2 886
Машарипов, Сергеев ва Кримецга қизиқишлар ҳақида «Пахтакор» спорт директори билан суҳбат
«Пахтакор» етакчиси Жалолиддин Машариповнинг турк клубига ўтиши ҳақида хабарлар тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида футболчининг ўзи билан суҳбат уюштиргандик. Мавзуни янада кенгроқ очиб бериш учун «Пахтакор» спорт директори Жаъфар Ирисметов билан боғландик.
– Жаъфар ака, яқинда Жалолиддин Машарипов билан суҳбатлашганимизда, «Пахтакор» уни қўйиб юборса, яхши бўлиши ҳақида гапирди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз, Машариповнинг трансфер нархи қанча?
– Тўғриси, Арвеладзе Машариповни ўзимизда олиб қолишни истаяпти. Биласиз, у жамоа етакчиларидан. Пандемия сабабли Осиё чемпионлар лигаси тақдири сўроқ остида қолган бўлса-да, бу мусобақадаги вазифамиз камида ярим финалгача бориш. Шу боис Жалолиддинни қўйиб юбориш ниятимиз йўқ эди.
Бу масалада Чемпионлар Лигасидаги вазиятга қараб иш тутмоқчи эдик. Яъни, ОЧЛ давом эттирилса, трансфер масаласи ҳақида ўйламаётгандик, мусобақа давом этмаслиги аниқ бўлса, бу ҳақда ўйласа бўларди. Чунки Машариповнинг ҳам кетадиган вақти бўлган. Футболчининг ўзи айтганидек, «Трабзонспор» ҳали реал сумма ҳақида гапиргани йўқ. Бошқа араб клубларидан таклиф бор, аммо ҳали клуб истаган маблағ таклиф қилингани йўқ. Машариповнинг трансфер масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда.
– Футболчининг ўзи билан гаплашиб кўрдингизми?
– Машариповнинг ўзи «Пахтакор»дан чиққанман, бу клуб учун жонимни бераман, деяпти. Биласиз, «Пахтакор» молиявий жиҳатдан араб давлатларининг бой клублари билан рақобатлаша олмайди. Мисол учун, улар таклиф қилаётган шароитларни биз футболчиларга яратиб бера олмаймиз. Шунга қарамай, Машарипов билан музокара олиб бориб, амалдаги шартномасини янгилашга ҳаракат қиляпмиз. Яъни, маошини ҳам кўтариб, уни олиб қолиш ҳаракатидамиз. Унинг амалдаги шартномаси яна бир йил амал қилади.
– Айтайлик, Жалолиддин кетаман деб туриб олса, охирги қарорни клуб қабул қиладими ёки футболчининг кўнглига қарайсизларми?
– Бу масалада биз футболчини, у эса клубни тушуниши лозим. Икки томон келишган ҳолда бир қарорга келамиз. Жалолиддин охирги икки йилда катта ўсишга эришди ва бунда клубнинг ҳам ҳиссаси бор. «Пахтакор» уни яхшигина реклама қилди. Энди олтин оралиқни топишимиз керак.
– Футболчининг ўзи Осиё эмас, Европага кетмоқчи эканлигини айтди. «Трабзонспор»нинг таклифи жиддий бўлса, клуб Машариповнинг ўрнига бошқа футболчи топиб, уни қўйиб юбориши яхши эмасми?
– Яхши, лекин «Трабзонспор»да Машариповнинг нуқтасида нигериялик футболчи яхши ўйин кўрсатмоқда. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Футболчимиз у ерда захирада қолиб кетиши ҳам мумкин. Бу миллий жамоага минус бўлиши мумкин. Балки улар бу трансферни захира варианти сифатида кўришаётгандир? Ҳар ҳолда исталган клуб бир чизиқда иккита яхши футболчиси бўлишини истайди. Агар Жалолиддин аниқ асосий таркибда ўйнайдиган бўлса, албатта Европага кетиш яхши вариант.
– Машарипов масаласида «Пахтакор»га келиб тушган аниқ таклиф борми, ҳеч бўлмаса нечта эканлигини айта оласизми?
– Бизга битта аниқ таклиф келиб тушган. Унда яхши таклифлар берилган, Машарипов ҳам бунга қизиқаяпти. Аммо расмий таклифдан ташқари шахсан ўзимга ҳам бошқа давлатлардан бир нечта оғзаки сўровлар бўлди. Мисол учун, Эроннинг «Персеполис» жамоаси. Қолган таклифларда эса клуб раҳбарлари эмас, асосан агентлар мен билан боғланган, бироқ аниқ суммалар ҳақида гаплашмаганмиз.
– Аниқ таклиф билан чиққан клубнинг номини айта оласизми?
– Буни мен айтмай қўя қолай. Аниғи шуки, бу БАА клуби. Қолаверса, Саудия Арабистонидан ҳам оғзаки таклиф бор. Машариповни биз ҳам шунчаки қўйиб юборгимиз йўқ, клуб даромад олиши керак. Дейлик, Жалолиддинни 1 миллион долларга нархладик. Ўша пулга биз кимни олиб кела оламиз? Яхши ўйинчи бу пулга келадими? Биз ўз футболчимизни яхшироқ нархда сотсак, ўша пулга бўшлиқни ёпишимиз керак бўлади.
Тўғри, бу нуқтада унинг ўрнига ўйнай оладиган Асадбек Собиржонов ҳам бор. Аммо Собиржонов ўйнаса, унинг ўрнига захирамиз йўқ. Айниқса Ўзбекистонда бундай қанот вингерлари жуда кам. Яхшибоев ҳам икки йил ўзимизда яхши ўрнаша олмади, аммо Беларусь чемпионатига кетиб очилиб кетди.
– Машариповдан ташқари «Пахтакор»нинг яна қайси футболчиларига таклифлар бўлди?
– Игорь Сергеев, Егор Кримецга таклиф тушди. Ўзи бу йил асосий вазифамиз легионерлар эмас, ўзимиздаги бор кучдан максимал фойдаланиш, ёшларни янги даражага кўтариш. Легионер деган Черан сингари юқори даражада бўлиши керак. Ҳозирда у Ўзбекистондаги энг яхши легионер. Бунақаси Ривалдодан кейин келмаганди. Машариповни ҳам қўйиб юборсак, унинг даражасидаги легионерни топиб олиб кела олмаймиз.
– Музокарага ўтирилса, клубда охирги сўзни ким айтади, клуб президентими?
– Охирги сўзни клуб президенти айтса-да, қарор қабул қилишда бош мураббийнинг ҳам роли катта бўлади. Клуб президенти Бобур Шодиев фақат айтилган футболчини олиб беради, сотмайди. Чунки жамоамиз кучайишини истайди. Биз Машариповни сотиб кучсизланиб қолишни истамаяпмиз. Ҳозирги ҳолатда таклиф қилинадиган трансфер пулининг қанча эканлигига ҳам кўп нарса боғлиқ. Катта маблағ таклиф қилингани учун ҳам «Барселона» Неймарни сотиб юборганди.
– Сўнгги савол: клубнинг ОЧЛдаги бош мақсади ярим финалми?
– Аввало гуруҳдан чиқишимиз керак, чунки охирги йилларда буни уддалаш ҳам клубларимиз учун қийинчилик туғдираётганди. Кейин эса юқори чўққиларни кўзласак бўлади.
Бобур Акмалов суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»