1 935
Агамуродов - «Қизилқум»нинг таклифи, «Динамо»ни нега тарк этгани, Суперлигадан тушиб кетиш сабаби ва нимадан афсусланиши ҳақида
Суперлига рестартига 9 кун қолган бир вақтда «Қизилқум» клуби янги бош мураббийни тайинлади. Бунгача Самарқанднинг «Динамо» клубида фаолият юритиб келган Тачмурод Агамуродов 4 июнь куни Ҳамиджон Актамов ўрнига «Қизилқум» бош мураббийига айланди. Туркманистонлик мутахассис янги иш жойи билан танишув ва биринчи машғулотидан кейин Навоий клуби бош мураббийи сифатидаги дастлабки интервьюсини Tribuna.uz сайтига берди.
- Тачмурод Шамакович, яқингача «Динамо» билан Про-лигага тайёргарлик кўраётган эдингиз, энди эса «Қизилқум» билан Суперлигада ишлайсиз. Ҳаммаси қандай рўй берди?
- «Динамо» билан мавсум олди тайёргарлик кўриб, Про-лигани бошлаш арафасида коронавирус пандемияси сабабли чемпионат ўйинлари тўлиқ тўхтаб қолди. Шунга қарамай, футболчилар билан доимий алоқада бўлиб машғулотларни якка тартибда давом эттираётгандик. Ҳар бир футболчи ва мураббийлар ўз ишимизга виждонан ёндашиб мавсумнинг бошланишига ҳозирлик кўраётгандик.
Орада воқеалар ривожи ўзгариб, менга «Қизилқум» клубидан таклиф тушди. «Динамо»нинг ҳозирги ҳолатини инобатга олган ҳолда Суперлига клубидан тушган таклифни қабул қилишга қарор қилдим.
- Таклиф тўсатдан бўлдими ёки аввалроқ чақирув олганмидингиз?
- Аслида менга Суперлига клубидан таклиф январь ойидаёқ тушганди. Аммо ўшанда «Динамо» клуби бош ҳомийси Шавкат Жалолов билан музокара ўтказиб, клубда қолишга розилик берганим боис, Суперлига клуби таклифини рад этгандим. Ўшанда клубни Про-лигадан Суперлигага қайтаришни режа қилгандим. Аммо орадан аллақачон ярим йил ўтиб кетганлигини, қуйи лига клублари тақдири қандай кечиши номаълумлиги боис тез орада бошланадиган Суперлигада ишлашга қарор қилдим.
- «Динамо» билан амалда шартномангиз бор эди. Клуб сизни муаммосиз қўйиб юбордими?
- Биласизми, клуб билан шартнома имзолашдан олдин менга жиддийроқ таклиф тушса, қўйиб юбориш ҳақида келишгандик. Бу борада шартномада ҳам банд бор эди. Шу боис менга тушган таклифни айтганимда, клуб вазиятимни тўғри тушунди. Биз дўстона хайрлашдик.
- Янги жамоа билан танишдингиз, дастлабки машғулотни ўтказдингиз. Илк таассуротлар қандай?
- Таассуротлар ижобий, албатта. Аммо узоқ давом этган карантиндан кейин футболчилар табиийки яхши спорт формасида эмас. Чемпионат ўйинигача қарийб 10 кун вақт бор, машғулотларга зўр берамиз. Жамоа ўйиндан-ўйинга ҳар томонлама яхши ҳолатга кириб бораверади. Бу борада ҳозир барча клублар бир хил аҳволда, нолишга ҳожат йўқ.
- Одатда, мураббийлар учун таркибда таниш футболчилар бўлса, янги жамоа билан танишув тезроқ кечади. «Қизилқум»да сизга бегона бўлмаган ўйинчилар борми?
- Таркибнинг тенг ярми мен учун таниш дея олмасам-да, жамоада мен аввал бирга ишлаган бир қатор футболчилар бор. Воҳид Шодиев, Алишер Саноевлар билан «Бухоро»да бирга ишлаганмиз, Салим Мустафоев, Қадамбой Нурметовлар билан аввалги йилларда «Динамо»да ишлаганман. Умид қиламанки бутун жамоа билан тез тил топишиб кетамиз.
- «Қизилқум»га сизни айнан ким таклиф қилди? Мураббийлар штабида кимлар сизга ёрдам беради?
- Клуб раҳбариятидан Ҳамид Актамов мени таклиф этди. Мураббийлар штабида кимлар ёрдам бериши ҳали номаълум. Тез орада маълум қилинади.
- Март ойида «Қизилқум» қароргоҳида бўлганимизда туркманистонлик уч нафар мураббийларнинг бош мураббий Ҳамиджон Актамовга ёрдам бераётганлигини кўргандик. Уларнинг жамоадаги тақдири қандай кечади?[/b]
- Бу мураббийлар анча аввал клубни тарк этишган. Аммо карантин сабабли Туркманистонга бора олмагани боис, Ўзбекистонда қолишган. Мен ҳали ёрдамчиликка ҳеч кимни чақирганим ҳам, кеткизганим ҳам йўқ.
[b]- Клуб раҳбарияти томонидан олдингизга қандай мақсад қўйилди?
- Ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда имконқадар юқори ўринлар учун курашамиз. Олтиликка киришга интиламиз, эриша олсак янада юқорироқ ҳаракат қиламиз.
- Ўтган йили фаолиятингизда илк марта қўл остингиздаги клубни Суперлигада олиб қололмадингиз. Ўйлаб, таҳлил қилишга улгургандирсиз, айтингчи, «Динамо»ни лигада олиб қолиш учун нима етишмади?
- Вақт. Жамоани анча кеч қабул қилгандим. Футболчиларга қарашларимни сингдиришга вақт камлик қилди. Биз чемпионатнинг фақат сўнгги уч турида яхши ўйин намойиш эта бошладик ва иккитасида ғалаба қозондик. Аммо «Бухоро» ва «Қизилқум» билан бир хил – 22 очкодан жамғарган бўлсак-да, ўзаро ўйинлардаги натижа туфайли қуйи лигага равона бўлгандик. Биз Қаршида «Насаф»ни мағлуб этиб, параллель ўйинда «Бухоро» сўнгги дақиқаларда пенальтидан гол уриб лигада қолганди.
Омадсизлик туфайли қуйи лигага биз тушгандик. Жуда аламли ва афсусланарли бўлган. Суҳбат сўнгида «Динамо» мухлисларига сабр тилаб қоламан. Бу жамоада фаолиятим давомида уч марта ишладим. Клуб бир умр қалбимда қолади. Шунга қарамай, ҳозирда жамоада яхши таркиб шаклланган. Клуб шу мавсумнинг ўзидаёқ Суперлигага чиқа олишига ишонаман ва бу борада «Динамо»га омад тилаб қоламан.
Усмон Ибодов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»