аксарият баҳсларда захирада қолган яна бир «фахрий» 34 ёшли черногориялик ҳимоячи Марко Симич билан ҳам ўзаро ҳамкорлик давом эттирилмади. Жамоадаги катта маош оладиган легионер ҳимоячининг клубни тарк этиши Тошкент клубига яхшигина маблағни тежаш имкониятини ҳам беради.
Яримҳимоячилар орасидан Ҳусниддин Ғофуров ҳам жамоа билан хайрлашди. Бироқ, захирадаги футболчи билан хайрлашувни ҳам кучсизланиш деб бўлмайди. Демакки, Арвеладзе бу сафар ўзи истаган футболчилар билан хайрлашган, дея хулоса қилсак бўлади.
Қандай трансферлар амалга оширилди?
Ёдингизда бўлса, «Пахтакор» 2019 йил бошида ўз сафига 8 нафар футболчи – Санжар Қувватов, Акром Комилов, Сардор Собирхўжаев, Достонбек Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Садриддин Абдуллаев, Марат Бикмаев, Жавоҳир Сиддиқовларни ўз сафига қўшиб олганди. Улардан фақатгина яримҳимоячилар - Ҳамдамов, Ҳамробеков ва Собирхўжаев асосий таркибга ўрнаша олди, дейиш мумкин.
2020 йилда эса Арвеладзе учун таркибни қайта тузиш ҳожати йўқ эди ва у буни яхши англаган ҳолда фақатгина чизиқлардаги рақобатни кучайтиришга эътибор қаратди, холос. Хусусан, ҳимоя чизиғидаги Ҳожиакбар Алижонов, Шерзод Аъзамов, Фаррух Сайфиев, Егор Кримец, Акрам Комилов, Владимир Козак, Алишер Салимов сингари футболчилар қаторига «Насаф» сардори Умар Эшмуродов ва «Локомотив» етакчиси Анзур Исмоилов ҳам қўшиб олинди. Бу марказий ҳимоячилар Симичнинг ўрнини билинтирмай, жамоанинг ҳимоя қўрғонида жиддий рақобат юзага келишини таъминлаши аниқ.
Шунингдек, яримҳимояга ўтган мавсумда «Сурхон» ва Ўзбекистон миллий жамоаси сафида майдонга тушган 21 ёшли Аброр Исмоилов таклиф этилди. Қолаверса, ижарада бўлган Асад Собиржонов («Бухоро»), Жасур Яхшибоев (ОКМК), Достон Иброҳимов («Қизилқум») каби яримҳимоячилар ҳам ҳозирча «Пахтакор» сафига қайтарилди.
Шов-шувли трансфер
Ҳеч шубҳасизки, «Пахтакор»нинг янги мавсум олдидан амалга оширган энг шов-шувли трансфери Эрин Дердийўқнинг Ўзбекистонга таклиф этилиши бўлди. Швейцария миллий жамоаси ҳамда Германиянинг «Байер» клуби сафида тўп суриб ном қозонган турк миллатига мансуб ҳужумкор яримҳимоячи «Пахтакор»га кўпроқ халқаро майдонда ёрдам бериш учун чақирилгани аниқ. Бунгача Туркиянинг «Галатасарой» ва «Гўзтепе» клубларида тўп сурган Дердийўқнинг йиллик маоши қарийб 2 миллион еврони ташкил этган. Бундай катта маошли легионерлар катта ўйинларда ўз сўзларини айтишлари талаб этилади.
Таркиб борасида умумий хулоса қиладиган бўлсак, Шота Арвеладзе ҳар бир чизиқда камида иккита тенгкучли рақобатчига эга бўлди.
Тайёргарлик қандай ўтди?
«Пахтакор» янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун дастлаб Тошкентда тўпланган бўлса, иккинчи босқич йиғини БААнинг Абу-Даби шаҳрида ўтказилди. 15-30 январь кунлари ўтган ўқув-машғулот йиғини доирасида Тошкент клуби учта беллашувда майдонга тушди. 20 январь куни Россиянинг «Ростов» клуби билан дуранг (1:1) ўйналган бўлса, 24 январда Словакиянинг «Жилина» жамоасига қарши ўйин ҳам муроса (0:0) билан тугади. Йиғиндаги сўнгги баҳсда эса 29 январь куни Жанубий Кореянинг «Сувон Самсунг» жамоаси мағлуб этилди (1:0).
16,75 миллион евролик жамоа
«Transfermarkt»га кўра, «Пахтакор»нинг бу йилги таркиби трансфер баҳоси 16,75 миллион еврони ташкил этади. Тошкент клуби бу борада ОЧЛ-2020 турниридаги энг қимматбаҳо жамоалар рейтингида гуруҳ босқичидаги 32 жамоа орасида 19-ўринни эгаллаб турибди.
Эрин Дердийўқ сингари машҳур футболчи келганига қарамай, Жалолиддин Машарипов «Пахтакор»нинг энг қимматбаҳо футболчисига айланган. Миллий жамоамизнинг 26 ёшли аъзосининг трансфер баҳоси 1,8 миллион еврони ташкил этади. Шунингдек, Игорь Сергеев (1,6 млн евро), Драган Черан (1,2 млн евро), Фаррух Сайфиев (900 минг евро), Достонбек Ҳамдамовлар (900 минг евро) кейинги ўринлардан жой олишган.
«Пахтакор»нинг бугунги рақиби - Азиз Ғаниев фаолият бошлаган БААнинг «Шабоб Ал-Аҳли» клуби эса ОЧЛнинг энг қимматбаҳо жамоалари орасида 14-ўринда турибди. Дубайликларнинг умумий трансфер баҳоси 18,3 миллион еврони ташкил этади.
Таркиб қандай кўриниш олади?
2020 йилги мавсум олдидан Арвеладзе ҳар бир чизиқда камида икки нафардан деярли тенгкучли рақобат пайдо қила олди. Шундай экан, мавсумдаги илк расмий ўйинда Шота Арвеладзенинг қандай таркибни танлаши барча учун қизиқ. Грузиялик мутахассис олдида ҳам ёқимли «бошоғриқ» пайдо бўлган бўлса, ажабмас.
«Пахтакор»нинг тахминий таркиби ва чизиқлардаги рақобат:
ОЧЛ. 1-тур. «В» гуруҳи
10 февраль (душанба)
«Пахтакор» - «Шабоб Ал-Аҳли» (БАА)
Бош ҳакам: Адҳам Муҳаммад (Иордания)
Cтадион: Тошкент, «Пахтакор»
Ўйин бошланиш вақти: 16:00
ТВ-трансляция: «Cпорт»
Усмон Ибодов
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи