Бозорбой Миллий гвардия ходимлари унинг қўлини синдирганини айтди: ҳолат текширилмоқда (видео)

Тошкентдаги «Чорсу» бозорида қўшиқ куйлаши билан танилган кўча ижрочиси Бозорбой Миллий гвардия ходимлари уни олиб кетиш вақтида қўлини синдириб қўйганини иддао қилди. Ижтимоий тармоқларда унинг қўли махсус фиксаторга олинган ҳолда акс этган видеомурожаати тарқалди.
Бироқ ҳозирча жароҳат қачон ва қандай шароитда олингани, шунингдек, қўл сингани тиббий ташхис билан тасдиқлангани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни Миллий гвардия ходимлари Бозорбойни «Эски Жўва» бозори ҳудудидан ИИБга олиб борган эди. Идора маълумотига кўра, у бозорда тадбиркорлар, фуқаролар ва хорижлик сайёҳлардан пул сўраган, пул беришдан бош тортган айрим кишиларни эса ҳақоратлаб, безовта қилган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бозорбойнинг жароҳат ҳақидаги даъвоси юзасидан Миллий гвардия расмий текширув бошлагани, воқеага холис ҳуқуқий баҳо берилиб, натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилиниши маълум қилинди.






























Изоҳлар 0
…