19:36 / 11.03.2020
2 451

Кун ўйинлари: «Ливерпуль» «Энфилд»га ишонмоқда, «ПСЖ» Неймардан мўъжиза кутмоқда

Кун ўйинлари: «Ливерпуль» «Энфилд»га ишонмоқда, «ПСЖ» Неймардан мўъжиза кутмоқда
Фото: AFP
Бугун турнирнинг икки фаворити кейинги босқичга чиқиш учун анча тер тўкишига тўғри келади.

Мухлислар бор сўнгги ўйин
Катта эҳтимол билан «Ливерпуль» ва «Атлетико» Чемпионлар лигасининг бу босқичида трибунада мухлислар ўтирадиган сўнгги ўйин бўлиб қолади. Бу эса мезбон жамоа учун муҳим омилдир. Бу мавсумда «Энфилд» «қизиллар» учун ҳақиқий қалъага айланди. Премьер-лигада — 15 ўйинда 15 ғалаба, тўплар нисбати: 40-15, Чемпионлар лигасида — икки ғалаба ва «Наполи»га қарши ўйиндаги дуранг. Ҳавас қилгулик рақамлар.

Аммо «Энфилд» мухлисларсиз ўз сеҳрини йўқотади — ахир 50 минг киши You'll never walk alone қўшиғини куйлаб турмаса футболчиларда шижоат пайдо бўлармиди. Ҳозир шундай сеҳр «Ливерпуль»га жуда зарур, жамоа АПЛда февраль ойидаги кичик танаффусдан кейин жуда ёмон ўйин кўрсатмоқда. Мағлубиятлар серияси аутсайдер устидан ғалаба билан якунланди. Лекин шанба кунги «Борнмут»га қарши ўйин ( 2:1) хавотирларни аритгани йўқ.

Мухлислар кўмаги тўғрисида «Ливерпуль» устози Юрген Клопп ҳам айтиб ўтди.

«Атлетико» футболчиларининг кўпчилиги аввал «Энфилд»да тўп сурмаган ва биз бундан фойдаланишимиз керак. Трибуналардаги қўллаб-қувватлов — биз учун катта устунлик беради. Мен «Атлетико»га катта ҳурмат билдирган ҳолда бу фикримни айтмоқдаман. Улар чуқур ҳимояланишади ва ажойиб қарши ҳужумлар уюштиришади. Уларнинг ҳар бир футболчиси хавфли. Аммо исталган рақибни мағлуб этиш мумкин, биз бунинг йўлини топишимиз керак. Биз биринчи ўйиндан қандай сабоқ чиқарганимизни кўрсатиб беришимиз даркор», — деган Клопп.

Жамоа сардори Жордан Ҳендерсон ёрдамга етиб келди. У майдондалигида «Ливерпуль» яримҳимоясидан хотиржам бўлиш мумкин — бу мавсумда Ҳендо ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. «Борнмут»га қарши ўйинни ўтказиб юборган Энди Робертсон ҳам майдонга тушиши кутилмоқда.

Ягона муаммо — асосий дарвозабон Алиссоннинг йўқлигидир. Бразилиялик футболчи белини жароҳатлаб олган. Унинг ўрнига дарвозани қўриқлайдиган Адрианнинг бу мавсумдаги ҳаракатлари эса ишончли эмас — бир ҳафта муқаддам у Англия Кубогида «Челси»га қарши ўйинда ўзига келган тўпни ўтказиб юборган, ўйин охирида ҳам жарима майдони ташқарисидан йўлланган зарбага қарши ҳеч нарса қила олмаганди.

Аммо «Ливерпуль» фанатларини статистика хурсанд қилиши мумкин — «қизиллар» Чемпионлар лигаси плей-оффида биринчи ўйинни бой берган икки маҳал ҳам жавоб учрашувида керакли натижага эриша олишган.

Ливерпуль — Атлетико
12 мартга ўтар кечаси. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 00:01. (UzReport Live — 00.50).
Ҳакам: Маккели (Нидерландия)
Биринчи ўйин: 1:0

Париж ҳалокат ёқасида

«ПСЖ» ва «Боруссия» Д учрашуви эса COVID-19 туфайли бўш қоладиган «Парк де Пренс» стадионида ўтказилади. Парижликлар уй стадионида барибир «Энфилд»даги каби аура бўлмасди, аммо — умуман одам йўқ стадионда ўйнаш қийин. Қолаверса, статистика ҳам парижликлар фойдасига эмас — жамоа шу вақтгача ЕЧЛ плей-оффида биринчи ўйинни бой берганидан кейин ҳеч қачон кейинги босқичга ўта олмаган.

Агар бу сафар ҳам шундай бўлса, «ПСЖ» қаторасига тўртинчи йил турнирни 1/8 финалда тўхтатади, бу эса лойиҳанинг барбод бўлишига ҳам олиб келиши мумкин. Жамоа раҳбарларини ички майдонлардаги требл ҳам хурсанд қила олмайди — пойтах клуби кўп йиллардан буён Франция чемпионатида гегемон бўлиб келмоқда, жамоа бу мавсумда ҳам чемпионат турнир жадвалида ишонч билан етакчилик қилмоқда, шунингдек, Франция Кубоги ҳамда Лига Кубоги финалига чиққан. Лекин лойиҳа бу турнирларни ютиш учун тузилмаган, шу турнирлар учунгина Златан Ибраҳимович, Анхель Ди Мария, Неймар, Мбаппе ва бошқа юлдузлар олиб келинмаган.

Жамоа бош мураббийи Томас Тухелни Дортмунддаги ўйинда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнагани учун қаттиқ танқид қилишмоқда, қолаверса, у жамоа футболчилари билан муносабатини ёмонлаштириб олган, агар бугун керакли натижага эриша олмаса, у меҳнат бозорида иш қидиришга киришса ҳам бўлаверади.

Ўйинни дисквалификация туфайли парижликларнинг майдон марказидаги муҳим футболчиси Марко Верратти ўтказиб юборади, жамоа сардори Тиагу Силва эса майдонга оғриқ қолдирувчи укол қабул қилган ҳолда тушиши мумкин. Килиан Мбаппе эса томоқ оғриги туфайли жамоанинг сўнгги машғулотларида қатнага олмаганди. У 10 март куни коронавирусни аниқлаш бўйича тест топширди, унда вирус аниқланмади.

Фақатгина Неймарнинг сеҳрига умид қилиш қолади — бразилиялик футболчи Парижга бежиз келмаганини исботлаши керак. Тўғри, «Боруссия» ҳозир жуда юқори формада — барча турнирлар доирасида сўнгги беш ўйинда беш ғалаба. Қолаверса, «ПСЖ»дан фарқли равишда дортмундликларда босим йўқ.

ПСЖ — Боруссия Д
12 мартга ўтар кечаси. Париж. «Парк де Пренс» стадиони. 00:01
Ҳакам: Энтони Тэйлор (Англия)
Биринчи ўйин — 1:2.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кун ўйинлари: «Ливерпуль» «Энфилд»га ишонмоқда, «ПСЖ» Неймардан мўъжиза кутмоқда