08:38 / 04.09.2020
1 005

Шомуродов, Жалолиддинов ва Ўруновга Европа эшиги очиладими?

Шомуродов, Жалолиддинов ва Ўруновга Европа эшиги очиладими?
Россия чемпионатига бу ёғи Япониядан тортиб, уёғи Бразилиягача бўлган мамлакатлардан ўзини истеъдодли ҳисоблаган легионерлар ташриф буюриши сир эмас. Хусусан, Ўзбекистоннинг кўплаб футболчилари учун Россия чемпионатидан қўним топиш ҳақиқий орзу ҳисобланади. Айрим ўйинчиларимиз кўрикдан нарига ўтолмай келиши ҳам яширадиган мавзу эмас.

Бугунги кунда Россия премьер-лигасида атиги уч ҳамюртимиз – Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов бор. Улардан фақат Шомуродов асосий таркибда ўз ўрнига эга. 18 яшар Жасур ва 19 ёшли Остонни Москва жамоалари асосан келажак учун олгани тайин. Миллий футбол лигасида Вагиз Галиулин “Нефтехимик” шарафини ҳимоя қилмоқда ва у юқори мақсадларга даъво қилолмайди. Виталий Денисовдек кўпни кўрган ҳимоячимиз ҳам премьер-лигадан иш топа олмади.

Бутун дунёдан Россия футболи эшигини тақиллатаётганларнинг аксарияти премьер-лигани Европанинг кучли чемпионатларига йўлланма тақдим этувчи трамплин вазифасини бажариб беришига чин дилдан ишонади.

Россия футболи таҳлилчилари эса, бу мамлакат чемпионатида суяги қотган ўйинчилар кучли жамоага ўтган тақдирда ҳам ўйнаб кетолмаслиги ҳақида турли маълумотларни тақдим этмоқда. Чунки рус футболи Европа футболидан кескин фарқ қилади. Бу ерда футболчиларни чалғитувчи омиллар кўп. “Кўҳна қитъа”даги клублар эса, ҳеч қайси ўйинчини, айниқса легионерни “эркалатиб” қўймайди.

Сўнгги ўн йилликда Россия футболи орқали Европага эшик очганлардан фақат уч нафари -Александр Зинченко, Куинси Промес ва Аксель Витсель муайян даражада мақсадига эришиб, катта жамоаларда ўйнаб кета олди.

Лекин истеъдод соҳиби ҳисобланиб, улкан умидлар билан Европанинг турли жамоаларига таклиф этилган ёки ўша имкониятдан ҳам қуруқ қолган Сейду Думбия, Кэйсуке Хонда, Квинси Овусу-Абейе, Аҳмад Муса, Саломон Рондон, Роберт Мак, Матье Вальбуэна, Ивица Олич, Анатолий Тимошчук, Мартин Шкртел, Бранислав Иванович, Жо, Неманья Видич, Фернандо Кавенаги, Маркос Рохо Майкон, Умар Ньясс, Кристофер Самба, Эмануэль Эменике, Халк каби яна бир қанча “юлдузлар”ни, айрим қисқа муддатли ёрқин лаҳзаларни ҳисобга олмаганда, бемалол Россия футболидан куйганлар қаторига қўшса бўлади.

Россия чемпионатига келган легионерларнинг трансфер суммаси ҳам мунтазам пастлаб кетаётгани кузатилмоқда. “Зенит”га 9 миллион евро эвазига кўчиб ўтган Эмилиано Ригонининг нархи туша-туша бугун 4,5 миллионни ташкил қилмоқда. Питерликлар Эмануэль Маммана учун 16 миллион евро тўлаган, ҳозир эса уни 4,5 миллионга ҳеч ким олмайди.

“Локомотив”да бир йил ижарада ўйнаган Жоау Мариунинг нархи 18 миллион евродан беш миллионга арзонлади. “Зенит”га 40 миллион еврога келган Малком шу йилнинг ўзида 10 миллион евро “ташлади”.

Албатта, Россияга келган легионерлар орасида нархи ошаётганлари ҳам бор. Россиялик мутахассислар бу борада Элдор Шомуродовнинг нархи 750 мингдан 6,5 миллион еврога кўтарилганини мисол қилмоқда. Шунингдек, Сардор Азмун (18 миллион евро), Никола Влашич (22 миллион) ва Матиас Норманн (7,5) каби футболчиларнинг трансфер нархи кўтарилмоқда. Лекин бу футболчиларнинг бирортаси Россияга юлдуз даражасида келмаган, балки шу ерга келиб, ном қозонган ва истеъдодини намоён этган футболчилардир.

Мустақиллик йилларида Россия чемпионатида ўнлаб футболчиларимиз тўп сурган. Лекин бу чемпионат улардан ҳеч бирига Европа футболига трамплин бўлиб хизмат қилганини билмаймиз. Европа бозорида россиялик футболчиларнинг ўзига ҳам талаб катта эмас. Андрей Аршавин каби кучли чемпионатга ўтганларининг аксарияти ўзини кўрсатолмай ортга қайтиб, аввалги даражасига ҳам чиқа олмаган.

Хўш, яхши ният билан Россияга кетган Элдор, Остон ва Жасурни нималар кутмоқда?

Элдор ўз ўйинлари билан Европанинг айрим клублари эътиборини қозонгани бор гап. Лекин аниқ таклифга келганда фақатгина “Гент” жамоасидан чорлов бўлди ва улар ҳали ҳам Элдорни олиш фикридан қайтгани йўқ. Балки, Элдор Россия чемпионатидан Европага йўл очиб, муваффақиятга эришган биринчи ўзбек футболчиси бўлар. Буёғини вақт кўрсатади.

Остонга эса Германиядан таклиф бўлгани ва “Герта” беш миллион евро бермоқчилиги шов-шув кўтарганди. Немисларнинг бу эътиборини Ўруновнинг ўйинидан кўра, уддабурон Шамиль Газизовнинг ажойиб рекламаси ва устамонлиги жалб қилганга ўхшайди.

Жасур эса ҳали нималарга қодирлигини қайта-қайта исботлаши керак. Бунинг учун эса, Россиянинг мураккаб чемпионатида ўзига муносиб ўрин топиши шарт ва бу осон бўлмаслиги аниқ.

Нима бўлганда ҳам, биз Россияд тўп сураётган футболчиларимизнинг йўли очилиб, ўзлари орзу қилган Европа миллий чемпионатларида улкан ютуқларга эришиши тарафдоримиз. Ахир қачондир, ўзбек мухлислари кўчасида ҳам байрам бўлиши керак-ку!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)